Янги Ўзбекистон етакчиси

1903

«Ishonch» газетасида сиёсатшунос Қудратилла Рафиқовнинг “Янги Ўзбекистон етакчиси” сарлавҳали мақоласи эълон қилинди.
Унда давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йилдан то бугунгача бўлган даврда минтақа мамлакатлари ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлаш йўлидаги жасоратли хизматлари ҳамда минтақани глобал транспорт логистика тармоғига интеграция қилиш борасидаги прагматик сиёсати хусусида ҳикоя қилинади.

I
Янги Ўзбекистон етакчиси Шавкат Мирзиёев ҳали минтақа тарихида, қолаверса, жаҳон геосиёсий саҳнида жуда кўп ўзгаришларга сабабчи бўлган феномен сифатида ўрганилиши, тадқиқ этилишига мен шахсан ишонаман!
Жаноб Мирзиёев ҳукуматининг шаклланиш жараёнлари халқаро, минтақавий ва маҳаллий даражадаги турбулент — олатасир даврга тўғри келди. Хориж, айниқса, Ғарб таҳлилчиларининг 2016 йилнинг иккинчи ярмида «Мирзиёевга оғир иқтисодий ва сиёсий мерос қолди», деган назарий хулосаларидан ташқари, 2017 йилдан кейин жаҳонда ҳамда минтақада юз берган ўзгариш ва фавқулодий кечмишлар янгича куч-ғайрат ва сиёсий зеҳният билан иш бошлаган янги таркибга етарлича ўнғайсизлик туғдиргани, ўйланган ғоя ва ҳаракатлар режасини қайта кўриб чиқишга мажбур қилгани бор гап.
Масалан, жаҳон иқтисодий инқирози оёқламай 2020 йилда бошланган пандемия, 2021 йилда АҚШ ва НАТО кучларининг Афғонистондан олиб чиқилиши, қолаверса, мамлакатимизда содир бўлган Сардоба техноген фалокати, Бухоро тўфони — буларнинг бари геосиёсий, геоиқтисодий ва маҳаллий тартиб-қоидалар оқимини бошқа ўзанга суриб юборди.
Мамлакат гирдига солинган темир панжараларни синдириш, Ўзбекистонни очиқ мамлакатга айлантириш, айниқса, минтақа давлатлари билан музлатилган муносабатларига илиқлик киритишни ўз ташқи ва ички сиёсатининг лейтмотиви деб белгилаган Шавкат Мирзиёев учун бу машаққатли синов эди. Аммо бугун худди кино тасмасидек кўз олдимиздан ўтадиган ўша кунлар ўз хайрли хотимаси билан мазкур тарихий сюжетнинг қийматини янада оширганига гувоҳ бўлиш одамда ўзгача шавқ уйғотади.
Шавкат Мирзиёев ўз иродаси билан мамлакатни «қалтис силтама»дан нафақат олиб чиқди, балки минтақа ижтимоий-сиёсий ҳаётига маълум ўзгартиришлар кирита олди.
Табиатан қайсар ва ўйлаган ғоясидан қайтмайдиган бу одамнинг ўзи, атрофидаги жамоаси ва сиёсий таҳлилчилар унинг ўтган қисқа вақтда қандай тарихий янгиланишлар қилганини, минтақа теграсидаги геосиёсий иқлимни қандай ўзгартириб юборганини ҳали тўла ҳис қилишмаётир, назаримда. Чунки қизиғида дарду ситам ҳам бахту ғалаба ҳам бор бўйича кўзга ташланмайди. Қолаверса, Ўзбекистоннинг, жаноб Мирзиёевнинг ўйлаган ғоялари, ниятлари ҳали поёнига етмаган, у давом этаётир. Айнан шунинг учун ҳам унинг фаолиятини кузатиш, муваффақият ва имкониятларини тарозига солиб кўриш одамга жуда мароқли ишдай туюлади.
