Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ташаббуси билан Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманидаги “Севарсой” санаторийсида “Санатор-курорт даволашнинг замонавий жиҳатлари, тиббий реабилитация ва туризм” деб номланган халқаро илмий-амалий конференция ўтказилмоқда.
Анжуман Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси, сенатор Қудратилла Рафиқовнинг конференция иштирокчиларига қутлов сўзи билан очилди.
Иштирокчиларга Жаҳон бальнеология ва иқлим билан даволаш федерацияси раҳбари Умберто Салимене, Миллий курортлар ассоциацияси раҳбари Александр Разумов табрик сўзини юбордилар.
Анжуманда Хитой, Россия, Монголия, Италия, Исроил, Болгария, Чехия, Қозоғистон, Беларусь, Шимолий Македония, Қирғизистон, Тожикистон ва Озарбайжондан соҳа мутахассислари, олимлар ўз маърузалари билан қатнашмоқда.
Тадбирнинг асосий қисмида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Санатор-курортлари бошқармаси бошлиғи Анвар Аҳмедов, бошқарма бошлиғи ўринбосари Зоҳид Абдураҳимов, Падуа университети профессори Стефано Масиеро (Италия), Исроил тиббиёт ассоциация раиси ўринбосари Алекс Левин, Република ихтисолаштирилган терапия ва реабилитация илмий-амалий тиббиёт маркази директор ўринбосари Умида Камилова, Хитой жисмоний тиббиёт ва реабилитация жамияти раҳбари Моуван Чжоу, Жануби Шарқий Европа давлатлари Форуми раҳбари Андрей Кехаев ва бошқаларнинг илмий маърузалари тингланди.
Замонавий санатор-курорт соҳасининг илғор тажрибаларини ўрганишни, ўзаро тажриба алмашишни мақсад қилган анжуман давомида бир қатор тадбирлар режалаштирилган.
Хусусан, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Санатор-курортлар бошқармаси билан Падуа университети, Россия курортология илмий текшириш институти ва Жануби Шарқий Европа давлатлари Форуми ўртасида меморандум имзоланади.
Илмий анжуман қатнашчилари “Севарсой”, “Оқтош”, “Заркент” ва “Чинобод Плаза” санаторийларида дам олувчиларга яратилган шарт-шароитлар билан ҳамда санаторийларнинг тиббий муолажалар бўлимларида мавжуд муолажа турлари, тиббий асбоб-ускуналар, сув билан даволаш бўлимидаги даволаш усуллари билан яқиндан танишадилар.
26 май куни конференция иштирокчиларининг Самарқанд шаҳрига саёҳати режалаштирилган.
Гулрухбегим Одашбоева
Ishonch.uz



