Бетакрор истеъдод ва буюк қалб соҳиби Комилжон Отаниёзовнинг ҳаёт фалсафаси шундай эди
Улуғ санъаткор Комилжон Отаниёзов ҳақида кўп мақолалар ва китоблар битилган. Мен уларни зўр иштиёқ билан ўқийман. Айни чоғда, аксарияти бирёқлама ёзилганидан афсусланаман. Энг ажабланарлиси, айрим муаллифлар Комилжон Отаниёзов бир ёқда қолиб, негадир ўзларини мақташга ва улуғлашга интиладилар.
Болалигимда отам менга бу улуғ инсон ҳақида кўп яхши гапларни айтиб берганди. Бир сафар у кишини тушида кўриб, совға сифатида рубоб олганини айтганди. Зеро, раҳматли падари бузрукворим торни яхши чалар, қўшиқларни маромига етказиб айтарди. Ёшлигида Комилжон оғаникига бориб, «Сегоҳ»ни куйлаб берган экан, у киши ансамбли сафига қўшиб, Тошкентга олиб кетмоқчи бўлибди. Бироқ художўй бобомиз қаттиқ қаршилик кўрсатиб, «Сиз катта охуннинг фарзандисиз. Ҳою ҳавасни катта идрок билан енгишингиз мумкин. Менинг болам эса оддий одамнинг зурриёти. У санъатнинг нонини кўтаролмайди, енгил-елпи ҳаётга берилиб кетади, деб қўрқаман», дебди.
Бу эътирозга жавобан Комилжон Отаниёзов «Ота, гапингиз тўғри. Лекин ўғлингизда истеъдод бор, у йўқолиб кетмаслиги керак… Ҳеч бўлмаса, мактабда ўқитувчилик қилиб, ёшларга мусиқани ўргатсин», дебди ва Хоразм давлат педагогика институти ректори номига хат ёзиб берибди. Ана шу бир парча хат шарофатиданми ёки омади юришибми, отам олий ўқув юртига ўқишга киради. Уни муваффақиятли тамомлагач, қишлоғимиз мактабида узоқ йиллар самарали меҳнат қилади.
Комилжон Отаниёзовнинг ҳиммати туфайли ҳаётда ўз ўрнини топганлардан яна бири – Ўзбекистон Бадиий академияси аъзоси, таниқли мусаввир Бахтиёр Рўзиматов шундай ҳикоя қилганди:
– Янглишмасам, 1949-50 йилларнинг кўклами арафаси эди, ҳали ердан нам аримаганди. Мен 4-синфда ўқирдим. Отам вафот этиб, оилавий аҳволимиз қийинлашгани сабабли мактабга ялангоёқ қатнардим.. Ўша пайтлар бу унчалик айб саналмасди. Чунки кўпчилик ночор ҳаёт кечирарди. Бир куни мактабдан қайтаётиб, қайсидир ҳамқишлоғимизнинг тўйига Комилжон Отаниёзов келганини эшитиб қолдиму, ўша томонга югурдим. Кун пешиндан эндигина оғганди. Одамлар ҳовлининг боғ тарафига тўшалган сомон устига ўтириб, катта давра ясашибди. Комилжон ака жарангдор овозда қалбларга ҳаяжон солиб, қўшиқ куйларди. Мен ҳам бора солиб, сомон устига чўккаладим.
Бир маҳал кўнглимда санъаткорнинг расмини чизиш истаги пайдо бўлди. Тўрвамдан 12 варақлик чақмоқ дафтаримни чиқардим-да, ишга киришдим. Комилжон акага синчиклаб назар солгандим, юзида холи бордек туюлди, лекин аниқ илғай олмадим. У қўшиқ куйлаганча ёнимдан тез ўтиб кетди.
Дарвоқе, у пайтлар санъаткорлар давра айланиб, жонли овозда қўшиқ айтишарди. Кўзимни Комилжон акадан узмай, яна чизиш билан машғул бўлдим. У иккинчи бор рўпарамга келганида тиззамдаги дафтарга қараётганини сезиб қолдим. Учинчи ва тўртинчи айланишда олдимда анча вақт туриб куйлади, мен эса унинг суратини ўхшатиб чизишга уриндим. Қарабсизки, дафтаримнинг ҳамма варақлари расмга тўлиб кетди.
Тўй кечқурун тугади. Мен эндигина уйга кетишга чоғлангандим, кутилмаганда маҳалла катхудоси тирсагимдан маҳкам ушлади. Сўнгра мени санъаткорлар ўтирган хонага олиб кирди. Лампачироқлар базўр ёритаётган хона тўрида Комилжон Отаниёзов ўтирган экан. Ичкарига қадам қўйганим ҳамоно мени ёнига чақириб, «Қани, чизган суратларингни бир кўрсат-чи!» деди. Мен уялганимдан ерга қараб туравердим. «Нега хижолат тортасан? Қани, дафтарингни бир кўрайлик!» деди яна ҳофиз.