II
2001 йилнинг 28 февралида Тожикистоннинг «Ленинобод ҳақиқати» газетасида Ҳ.Мелибоев имзоси билан «Эҳтиёт бўлинг, азизлар!» деб номланган каттагина мақола эълон қилинган ва у қуйидагича бошланган эди: «Тожикистон ва Ўзбекистон жумҳуриятлари орасидаги чегара минтақаларидан тарқалаётган хабарлар: мина портлашлари оқибатида ҳалок бўлганлар ва ярадор бўлаётганларнинг кулфатли рўйхати ўсиб бормоқда. Исфара, Ашт, Панжакент, Ўратепа, Ғончи, яна Исфара… биргина Исфара районида кейинги ярим йилда беш ёки олти марта фожиа юз берди. Бир неча киши — аёллар, болалар, йигитлар ҳалок, ўнлаб одамлар ярадор бўлди. Нега шундай бўлмоқда? Ким айбдор бунга?».
Албатта, бу оғир саволлар оддий одамлар бошига тушган мусибат кўламини ёрқинроқ кўрсата олади. Ўтган асрнинг 90-йилларида Тожикистондаги нотинчликлар сабаб миналанган чегаранинг тоғ ҳудуди, таассуфки, тўполонлар тинчигач ҳам тозаланмади. Гўёки ҳамма бирдан буни унутди. Оқибатда ўнлаб одамларнинг ўлимига сабаб бўлган ушбу сиёсий акт худдики ўзбек — тожик муносабатларининг салбий характери тимсоли сифатида тарихга кирди.
Албатта, тарих саҳифалари доим оқ ва бегидир бўлмаган. Лекин мозийнинг донишмандлиги шундаки, хатоларни англаш ва уни тузатиш учун унинг ўзи саҳнага муносиб шахсларни олиб чиққан. Бу гал ҳам шундай бўлди. 2016 йилда Шавкат Мирзиёевнинг иқтидорга келиши икки қардош халқ ва давлат ўртасидаги алоқаларга илиқлик олиб кирди. Чегаралар очилди, миналардан тозаланди. Бу воқеаларни Тожикистон миллий университети ректори, иқтисод фанлари доктори, профессор Қобилжон Хушвахтзода 2020 йил «Халқ сўзи» газетасида чиққан мақоласида шундай эсга олади:
«Йил бошида мамлакатларимиз расмийлари Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасидаги чегараларга ўрнатилган миналар бутунлай тозаланганини эълон қилди. Оддий тожикистонликлар, айниқса, Ўзбекистон билан чегарада яшаётган кишилар чегаралар минадан тозалангани ҳақидаги хабарни қувонч билан кутиб олишди.
Чегарадаги инсон ҳалокатига сабаб бўлган дастлабки мина портлаши Исфарада, 2000 йилнинг 29 августида юз берган. Бу портлаш натижасида Ўзбекистоннинг Бешариқ тумани билан чегарадош Қизилпилол қишлоғида яшайдиган икки аёл ва икки қизалоқ ҳалок бўлди. Бир аёл ва яна бир қизалоқ яраланди.
Қизилпилолдан сўнг Исфаранинг Лаккон, Офтобрў, Кулкент, Чилғози, Нефтеобод каби аҳоли масканларида, Шимолий Тожикистоннинг Ашт, Конибодом, Панжакент, Шаҳристон туманларида яшайдиган кишилар ҳам қурбон бўлишди. Мина қурбонларидан бирортаси на террорчи, на бангивор модда ташувчи бўлган. Бири мол боқиб юрган, бири равоч териш учун тоққа чиққан ё Ўзбекистон томонида яшайдиган қариндошларини кўриб келишга отланган оддий одамлар бўлишган… Хайрият, бу кунлар ўтиб кетди…».
Матбуотимизда деярли тилга олинмаган, бугун худди оддий ишдек эслаб ўтиб кетиладиган, аслида юзлаб одамларнинг жонини асраб қолишга, минглаб оилаларни аламли кулфат домидан қутқариб олишга қаратилган ушбу қарорни қабул қилиш шунчалик жўн ишми?!
