“Тесла”да ишлаётган ўзбек қизи ва cамарқандлик блогернинг Германиядаги муваффақиятлари
Ушбу лойиҳа орқали эндиликда хориждаги юртдошларимизнинг ҳаёти ва фаолиятини ёритиб борамиз. Илк меҳмонларимиз Германия давлатида турли соҳаларда ишлайдиган ватандошларимиз бўлишди. «Тесла»да ишлаётган ўзбек қизи, «Германия ҳаёти» блогини юритаётган педагог-блогер ҳамда Андижонлик кардиолог йигитнинг Германиядаги муваффақиятли фаолиятига назар ташлаймиз.
Танишинг:
Муштарий Шарифова, 30 ёшда. Дунёга машҳур “Тесла” компаниясига ишга олинган биринчи ўзбек қизи. “Шуҳрат” медали соҳибаси. Муштарий ҳақида “Ўзбекистонлик-2” фильми суратга олинган. У нафақат карьерада, балки шахсий ҳаётида ҳам ўз бахтини топди. “Тесла” компаниясида фаолият кўрсатаётган ўзи каби иқтидорли йигитга турмушга чиқди. Гарчи ўзи «Тесла»да ишласа-да, «Мерседеc» компаниясининг машиналарини ёқтиради.
— Муштарий, нега айнан Германия олий таълимини танлагансиз? Германияда ўқишнинг қандай ўзига хос афзалликлари бор?
— Ўзбекистонда MDISTда ўқиб юрган йилларимда дўстларим Германиядаги бир нечта университетларга ўқишга қабул қилинган эди. Ижтимоий тармоқ орқали гаплашиб турардик ва менга ҳам ҳужжатларимни топшириб кўришимни маслаҳат беришди. Ўзимда ҳам чет давлатда ўқишга иштиёқ баланд бўлгани учун, албатта, омадимни синаб кўрмоқчи бўлдим ва ўқишга қабул қилиндим. Европа давлатларининг таълим тизими Ўзбекистонникидан фарқ қилади. У ерда ўқишга кириш осон, лекин таълим жараёни мураккаб.
— “Тесла”даги бир иш кунингиз ҳақида гапириб берасизми?
— Ишга келишим билан биринчи навбатда кун давомида қилишим керак бўлган вазифаларимни кўздан кечираман. Ишхонамизда кутилган вазифалар ва йиғилишлар бўлса, уларга тайёргарлик кўраман. Кун охирида ҳамкасбларим билан билан қисқа суҳбат ўтказамиз: бажарилиши керак бўлган ишларни ва унга ким маъсул эканини келишиб оламиз. Орада, албатта, қаҳва ҳам ичишга вақт ажратаман (кулади).
Асосий иш куним, ҳисоб-китобларни кўриб чиқиш, уларни тайёрлаш билан ўтади. Айрим пайтларда ҳисоботлар тайёрлаш вақтида ишга шўнғиб кетаман. Бу вазифамни завқ билан бажаришимдан ва энг асосийси, ўзимга ёққан ишда ишлашимдан деб ўйлайман. Келажак касбни танлаётганга инсон ўз қизиқишларидан келиб чиқиши ва нимада иқтидори ва иштиёқ бўлса, ўша касбни танлаши керак деб ўйлайман.
— “Тесла” компаниясида ишловчи ўзбек қизи сифатида танилдингиз. Бу компанияда нафақат ўз карьерангизни, балки бахтингизни ҳам топдингиз...
Худди шундай бўлди, турмуш ўртоғим билан айнан “Тесла”да танишдик ва бир-биримизга кўнгил қўйдик. Икки йил олдин чамаси апрель ойи охирларида «Тесла» билан интервьюларга тайёрланиб юрганимда, ўзбекистонлик йигит «Тесла»нинг Берлин офисида апрель ойидан бошлаб иш бошлабди, деган хабарни эшитгандим, аммо кўрмагандим. Илк учрашувимиз жуда ҳам қизиқ ва кўп йиллар эслаб юрадиган ажойиб хотираларга бой бўлган.
Юртбошимизнинг эътирофига сазовор бўлиб «Шуҳрат» медали билан тақдирландингиз. Келажакдан нима кутяпсиз? Ватанимизни ривожлантириш бўйича қандай ғояларингиз бор?
— Президентимиз давлатимизнинг юксак мукофоти — “Шуҳрат” медали билан тақдирлади. Бундан ўзим ва оиламдагилар жудаям қувонди. Давлат раҳбари билан бўлиб ўтган учрашувда менга билдирган ишончи катта куч берди. Шу билан бирга, зиммамдаги масъулиятни оширди. Мени айни пайтда «Тесла»да ишлаётган илк ўзбек қизи сифатида билишади. Сафимиз янада кенгайиши, илм олиш истагида бўлган қизлар сони ортиши учун қўлимдан келганча ҳаракат қилишим кераклиги ҳақида ўйлайман.
