Президент Мирзиёевнинг Қорақалпоғистонга ташрифи доирасида Республикани иқтисодий-ижтимоий ривожлантириш масалалари муҳокамаси бўйича йиғилиш ўтказилди.
Тадбир аввалида 6 та янги корхонани ишга тушириш маросими бўлди. Қайд этилишича, мазкур корхоналарда жами 1 минг 100 та доимий иш ўрни яратилади, улар орқали ишлаб чиқаришга 300 миллиард сўм, экспортга 20 миллион доллар қўшилади.
Президент рамзий тугмани босиб, ушбу янги корхоналарни ишга туширди.
“Сўнгги олти йилда ҳудудда 15 триллион сўм инвестиция ҳисобига 5 минг 300 дан зиёд лойиҳа амалга оширилган. Тадбиркорлар сони 2 баравар кўпайиб, 46 мингта доимий иш ўрни яратилган. Илгари саноати энг паст бўлган 6 та туманда ишлаб чиқариш 2-3 баравар ошиб, Қорақалпоғистондаги улуши 12 фоизга етган.
Умуман, бу даврда Қорақалпоғистонда саноат 1,3 баравар ўсиб, 61 турдаги янги маҳсулотлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилган. Айниқса, кимё, қурилиш материаллари, озиқ-овқат, текстиль ва тўқимачилик, фармацевтика саноати маҳсулотлари тайёрлаш 2 баравардан зиёд ўсган”, – дейлади давлат раҳбарининг Матбуот хизмати маълумотида.
Йиғилишда, шунингдек, 2022 йил 31 августдаги “Қорақалпоғистон Реcпубликасида тадбиркорлик, инновацион технологиялар ва инфратузилмаларни жадал суръатларда ривожлантириш орқали аҳоли фаровонлигини оширишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармон ва катта дастур асосида ҳудудга 2023 йилнинг ўзида 670 миллиард сўм ва 340 миллион доллар маблағ ажратилгани таъкидланди.
Бундан ташқари, фойда, айланмадан солиқ, ер ва мол-мулк солиқлари 2 баравар пасайтирилди, ижтимоий солиқ 1 фоиз қилиб белгиланди. Бу орқали Қорақалпоғистоннинг барча тадбиркорлари ихтиёрида йилига 500 миллиард сўм қолаяпти.
Фақат ушбу ҳудуд тадбиркорларига тижорат кредитларининг 75 фоизига Тадбиркорлик жамғармаси кафиллиги берилиши белгиланди. Бундай имкониятлар соҳалар ривожига қўшимча туртки берди.
– Биз битта эл ва битта юртмиз! Ҳамма вилоятлар Қорақалпоғистонни ривожлантиришга ўз ҳиссасини қўшишга бел боғлаган. Ҳар бир туманга вазирлар, вилоят ҳокимлари, идора ва банклар раҳбарлари бириктирилган. Бунинг натижалари барча туманларда кўринаяпти ва бу ишлар тўхтамайди, – деди Шавкат Мирзиёев.