Эътибор қилинг, Тожикистон раҳбари қарийб 20 йиллик «сукут»дан сўнг 2018 йилнинг августида илк бор Тошкентга давлат ташрифи билан келди. Тарихи, маданияти ва ҳатто муаммолари ҳам битта бўлган икки қўшни халқ худди совуқ уруш ҳолатига кирган давлатлардек бир-бирига тескари қараб яшади. Ҳолбуки, бу халқларнинг аждодлари минг йиллар қўни-қўшни бўлиб, яшашган, қиз олиб, қиз беришган, қуда-андачилик, қариндошлик ришталари бир-бирига боғланиб, эт билан тирноқдай қапишиб кетган эди…
Таассуфки, тожик-ўзбек халқлари ҳаётининг яқин ўтмишидан юлиб олинган ушбу лавҳа минтақадаги барча давлатлар билан бўлган муносабатларга жуда уйқаш эди. Гарчи Қозоғистон ёки Қирғизистон билан чегараларимиз ёки чегараолди ҳудудларимиз миналанмаган бўлса-да, қўшнилар билан алоқалар ҳаминқадар, чегаралар ёпиқ эди. Шундай замонлар бўлдики, қўшни давлатга чиқиш бошқа бир хориж мамлакатига чиқишдан мураккаброқ бўлиб қолди. Албатта, қўшнилар ўртасидаги бундай элитар сиёсат миллий жамиятларга, одамлар руҳиятига ҳам таъсир қилди. Минтақавий миллатчилик авж олиб кетмаган бўлса-да, халқларимиз орасида «сеники-меники», «биз ҳаммадан кўра минтақа умуммеросига муносиброқмиз» ёки «бу ерларнинг ҳақиқий эгаси аслида бизмиз», деганга ўхшаш радикал ва келажагимиз учун ўта хавфли бўлган хомхаёл концепцияларнинг болалашига замин яратди.
Ҳайратланарлиси шундаки, Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон нафақат дунё, қолаверса, минтақа учун ҳам деярли ёпилган ўша даврда саҳнага келди ва асосий қиладиган биринчи иши қўшни давлатлар билан алоқаларни тиклаш ва узоқ йиллардан буён метин бўлиб кетган музни эритиш эканини баралла эълон қилди. Аммо бу нафақат қийин, балки ўта мураккаб иш эди. Шунинг учун бу даъватга «сиёсий эҳтирос» деб қараганлар, иккиланганлар ҳам кўп бўлди.
Очиғи, Шавкат Мирзиёевга ишонмаган таҳлилчию сиёсатчиларнинг қўлларида бақувват асослари, фактлари бор эди. Жумладан, 10 йилдан ортиқ вақт давом этган «мудроқ» интеграция даврида оммавий ахборот воситалари, таҳлилчи ва минтақа ҳаёти билан шуғулланувчи сиёсатчилар Марказий Осиё мамлакатлари орасида сув, чегара, этник ва бошқа можароларнинг аломатлари тўғрисида кўп ёзишди. Совет тизимидан мерос бўлиб қолган ва мустақилликнинг ўтган ўттиз йилга яқин даврида ҳал этилмаган чегаралар делимитацияси муаммоси, ҳақиқатан ҳам, давлатлар ва халқларни бир-биридан бегоналаштиришга, орада қутқу чиқаришга яхшигина асос ролини ўйнаши мумкин эди.
Қолаверса, тадқиқотчиларнинг аксарияти бугунгача Марказий Осиёдаги интеграция ва регионализация барбод бўлганининг муҳим далили сифатида Фарғона водийсидаги чегаралар муаммолари ҳал этилмаганини келтиришарди.