Нуфузли меҳмонларга хизмат қилавериб, ўрганиб қолган оқсоқол дарҳол тўрвамни елкамдан олиб, китоб-дафтарларимни ковлаштирди. Улар орасидан варақлари санъаткорнинг расмлари билан тўлган дафтарни топиб, Комилжон акага узатди. Ҳофиз дафтарни эринмай бирма-бир варақлаб чиқаркан, охирида чизилган расмга узоқ тикилиб қолди. Кейин исмимни сўради, мен айтдим. «Отанг ким бўлиб ишлайди?» деганида эса, бошимни эгиб индамай туравердим. Менинг ўрнимга оқсоқол жавоб берди: «Аллоҳ раҳмат қилсин, отаси ўтиб кетган…».
Комилжон ака энсамни аста силади ва иягимдан ушлаб, бошимни кўтарди. Сўнгра «Худо хоҳласа, сен катта рассом бўласан» деди-да, олдида турган катта рўмолдаги бир уюм пулни қўлидаги дафтарим билан иккига ажратди. «Манави пуллар сенга! Қалам-дафтар оларсан, хўпми?» деди менга табассум билан. Ёнидаги созандаларга ишора қилди, шекилли, бир йигит шоша-пиша пулларни тўрвамга сола бошлади. Мен қизариб-бўзариб кўчага чиқдиму, «Онажон!» деганча уйга шошилдим.
Ўшанда меҳридарё ҳофиз берган пулга бошдан-оёқ кийим-кечак, янги мактаб тўрваси, қизиқарли китоблар, дафтар ва қаламлар харид қилдим. Ортганига онам бозордан жўхори сотиб олди…
Комилжон Отаниёзов сиймосини чизишдан бошланган рассомчилик соҳасидаги изланишларим бора-бора профессионал даражага етди. Мойбўёқлар воситасида уч юздан ортиқ асар яратдим. Уларнинг аксарияти нуфузли музейлар ва галереяларни безаб турибди, айримларини чет элликлар сотиб олишган.
Қисқаси, қалби дарё санъаткорнинг қўллаб-қувватлаши ҳаётимда мислсиз янгиланишлар рўй беришига туртки берди. Бундай инсонлар ҳамиша эл хотирасида яшайди.
Ўзбекистон халқ артисти Коммуна Исмоилова бир суҳбатимиз чоғи Комилжон Отаниёзов билан боғлиқ хотираларини эсга олганди:
– 1948 йили Хоразмга Ўзбекистон Олий Кенгаши раиси Ниёзов ташриф буюрди. У кишининг таклифига биноан, Комилжон Отаниёзов дастаси темирйўл қурувчиларга концерт қўйиб бериш учун Қизилқум чўлига равона бўлди.
Ёз фасли эди. Об-ҳаво баъзан 45 даражага кўтарилар, гармсел тобора қутурарди. Бир куни кучли гармсел туфайли ишчилар учун овқат пиширилаётган қозонлар қумга тўлиб қолди. Тўкиб ташлаб, бошқатдан пиширай десалар, масаллиқлар тугаган, устига-устак, сув ҳам жуда кам қолган экан. Ноиложликдан ўша ошни дастурхонга тортдилар. Умрида қум аралашган таом емаган нозанин қизлар овқатланишдан воз кечиб, ўзларига ажратилган чайлага кириб кетишди. Шаҳардаги тўкин-сочинликни қўмсаб, гурунглашиб ўтирганимизда қаршимизда бироз асабийлашган Комилжон оға пайдо бўлди.
– Қани, оқбилак ойимтиллалар, тушликка юринглар! – деди қошларини чимириб.
– Қум аралашган овқатни емаймиз, – дейишди қизлар бараварига.
– Ишчилар ҳам одам-ку, ахир! Барчасининг оиласи, бола-чақалари бор. Улар одамларнинг узоғини яқин, оғирини енгил қилайлик деб, оиласини ташлаб келишган. Эндиликда дашт қийинчиликларига чидаб, меҳнат қилишаяпти. Қолаверса, бу ерда одамлар тоифаларга ажратилмайди. Мен артистман, анави ишчи деган гап бўлиши асло мумкин эмас, – деди ҳофиз жаҳли чиқиб.
Устоз гапини тугатар-тугатмас, ҳаммамиз ўрнимиздан ирғиб турдик. Ташқарига чиққач, қум устига ўтириб олиб, ишчилар билан бирга тушлик қилдик. Олифталарча кийинган раҳбарлардан бири «Сизнинг ўрнингиз бу ерда эмас, яхшиси, анови чайлага юринг», деган эди, Комилжон оға «Халқ қаерда бўлса, менинг ўрним ҳам ўша ерда!» деганча, олдига қўйилган таомни тановул қила бошлади. Ҳалиги раҳбар ҳам қизариб-бўзариб, унинг ёнига келиб ўтирди.
Мен Комилжон Отаниёзов ҳақида бундай ҳикояларни кўп эшитганман. Ҳар сафар у кишининг ҳимматига, иймон-диёнатига, камтарлигига тан берганман. Биз ана шундай улуғ инсонлардан ҳар қанча ибрат олсак арзийди.
Эрпўлат Бахт
Манба: «Ishonch» газетасининг 2023 йил 8 апрель сони



