Эндиликда хотинини сўккан, таҳқирлаган, қўрқитган эркаклар жавобгарликка тортилади. Ўз турмуш ўртоғига оғир жароҳат етказганлар эса 12 йилгача қамоқ билан жазоланади. Бировга шилқимлик қилиш, ортидан эргашиб таъқиб қилиш, тинмай телефон қилиш ва шаҳвоний майлни кўрсатувчи ҳаракатлар учун ҳам жавобгарлик белгиланди.
Оилавий зўравонликни асло оқлаб бўлмайди. Чунки у инсоннинг асосий ҳуқуқларига – ҳаёти, соғлиғи, шаъни, қадр-қиммати, эркинлигига дахл қилади. Зўравонлик фақат жисмоний куч ишлатиш билан эмас, руҳий, ахлоқий, иқтисодий ва маиший босим кўринишларида намоён бўлиши ва оиланинг ҳар қандай аъзосига нисбатан қўлланиши мумкин. Ҳақоратлаш, мажбурлаш, зўрлаш, иқтисодий чекловлар қўйиш, мунтазам руҳий қийноққа солиш каби ҳолатлар ҳам зўравонлик сифатида баҳоланади. Қонун фуқароларни зўравонликнинг ҳар қандай туридан ҳимоялайди.
Дунё статистикаси ва умумий тенденцияларига назар ташласангиз, оилавий зўравонликдан асосан аёллар ва болалар жабр кўраётгани маълум бўлади. Лекин бу мутлақ характерга эга эмас. Яъни оилада эркак кишининг ҳам аёли ёки ота-онанинг фарзандлар ёхуд бошқа оила аъзолари томонидан руҳий босим остида яшаб келиши кузатилади. Бу ҳам оилавий зўравонликнинг бир кўринишидир.
Оилавий зўравонликнинг энг оғир оқибатларидан яна бири фарзандлар руҳий ҳолати ва ахлоқига етказиладиган жиддий зарардир. Кўпинча, болаларнинг ўзи ҳам оилавий зўравонлик қурбони бўлади. Кичик ёшдаги болаларда оилавий-маиший зўравонлик оқибатлари турли касалликлар шаклида намоён бўлса, ўсмир ёшдагилар орасида суицидга етаклаши ҳам мумкин.
Яқинда ҳудудларимиздан бирида аёллар (асосан келинлар) ўртасида ўтказилган ижтимоий сўровда иштирок этганларнинг 14 фоизи оила аъзолари томонидан камситилиши ва эри томонидан ҳақоратланишини, 9 фоизи оилада куч ишлатилгани ёки калтакланганини маълум қилишган. Оилада зўравонлик ва камситишларга учраётган аёлларнинг асосий қисми ҳаётида моддий ва маиший қийинчиликлар мавжудлиги, турмуш ўртоғининг ичкиликка ружу қўйгани ва рўзғорга масъулиятсиз эканини билдиришган. Маълумотлардан кўриниб турибдики, қийин иқтисодий ва маиший шароитда оиладаги ички муҳит ҳам зўравонликка олиб келиши, бу эса ўз жонига қасд қилишга мойил хулқ-атворни юзага келтириши мумкин. Сабабларни мушоҳада қилганда, менталитетга хос хусусиятларни эътибордан қочирмаслик лозим.
Ўзбек оилаларида шахсий ҳаёт, оилавий сир – муқаддас ва халқимиз бу маънода анча консерватив ҳисобланади. Бир сўз билан айтганда, кўпчилик ҳолатларда оиладаги зўравонлик оиладан ташқарига чиқмайди. Ўзбек оилалари одатда кўп аъзолик, яъни нафақат эр ва хотин, балки уларнинг қариндошлари ҳам муносабатлар занжирида муҳим роль ўйнайди. Қайнона, қайнота ва бошқа қариндошларнинг оиладаги келинга зулм қилиши, унинг сўзсиз бўйсунишини, ҳеч қандай имтиёзлар талаб қилмаслигини исташи ёки ота-онанинг фарзандга, келинларнинг бетоб қайнона ёки қайнотага босим ўтказиши каби ҳолатлар кузатилади. Афсуски, ана шу вазиятлар аксар ҳолларда жабрланувчининг ўз жонига қасд қилишига ёки охирги, критик нуқтага етиб боргунча зулмга бардош бериб, жиддий тан жароҳатлари, руҳий зарбалар олишига, соғлиғини тикланмас даражада йўқотишига сабаб бўлади.
Жаҳон банкининг «Аёллар, бизнес ва қонунлар – 2016» деб номланган ҳисоботида айтилишича, ҳозирда дунёдаги 46 мамлакатда оилавий зўравонликни тақиқловчи қонунлар йўқ. Улар орасида МДҲ ҳудудидаги уч мамлакат – Россия, Арманистон ва Ўзбекистон ҳам бор. 2017 йилда Арманистон оилавий зўравонликка қарши қонун лойиҳасини қабул қилди ва рўйхатдан чиқди. Ўзбекистон ҳам ҳадемай бу рўйхатдан чиқади. Зеро, Ўзбекистон Республикаси Президенти 2018 йил 2 июлда имзолаган «Ижтимоий реаблитация қилиш ва мослаштириш, шунингдек, оилавий-маиший зўрлик ишлатишнинг олдини олиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида Адлия вазирлиги олдига «Маиший зўрлик ишлатишнинг олдини олиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш вазифаси қўйилган.
Мадина Пўлат қизи
Ishonch.uz



