Иккинчи босқич талабаларига ишлашлари учун рухсат берилиши мумкин

64

Олий таълим муассасалари талабаларини иккинчи курсдан (айрим таълим йўналишлирида иккинчи курсдан кейинги курслардан) бошлаб олий таълим муассасаси раҳбари томонидан берилган сертификат асосида мутахассислиги бўйича ўқишдан бўш вақтида ишлашига рухсат этилиши мумкин.

Бу борада Вазирлар Маҳкамасининг “Олий таълим муассасалари талабаларини мутахассислиги бўйича ишлашига имконият яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси жамоатчилик муҳокамаси учун жойлаштирилди.
Бунда ҳақ тўланадиган ишлаб чиқариш амалиёти ва ҳақ тўланадиган стажировка ўтаётган талабаларни ишга қабул қилишда сертификат талаб қилинмайди.
Шунингдек, талабаларни сертификат асосида мутахассислиги бўйича ишлашига фақат олий таълим муассасасида ўқиётган даврида рухсат этилади.

Шунингдек, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигига икки ой муддатда, қуйидагиларни назарда тутувчи талабаларга мутахассислиги бўйича ишлаш ҳуқуқини берувчи сертификат бериш тартибини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш вазифалари юкланади:

• сертификат бериладиган таълим йўналишлари рўйхати;
• сертификатни таълим йўналишлари бўйича қайси босқичдан бошлаб берилиши;
• сертификатни беришда инобатга олинадиган ҳолатлар.