КАПАЯНГИДАГИ ЭСКИ МУАММО ҚАЧОН ЕЧИМ ТОПАДИ?

Ёдингизда бўлса, бундан бир неча ой аввал Фарғона вилояти Бешариқ тумани Капаянги қишлоғи аҳолисини узоқ йиллардан бери ичимлик суви муаммоси қийнаб келаётгани, ўтган йили қишлоқ аҳли «Ташаббусли бюджет» лойиҳасида ғалабага эришгани ҳақида ёзган эдик.

Лойиҳа доирасида ичимлик суви муаммосини ҳал этиш учун 480 миллион сўм маблағ ажратилиб, қишлоққа 10 км масофага ичимлик суви тармоғи тортиш, 2 та сув минораси ва 2 дона сув насоси ўрнатилиши лозим эди.

Биз айни мавзуни давом эттириб, Капаянги қишлоғида бўлдик. Мироблар ва Миришкорлар кўчасига ҳақиқатан ҳам сув минораси ўрнатилибди. Аммо Миришкорлар кўчасидаги сув минора ҳали-ҳамон вазифасини бажармаяпти.
Ҳайратланарлиси, лойиҳа доирасида қишлоққа 10 км ичимлик суви тармоғи тортилиши керак эди, бироқ иш охирига етказилмаган. Маблағ етмаган эмиш…
Хуллас, аҳолининг ҳаётида ҳалигача ўзгариш бўлгани йўқ. Улар ҳамон сувни узоқдан ташиб ичмоқда.

Масъулларни гапига ишонадиган бўлсак, капаянгиликлар узоқ йиллик муаммоларидан холос бўлиши учун яна озгина сабр қилишларига тўғри келади…
Дарвоқе, одамларда Миришкорлар кўчасига ўрнатилган сув минорасининг мустаҳкамлигига ҳам шубҳа бор. Баландлиги 20 метр бўлган ушбу иншоот ҳар шамол бўлганда силкиниб, уларни хавотирга солмоқда.

Жамшид Эргашев, Ishonch.uz