Минтақа давлатлари ва халқларининг умумий ўхшашлигини фақат тил ва маданият, урф-одатлар, чопон-дўппи ёки миллий таомлар — ош, шўрва, палов, бешбармоқгина белгилайди, дегувчилар бироз адашган бўлади. Шу ўринда буларга қўшимча равишда уларнинг муаммолари, орзу-армонлари ҳам якранг эканини айтсак, тўғрироқ бўлади.
Шавкат Мирзиёев айнан шу — анчадан буён токчада турган, образли қилиб айтганда, ечими чўнг бир сиёсий ирода талаб қиладиган муаммони жойидан қўзғатди: чегара, сув ҳавзалари, трансчегаравий дарёлардан фойдаланиш каби кенгашибгина ечиш мумкин бўлган масалаларни ҳал этишга киришди.
Кўпчилик «Ўзбекистон ўша пайтларда ёпиқ сиёсат юритган бўлса бордир, аммо бошқа тўрт давлатнинг қўлини ушлаб турган эмасди-ку, нима учун бугунги илиқлашув жараёнларига Ўзбекистонни кўпроқ сабабчи қилиб кўрсатасиз?» дейиши мумкин ва бу гапларда асос ҳам бор. Ҳақиқатан ҳам, Ўзбекистон гарчи қўшнилари билан совуқ муносабат олиб борган бўлса-да, аслида бошқаларнинг эркини боғламагани бор гап.
Аммо гап шундаки, Ўзбекистон минтақанинг энг кўп нуфусга эга, геоиқтисодий ва геосиёсий жиҳатдан хийла бақувват, деб кўриладиган икки давлатидан бири. Қолаверса, Марказий Осиёнинг юрагида жойлашган мамлакатимиз барча қўшнилар билан (ҳатто, Афғонистон билан ҳам) чегарага эга. Албатта, бундай устунлик унинг мавқеини ҳам, мақомини ҳам анча юқори кўтаради. Фақат иккинчи раҳбариятнинг биринчисидан фарқи шунда эдики, у бу қудрат ва устунликдан атрофдагиларни эгилтиришда, «попугини пасайтириб қўйиш»да фойдаланишга ҳаракат қилмади, балки очиқ, кўзга кўриниб турган муаммоларни ҳал этиш ва дўстлик, қардошлик алоқаларига янги туртки беришга йўналтирди.
2017 йилда Тожикистон, Қозоғистон, Қирғизистон билан чегара пунктларининг очилиши узоқ йиллик узилишдан сўнг минтақа артериясидаги тиқинни юлиб олди. Илиқлашув ва самимий алоқалар нафақат одамлар кайфиятида, балки иқтисодиёт ва сиёсатда ҳам балқиб кўрина бошлади. Бу Шавкат Миромонович сиёсатининг ҳаётбахш импульси эди. Айни шу кезларда бошида ишонмаган, иккиланган таҳлил марказлари энди минтақа атрофидаги интеграция ва регионализация ҳақида турли башоратлар бера бошлади.
Шуни алоҳида урғу бериб айтиш керакки, бугун Ўзбекистоннинг қўшнилари билан чегара бўйича деярли муаммоси қолган эмас. Атиги олти йил ичида бу — ўттиз йилдан буён судралиб келаётган муаммо, айтиш керак бўлса, энг жиддий сиёсий, этник ва яна қўшниларни бир-биридан бегоналаштириб туришига асосий сабаб ўлароқ кўриладиган масаланинг ҳал этилиши оддий иш эмас.
Шу йил 27 январь куни Бишкекдаги «Ала-Арча» қароргоҳида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Қирғизистон Президенти Садир Жапаровнинг тор ва кенгайтирилган доирадаги учрашуви бўлиб ўтди. Унда 20 дан ортиқ икки томонлама ҳужжатлар алмашинилди. Жумладан, Жиззах вилояти билан Иссиқкўл вилояти, Андижон вилояти билан Ўш вилояти, Фарғона билан Боткен вилояти ҳамда Наманган вилояти билан Жалолобод вилояти ўртасида ҳамкорликни кенгайтириш бўйича комплекс дастурлар қабул қилинди.