Касбимни яхши кўраман, ҳар бир кунимда нимадир ўрганаман, баъзи ҳолларда ишдан толиқиб қолсам ҳам, кун охирида қилган ишларим ва унинг компаниямизга олиб келаётган фойдасини кўриб ғурур ҳис қиламан. Бу эса сизни янада олдинга интилишингизга, кечагидан ҳам яхши мутахассис бўлишингиз учун ўз устингизда тинимсиз ишлашингизга туртки бўлади. Келажакда эса, ўз устимда яна ҳам кўпроқ меҳнат қилиб, бутун дунёга Ўзбекистон номини танитишга ҳаракат қилиш энг олий мақсадларимдан бири.
— Аёл муваффақиятга эришиш учун нимага эҳтиёж сезади?
— Ўзига бўлган ишонч катта куч. Келажакда етук инсон бўлишига ишониши керак. Чунки атрофдаги кишилар сизга ва сизнинг иқтидорингизга ишонишларидан олдин, Сиз ўзингиз ўз кучингизга ишонишингиз керак. Шу қаторда фарзанд учун ота-онасининг қўллаб-қувватлаши катта куч беради. Оилада қизларнинг ҳам ўрни юқори бўлиши керак. Қизларни ҳам олий таълим олишига шароит яратиш даркор. Ўқийман, деган инсонга бугун шароитлар кўп. Тил ўрганиб, хорижий давлатларда ҳам ўқиш имкониятини қўлга киритса бўлади.
Танишинг:
Сарвара Абдуллаева асли самарқандлик. 25 ёшда. Педагог, блогер. Айни пайтда Германиядаги таълим даргоҳларидан бирида болаларга билим улашмоқда. Оилали, бир нафар фарзанднинг онаси. Ижтимоий тармоқда «Германия ҳаёти» саҳифасини юритади. Бошлаган ишини охиригача етказадиган инсон. Уч йилдан бери Германия давлатида яшайди.
— Сарвара, сиз билан яқиндан танишиб олсак. Асли қаердансиз? Касбингиз?
Самарқанд шаҳрининг қоқ юраги Регистонга яқин маҳаллада катта бўлганман. Мутахассислигим бўйича математика ўқитувчисиман. Германияда Kinderhortда ўқитувчи (педагог) бўлиб ишлайман. Kinderhort — 1- 4 синфгача бўлган болалар мактабдан кейин келадиган таълим маскани. Биз болалар билан дарсдан кейин уларнинг қийинчилик туғдираётган фанлари устида ишлаймиз.
— Ижтимоий тармоқда «Германия ҳаёти» саҳифасини юритасиз. Ватандошларимиз, умуман чет давлатда ўқишни, ишлашни орзу қилганлар учун фойдали контент яратаяпсиз. Бу ғоя сизда қачондан бошланди?
— Фойдали блог юритиш фикри Германияга келганимдан кейин туғилди. Бу давлатга ўқишга, ишга келишни орзулаган юртдошларимиз кўп. Ушбу давлатнинг қонун-қоидалари қарашларимни, фикрларимни ва қадриятларимни ўзгартириб юборди. Ўзимдаги ижобий ўсиш ва фойдали маслаҳатларни мунтазам бериб бориш, юртдошларим билан фикр алмашиш мақсадида шу саҳифани юритяпман. Ўзбекистонда олий таълим олаётган талабалар “Европага қандай ўқишга кетсам бўлади?” каби саволлар билан мурожаат қилишади. Бўш вақтларимда ҳар куни юртдошларим учун фойдали маълумотлар бериб боришга ҳаракат қиламан.
— Немислар қонунга амал қиладиган, тартиб-қоидани севадиган халқ. Бошда бунга кўникиш қийин бўлдими?
Чинданам дастлаб мослашув жараёни бироз қийин бўлди. Масалан, чиқинди ажратиш масаласида. Биласиз, бу давлатда барча чиқиндилар сараланади ва қайта ишланади. Турмуш ўртоғим кўп йиллардан бери ушбу давлатда яшаганликлари боис ахлатни қутига ташлашимдан олдин тепамда назорат қилиб турарди. Бу каби қонун-қоидалар ҳар қадамда учрайди. Немисларнинг аслида ҳавас қилса арзийдиган жиҳатлари жуда кўп. Масалан, улар жуда кўп саёҳат қилади, ўта оддий, самимий, камтар инсонлар (кибрлиларини шахсан учратмаганман). Тушунмаган нарсангиз бўйича батафсил маълумот беришади. Уларнинг яна бир ютуқли жиҳати, соғлом овқатланишади. Шахсий автомобили бўлса ҳам велосипеддан кўп фойдаланишади. Югуриш йўлаклари кўп. Вақтнинг қадрига етишади. Шу пайтгача бирор немиснинг бекор ўтирганини ёки кимнингдир вақтини ўғирлаганини кўрмадим. Учрашувларда бир дақиқа бўлса ҳам кечикмайди, аксинча 4-5 дақиқа олдин етиб келади.
