Бўстонлиқми ёки Дубай?

213

Кунлар исигач, ҳамма ўзини соя-салқин жойларга уради. Бундай дамларда сўлим гўшалар, тоғ ёнбағирларида дам олишни истовчилар янада кўпаяди. Аммо юртимиздаги айрим истироҳат масканларида ҳордиқ чиқариш жуда қиммат.

«Амирсой» тоғ-дам олиш масканидаги тўрт кишилик хоналарнинг ҳар қайсисидан бир кеча-кундуз фойдаланиш нархи 2 миллион 300 минг сўмдан бошланар, мижоз бир киши бўлса ҳам шунча пул тўлаши шарт экан. Устига-устак, меҳмонлар бу маблағ ҳисобидан фақат нонушта қилишлари мумкин экан. Бош менежер нархлар қимматлигини маскан сўлим ва баҳаво ҳудудда жойлашгани, чор-атрофи кенг майдондан иборат экани, ортопедик тўшаклар Италиядан келтирилгани билан изоҳлади. Ўз навбатида, табиат қўйнида дам олиш ва бошқа хизматлар нархи ҳам турига қараб ҳар хиллигини эслатиб ўтди.

«Арчазор» тоғ-дам олиш маскани. Бу ерга одамлар асосан жума-якшанба кунлари келишади. Меҳмонхонанинг бир кунлик баҳоси 1 миллион сўмдан бошланади ва шароиту хизматларга қараб ошиб боради. Турли уқалаш муолажалари 200 минг сўмдан 580 минг сўмгача, болалар учун эса 180 минг сўм. Барчасининг давомийлиги ярим соатдан иборат. Бу ерда ажойиб таомлар билан нонушта қилиш, суви кўм-кўк бассейнда чўмилиш ва бошқа хизматлардан баҳраманд бўлиш имкони ҳам бор. Албатта, нархлари ҳам шунга яраша…

«Лайнер» оромгоҳи. Бу гўшада душанбадан жумага қадар оддий хоналарнинг бир кеча-кундузлик баҳоси 1 миллион 400 минг сўм, люкс хоналар 1 миллион 600 минг сўмдан 3 миллион 200 минг сўмгача. Ҳордиқ кунлари эса, мутаносиб равишда 1 миллион 800 минг сўм ва 2 миллион сўмдан 3 миллион 600 минг сўмга қадар кўтарилади. Эвазига сиз хонада дам олиш ва тунашдан ташқари, эрталаб иштиёқ ила овқатланишингиз, кенг майдонда турли спорт ўйинлари билан шуғулланишингиз, отда сайр қилишингиз, амфитеатр ва болалар ўйингоҳлари хизматларидан фойдаланишингиз мумкин.
Ҳозир-ку, май ойи. Бу кетишда ёзнинг қоқ чилласида нархлар қанчага чиқади? Тошкентдан атиги 70 километр нарида дам олиш жуда қимматга тушмайдими? Чунки ижтимоий тармоқларни кузатсангиз, бунча пулга хориждаги довруғи оламга кетган меҳмонхоналарда ёки ўша юртлардаги денгиз бўйларида бемалол бир ҳафта дам олиш мумкин. Айтайлик, Грузиянинг Қора денгиз соҳилларидаги Батуми шаҳрида бир ҳафта ҳордиқ чиқариш учун 700 долларлик тур пакетлар мавжуд. Унга самолёт ҳақидан тортиб, меҳмонхона, шаҳар айланиш сарф-харажатлари ҳам киритилган. Худди шунингдек, Дубай, Франция, Туркия­дан таклиф қилинаётган тур пакетлар баҳоси ҳам кўпчиликка маъқул келиши табиий.
Юртимиздаги дам олиш масканларидаги нархлар ҳамёнбоп қилинса, фойдадан холи бўлмасди, билъакс, топиш-тутиши ўртача аҳоли қатлами ҳам ўша масканларда ҳордиқ чиқариши учун имконият яратиларди. Шунда ҳамюртларимиз «Дам олиш учун қаерга борганим маъқул – Дубайгами ёки Батумигами?» деб иккиланиб ўтирмай, тўғри Бўстонлиқ сари йўл олаверишади.

Холида ЭГАМБЕРДИЕВА
ISHONCH.uz