Трансчегаравий пул ўтказмалари ҳажми 2023 йилнинг 4 ойи давомида 3,1 миллиард долларни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 20,8 фоизга ўсган. Бу ҳақда Марказий банк бошқарувининг асосий ставкани йиллик 14 фоиз даражасида ўзгартиришсиз қолдириш бўйича қарор юзасидан бўлиб ўтган матбуот анжуманида МБ раиси Мамаризо Нурмуратов маълум қилди.
Қайд этилишича, жорий йилнинг биринчи чорагида халқаро пул ўтказмалари ўтган йилнинг мос даврига нисбатан баланд кўрсаткичларда бўлган бўлса-да, апрель ойида ўтган йилнинг апрелига нисбатан деярли 30 фоизга кам – 763 миллион долларлик пул ўтказмалари келиб тушган. Шунингдек, келгуси ойларда ҳам бу тенденция сақланиб қолиши мумкин.
«2023 йилнинг қолган даврида пул ўтказмалари ҳажмида ўтган йилга нисбатан 30 фоиз атрофларида камайиш кутилмоқда», – дейди МБ раиси.
Ушбу ҳолат матбуот анжуманида изоҳланар экан, жумладан, Мамаризо Нурмуродов йил бошидан бери Россия рубли 1,4 фоизга қадрсизлангани, бу эса Ўзбекистонга пул ўтказмаларининг ҳам камайишига олиб келиши мумкинлигини таъкидлайди.
Бундан ташқари, январь-апрель ойларида ички валюта бозорида юридик шахсларнинг валюта маблағлари сотуви 4,7 миллиард долларни, хариди – 9,8 миллиард долларни ташкил этди.
Аҳолининг банкларга валюта сотуви 3,3 миллиард доллар, хариди – 2,8 миллиард доллар, банкларнинг жисмоний шахслар билан операциялар ижобий сальдоси – 446 миллион доллар бўлди.