— Ўзбекистон ва Германия таълим тизими орасидаги фарқ нималардан иборат? Боғча, мактаб, университетлардаги таълим тизими ҳақида нима дея оласиз?
— Германияда таълимнинг барча босқичи бизникидан фарқ қилади. Асосан фақат ўйинларга урғу беради. Бола ҳеч қандай ўқитишга жалб этилмайди. Боғчада энг сара педагоглар танлаб олинади, улар ҳар бола билан индивидуал шуғулланади ва кузатувлари натижасида боланинг нималарга қизиқаётгани ҳақида маълумот тўплаб боришади. Сўнг ота-онаси билан биргаликда, бола учун йўналиш танланади. Бир сўз билан айтганда, бола ҳуқуқлари туғилиши билан кафолатланган. Мактабда боғчадаги тизим давом этади. Бошланғич синфдаги болага оғир вазифалар юклатилмайди. Шу билан бирга, баҳолаш тизими йўқ, қайтанга, қувноқ мақтов стикерчалар билан рағбатлантиришади. Бола юқори синфда ўтилганда назорат, тартиб кучайтирилади.
— Ишга кириш масаласида—чи? Ўзбеклар қандай ишларда ишлайди?
— Германияда юртдошларимиз нуфузли жойларда ишлайди. Банк, таълим, молия, IT ҳамда энг кўп шифохоналарда ишлайдиган олий маълумотли кадрларимиз кўп. Германияга шунчаки қора ишчи бўлиб келиб бўлмайди, албатта, немис тилини ўрганиб, даража олиб, ўқиган соҳангиз бўйича келишингиз керак. Бу ерда таълим олиш бепул, яъни контракт йўқ. Шу боис Германияга ўқиш орқали келиш ҳар томонлама қулай. Ишлар бўйича айтадиган бўлсам, аслида тил ва ўз соҳасини билган кадр ҳамма жойда керак. Бу давлатда яхши кадрларга талаб юқори, кўп соҳаларда кадрлар етишмовчилиги кузатилмоқда. Бу эса ўз-ўзидан бошқа давлатлар кадрларига талабни оширади. Европада ишламоқчи бўлганлар, албатта, тил ўрганиб, тўғридан-тўғри ишларга ҳужжат топшириб, омадини синаб кўришларини тавсия қиламан. Бир нарсани унутмаслик керак: немис тилини ва қўшимча тилларни билиш имкониятларни анчагина кўпайтиради. Қолаверса, ҳар куни почта қутингизга келиб тушаётган хатларни ўқишингиз учун ҳам немис тили зарур.
Германияда қандай ишларда ишладингиз?
Қаерда ишламадингиз десангиз, тўғрироқ бўлар эди (кулади). Германияга энди келганимда немис тили даражам А1 эди, яъни жуда паст кўрсаткич. Табиатан уйда кўп ўтиролмайман. Шу боис айни ҳолатда ҳам иш излаганман. Аксига олиб, карантин вақти эди. Бу имкониятларимни чегаралаб қўйган. Сабаби кўп ташкилотлар ишламаётганди. Бошланишига қишлоқ хўжалигида ишлаганман. Вазифам сабзавотларни қадоқлашдан иборат эди. Айнан шу ишда биринчи марта ғурурим яхшигина топталган ва бу менга фойда беорди. Ундан кейин KFCда кассир, кейин тарбиячи ва айни кунда Kinderhortда ишламоқдаман. Биласизми, Германия ҳолатида меҳнат муҳожирлари деб ажратиш ноўрин. Меҳнат бозорида ҳар бир инсон кадр сифатида қадрланади, қаердан келганига қараб ажратилмайди.
Меҳнатга ҳақ тўлашнинг ўртача баҳоси 3000-3200€ни ташкил қилади. Германияда иш берувчидан кўра, ишчи ҳуқуқлари анча юқори қўйилган. Ишчини сабабсиз ишдан ҳайдаш, таҳқирлаш, шартномада ёзилганидан ортиқ ишлатиш, таътил ва танаффус вақтларига амал қилмаслик асло мумкин эмас. Қўпол қилиб айтганда, Германияда ишга жойлашиб олганингиздан сўнг сизни катта сабабларсиз, розилигингизсиз, ҳеч қачон кўчада ишсиз қолдиришмайди. Бу қонун бўйича тақиқланган.
Феруза Раҳимова,
ishonch.uz



