Шавкат Мирзиёев май ойида Германия ва Хитойга боради

49

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Германия Федерал Президенти Франк-Вальтер Штайнмайернинг таклифига биноан жорий йил 2-3 май кунлари ташриф билан ушбу мамлакатда бўлади. Бу ҳақда Президент Матбуот хизмати маълум қилди.

Ташриф чоғида Германия президенти Франк-Вальтер Штайнмайер ва канцлер Олаф Шольц билан икки томонлама учрашувлар ўтказиш кўзда тутилган.

Учрашувларда икки давлат ўртасидаги кўп қиррали муносабатларни янада мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари кўриб чиқилади, халқаро кун тартибининг турли жиҳатлари юзасидан фикр алмашилади.

Ўзбекистон етакчисининг ушбу мамлакат бизнес вакиллари билан алоҳида учрашуви ҳам ташкиллаштирилади.

Ташриф чоғида Жеймс Симонс галереясида “Ўзбекистоннинг археологик хазиналари. Македониялик Искандардан Кушонлар империясигача” номли кўргазманинг очилиши ҳам режалаштирилган. 

Шавкат Мирзиёев, шунингдек, 18-19 май кунлари Хитойда ўтадиган “Марказий Осиё – Хитой” саммитида қатнашиш учун ушбу давлатга ҳам боради.

Бу ташриф ҳақида ХХР раисининг Ўзбекистон президентига Наврўз муносабати билан йўллаган табригида маълум қилинган эди.

Эслатиб ўтамиз, бир муддат олдин Италия нашрларига таяниб, Шавкат Мирзиёевнинг Римга сафари ҳақида ҳам хабар берилган эди.