2022 йилда жами иқтисодий фаол аҳолининг 13,7 миллион нафари иш билан банд бўлиб, уларнинг 6,5 миллион нафари (47 фоиз) расмий секторда, 9 миллион нафардан ортиқ киши эса норасмий секторда банд бўлган.
Бу ҳақда Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги маълумотларига таяниб маълум қилмоқда.
Тадқиқотга кўра, иқтисодий фаолият турлари бўйича жами норасмий секторда банд бўлганларнинг энг катта улуши, яъни 34 фоизи қишлоқ, ўрмон ва балиқ хўжалигида меҳнат қилади. Худди шу кўрсатгич савдода 14 фоиз, қурилишда 14 фоиз ва саноатда 11 фоизни ташкил этади.
“Норасмий секторнинг катталиги ҳукуматларга иқтисодий сиёсатни самарали амалга ошириш ва иқтисодиётни тартибга солишда қийинчилик туғдиради.
Норасмий секторда бандлар соҳалар кесимида расмий секторда бандлар билан бир хил миқдорда иш ҳақи олади деб фараз қилинса, 2022 йилнинг ўзида 9 миллиондан ошиқ аҳоли норасмий секторда банд бўлгани ҳисобига давлат бюджетига солиқ кўринишида 32,9 триллион сўм маблағ тушмаган”, дейилади МҲТИ тадқиқотида.
Тадқиқотчилар, ўз навбатида, бу пуллар агар бюджетга келиб тушганида:
– 500 ўқув ўринли 4 100 та умумтаълим мактаблари қуриш ёки;
– мавжуд 10 522 та мактабнинг моддий-техник базасини замонавий ўқув анжомлари билан таъминлаш ёки;
– 3 737 та амбулатор тиббий муассаса қуриш ёки;
– соғлиқни сақлаш тизимидаги тиббий ходимлар ойлик маошини 7,8 миллион сўмга етказиш ёки;
– мактаб ўқитувчиларининг ойлик маошини 7,2 миллион сўмга етказиш мумкин бўлишини ҳичоблаб чиқишган.
Таъкидланишича, норасмий бандлар улуши 2020 йилда 43 фоиздан 2022 йилда 40 фоизга камайган.
Маълумот учун, норасмий бандлар бу юридик шахс мақомига эга бўлмаган корхоналарда ишлайдиган ишчилар. Ушбу тоифага меҳнат муносабатларини рўйхатдан ўтказмасдан ишлайдиган ҳуфёна сектор вакилларидан ташқари, рўйхатдан ўтмаган якка тартибдаги тадбиркорлар, ўз-ўзини банд қилганлар ва уларнинг ишчилари киради.



