Бугун, 11 апрель куни Президент Мирзиёев иштирокида бўлиб ўтаётган ёшлар сиёсати соҳасидаги ишлар натижадорлигини ошириш ҳамда улар билан ишлаш тизимини янада такомиллаштиришга оид видеоселектор йиғилишида ёшлар билан ишлаш бўйича янги тизим жорий қилиниши таъкидланди.
Жумладан, эндиликда 14 ёшдан 30 ёшгача бўлган ёшларнинг ижтимоий аҳволи, қобилияти ва қизиқишлари ўрганилиб, улар 3 тоифага ажратилади ҳамда улар билан манзилли, аниқ мезонлар асосида ишланади.
Бунда:
– яхши ўқиётган, тадбиркорлигини йўлга қўйган, расмий секторда ишлайдиган, қобилияти бор, ижтимоий фаол бўлган 4,4 миллион ёшлар “яхши” тоифага;
– турмуш тақозоси билан расмий сектордан иш топа олмаган, лекин иқтисодий фаол 4,6 миллион ёш “ўрта” тоифага киритилди;
– давлатнинг ғамхўрлиги ва эътиборини кутаётган ҳамда кўмакка муҳтож 396 минг нафар ёшлар “аҳволи оғир” тоифасига алоҳида ажратиб олинган.
Давлат раҳбари йиғилишда учинчи тоифага батафсил тўхталди.
Маълум бўлишича, бугунги кунда 116 минг нафар ёшларнинг ногиронлиги бўлса, 30 мингтасида сурункали касалликлар бор. 32 минг нафар ёшлар профилактика, 16 минг нафари пробация назоратида туради, 9 минг нафари мунтазам дарс қолдиради.
Президент ҳар бир вазир, вазир ўринбосарлари, вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари, сектор раҳбарлари, олийгоҳ ректорлари, Миллий гвардия ва ҳарбий қисм командирларига учинчи тоифадаги 50 нафардан эътиборга муҳтож ёшлар номма-ном бириктирилишини таъкидлади.
Шунингдек, вазирлик ва идоралар, маҳаллий ҳокимликлар асосий эътиборини “ўрта” тоифага кирган 4,6 миллион ёшлар билан ишлашга қаратиши лозимлиги айтиб ўтилди.



