Чет эл товарлари учун ҳам истеъмол кредити бериладиган бўлди

44

Жорий йил 10 апрелда имзоланган “Истеъмол кредити тўғрисида”ги қонунга ўзгартишга оид ҳужжатга кўра, эндиликда жисмоний ва юридик шахслар томонидан реализация қилинадиган товарлар (хизматлар) учун, шунингдек Ўзбекистондан ташқарида ишлаб чиқарилган товарлар (хизматлар) учун ҳам молиявий истеъмол кредитлари берилади.

Бундан ташқари, молиявий истеъмол кредитидан фойдаланишда шартнома товарни (хизматни) истеъмолчи томонидан сотиб олишга доир шартнома кучга киргунига қадар ёки кучга кирганидан кейин тузилиши мумкин.
Молиявий истеъмол кредити бериш истеъмол товарларини (хизматларни) ишлаб чиқарувчининг ёки реализация қилувчи субъектнинг (юридик ва жисмоний шахснинг) банкдаги ҳисобварағига банк ёхуд бошқа кредит ташкилоти томонидан пул маблағлари ўтказиш йўли билан амалга оширилади.
Молиявий истеъмол кредитининг нақд пулда берилишига йўл қўйилмайди.

Қайд этилишича, мазкур ҳужжат молиявий истеъмол кредити бериш тартибини такомиллаштириш ва соддалаштиришга, шунингдек аҳолининг таълим олиш, меҳнат ва турмуш шароитларини яхшилашга кўмак беради.