Италиянинг мудофаа вазири Шавкат Мирзиёев қабулида бўлди

43

Гвидо Крозетто Шавкат Мирзиёевга Италия президенти ва Ҳукумати раисининг саломини етказди.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 26 апрель куни Ўзбекистонда бўлиб турган Италия Республикаси мудофаа вазири Гвидо Крозеттони қабул қилди.
Ўзбекистон ва Италия ўртасидаги кўп қиррали муносабатларни янада кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.

Гвидо Крозетто учрашув аввалида Шавкат Мирзиёевга Италия президенти Сержо Маттарелла ва Вазирлар кенгаши Раиси Жоржи Мелонининг саломи ва эзгу тилакларини етказди.

Шунингдек, икки томонлама ҳамкорликнинг бугунги юксак даражаси мамнуният билан қайд этилди.

Таъкидланишича, ҳозирда конструктив сиёсий мулоқот ривожланиб бормоқда. Кейинги бир неча йилда ўзаро савдо ва инвестициялар ҳажми икки баробарга ошди. Ўзбекистонда Италиянинг етакчи олий таълим муассасалари – Турин политехника ва Пиза университетларининг филиаллари фаолият юритмоқда.

Бўлажак олий даражадаги тадбирларга биргаликда тайёргарлик кўрилмоқда.
Суҳбатда энергетика, шу жумладан қайта тикланувчи энергетика, логистика, қишлоқ хўжалиги ва бошқа тармоқларда амалий ҳамкорлик қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Давлат раҳбари Ўзбекистон ва Италия мудофаа идоралари ўртасида шериклик муносабатларини йўлга қўйиш муҳимлигини таъкидлади.

Минтақавий барқарорлик ва хавфсизликни таъминлаш, жумладан, Афғонистондаги вазиятни тинч йўл билан тартибга солиш масалалари юзасидан ҳам фикр алмашилди.