Чунки у ёлғиз онанинг ноҳақ ишдан бўшатилишига сабабчи бўлганди…
“Мени ишга тикланишимда қўллаб-қувватлаган Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси раиси Қ.Рафиқовга, Федерациянинг Тошкент вилояти кенгаши юристконсульти У.Шамсиддиновга, раис ўринбосари Ў.Рашидовга ва Омбудсманнинг Тошкент вилояти вакили Р.Камоловга ўз миннатдорчилигимни билдираман…”
Яқинда Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Тошкент вилояти Кенгашига Президент портали орқали йўлланган мурожаатда одатдагиларидан фарқли равишда, ана шундай миннатдорлик сўзлари битилган эди.
Маълум бўлишича, Нурафшон шаҳар “Янги обод” МФЙда яшовчи Дилноз Маманова шу маҳалла идорасида Хотин-қизлар етакчиси вазифасида ишлаган. Бироқ у ишга қабул қилиниш вақтида ҳеч қандай меҳнат шартномаси тузилмаган. Фаолият давомидаги кунларнинг бирида Д.Маманованинг тоби қочади. Унинг даволаниши якунига етгач, сиртқи бўлимдаги таҳсилининг навбатдаги таълим босқичи бошланади. Табиийки, ходим бир муддат ишга боролмайди.
Ана шундай бир вазиятда Нурафшон шаҳар ҳокимлиги Оила ва Хотин-қизлар бўлими мутасаддилари ҳеч қандай огоҳлантиришсиз уни бўшатиш тўғрисида буйруқ чиқаришади. Икки нафар вояга етмаган фарзандни тарбиялаётган ёлғиз она касаллик варақаларини, ўқиш жойидан маълумотномани тақдим этса-да, инобатга олинмаганидан қаттиқ тушкунликка тушади.
Ноҳақ бўшатилган ходим турли идораларга мурожаат қилади. Касаба уюшмалари ҳамда Инсон ҳуқуқлари бўйича Омбудсманнинг вилоятдаги вакили аралашуви билан иш судга оширилади. Натижада ходимнинг ишига тикланишига эришилган. Уни ноҳақ ишдан бўшатилишига сабабчи бўлган Нурафшон шаҳар ҳокимлиги Оила ва хотин-қизлар бўлими масъулидан эса, етказган моддий ва маънавий зарари учун жабрланувчи фойдасига 30 миллион сўм ундириб берилди.
Холида Эгамбердиева,
Ishonch



