Банклардаги рақамлаштириш: ходимлар иш юкламасига қандай таъсир қиляпти?

112

Ўзсаноатқурилишбанк юртимиздаги молия муассасалари ичида биринчилардан бўлиб, SAP технологияларига асосланган “Бюджетлаштириш” тизимини жорий этганини эълон қилди. Ҳатто, куни кеча юртимизнинг энг илғор молия мутахассислари ва халқаро экспертлар иштирокида ушбу янги дастурнинг тақдимотини ҳам ўтказди.

Тақдимотда айтилишича, «Бюджетлаштириш» дастури Президентимизнинг 2020 йил 12 майда қабул қилинган “2020-2025 йилларга мўлжалланган Ўзбекистон Республикасининг банк тизимини ислоҳ қилиш стратегияси тўғрисида”ги фармонида соҳани замонавий ахборот технологиялари асосида рақамлаштиришга қаратилган вазифалари ижроси асосида бажарилган. У аввало банкнинг харажатлари, даромадлари ва режаларини олдиндан белгилаш ва уни назорат қилишни амалдагига нисбатан юқори аниқликда таҳлил қилади.

Дунёнинг илғор давлатларида, масалан, Россия ва Европада аллақачон банкларда ушбу тизим асосида ишлаш йўлга қўйилган. Содда қилиб айтганда, Германиянинг илғор SAP дастури негизида яратилган “Бюджетлаштириш” тизими ёрдамида эндиликда банк бошқарувчилари уларнинг қайси хизматларидан одамлар кўп фойдаланаётгани, қайси хизматларга мурожаат камлигини осон аниқлаши, харидоргир бўлмаётган хизматларнинг ноқулай томонларини ўрганиб, уни янада соддалаштириш ёки одамлар учун харидоргир қилиш устида бош қотиришлари мумкин.

Бундан ташқари, тизим молиявий кўрсаткичлар ўзгаришининг ички ва ташқи омилларини таҳлил қилиш, даромадлилигини оширишнинг барқарор манбаларини аниқлаш, ҳар бир банк маҳсулоти ва сотув нуқталари бўйича муассаса фойдасини режалаштириш, харажатлар ҳажмини қатъий назоратга олиш, банк бизнесига ресурсларни тўғри тақсимлаш имконини беради. Бу эса келажакда молия муассасасининг ривожланишини таъминлайди.

Аммо бизни ушбу дастурнинг йўлга қўйилиши банк мижозлари ва ишчи-ходимларнинг иш юкламасига қандай таъсир кўрсатиши масаласи қизиқтирди. Шу боис ушбу саволлар билан Ўзсаноатқурилишбанкнинг Бухгалтерия ҳисоби ва молиявий менежмент департаменти директори ўринбосари ҳамда «Бюджетлаштириш» лойиҳаси менежери Аббос Хўжамуродовга мурожаат қилдик.
— Албатта, янги дастурнинг нафақат банк, балки мижозлар ва ишчи-ходимлар учун ҳам қулайликлари бор, — дейди Аббос Хўжамуродов. — Масалан, хизматлар пакети доимий таҳлил қилиб борилади. Унда эҳтимол айрим хизматлар қимматлиги боис харидоргир бўлмаётган пайтда, дастур ўзи ҳисоблаб, энг минимал даражада хизматнинг таннархини чиқариб беради. Яъни, дастурга киритилган маълумотлар асосида банк хизматларини энг арзон нархда кўрсатиш вариантлари ҳам тақдим этилади. Бу мижозларга банк томонидан хизмат кўрсатиш нархларининг пасайишига олиб келади.

Ходимларнинг иш юкламасига келадиган бўлсак, улар шу пайтгача молиявий ҳисоб-китобларни ЕХЕL дастурида бажаришган ва айрим таҳлилларни тайёрлаш учун кўп вақт сарфлашларига тўғри келган. Эндиликда эса бу таҳлилларга кетадиган вақт икки-уч баробарга қисқарди ва ходимларнинг иш юкламаси сезиларли енгиллашди. Агар банк тизимида 4000 га яқин ходимлар меҳнат қилишини ҳисобга олсак, кўпчиликнинг яхшигина вақти тежалаётгани ва бу вақтда ходимларнинг яна бошқа вазифалар билан шуғулланиб, иш самарадорлигини оширишига имконият юзага келаётгани маълум бўлади. Мазкур натижа ҳам рақамлаштиришга ўтишда кутилган мақсадларимиздан бири эди ва жорий йилнинг март ойидан бошлаб банк мазкур дастур асосида ишлаб келмоқда.

Зебо НАМОЗОВА,
Ishonch.uz