Бундай узун жумлалар тузиш ва икки давлат маъмурий бирликларини қалаштириб санашимизнинг, албатта, сабаби бор. Сабабки, Ўзбекистон ва Қирғизистон мустақилликнинг ўтган 30 йилида кўп-кўп кўнгилсизликларни бошидан кечиришга мажбур бўлди. Ихтилофлар этник, сув ва чегара муаммолари ортидан чиққанини барчамиз яхши биламиз. Ушбу учрашувда икки давлат Президентларининг қўшничилик муносабатларини расмий, элитар сиёсатдан қуйироққа туширишидан кўзланган мақсад, биринчидан, халқ дипломатиясига кўпроқ урғу бериш бўлса, иккинчидан, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ўртасида савдо алоқаларини йўлга қўйиш, иқтисодни ҳаракатга келтириш, қолаверса, қўшнилар ўртасидаги тинган муносабатни тиклаш эди, десак, янглишмаган бўламиз.
«Ала-Арча» учрашувида яна бир тарихий қарор — икки давлат ўртасидаги чегаралар делимитациясини ҳал этиш бўйича қарор қабул қилинди.
«Биз ҳар бир масалани ҳар томонлама пухта, шошилмасдан кўриб чиқдик. Ва бизда энди ҳеч қандай муаммоли саволлар йўқ. Қирғизистон ва Ўзбекистон мустақиллигининг 31 йили давомида тарихда биринчи марта бундай даражадаги муносабатларга эришди», — деди Ўзбекистон раҳбари ўз баёнотида. Шавкат Мирзиёев чегара масаласини эрта ҳал қиламиз, индин ҳал қиламиз, дейиш билан орадан ўттиз йил ўтиб кетганини ва ниҳоят бугун ушбу муҳим ҳужжат имзоланганини айтди ҳамда бунинг учун Қирғизистон раҳбарига ташаккур билдирди.
Ўз навбатида, Садир Жапаров ҳам Ўзбекистон — Қирғизистон муносабатларининг янги тўлқинини тарихий воқеа, деб атади: «Қирғизистон қардош Ўзбекистон билан яхши қўшничилик руҳидаги ҳамкорликни ривожлантиришга алоҳида ­эътибор қаратади. Биз учун Ўзбекистон ҳақиқий дўст ва ишончли стратегик шерикдир. Бугун биз қирғиз — ўзбек чегарасини делимитация қилишни якунлаяпмиз. Бу, ҳақиқатан ҳам, тарихий воқеа… Ишончим комилки, чегаралар масаласига чек қўйиб, биз келажак авлодларимиз камолотига мустаҳкам пойдевор қўямиз. Муҳтарам Шавкат Миромонович, қирғиз — ўзбек чегарасини делимитация қилиш бўйича муҳим масалаларни ҳал этишда Сизнинг беқиёс ҳиссангиз борлигини қайд этмоқчиман…».
Очиғи, бундай самимий муносабатлар ва халқларимизнинг тинч­осуда яшашлари учун гаров вазифасини ўтовчи келишувларга эришиш хамирдан қил суғургандай силлиқ битадиган иш эмаслигини барчамиз яхши биламиз. Қирғизистон билан муносабатларнинг илиқлашуви ҳақида гапирганда, албатта, Хитой — Қирғизистон — Ўзбекистон темир йўли қурилишига старт берилганини ҳам алоҳида эслаш жоиз. Фақат масала мавзу жиҳатидан ўзгачароқ бўлгани учун уни кейинроққа қолдирамиз.
Юқорида эслаганимиздек, кўп сиёсатчилар Марказий Осиёдаги минтақавий интеграцияга назария сифатида ҳам ишончсизлик билан қараган ва бунга ҳали санаган омиллардан ташқари, минтақанинг жўғрофий номи узоқ йиллар — Ўрта Осиё ва Қозоғистон, деб аталгани, қолаверса, ушбу икки давлат тараққиёт векторлари турличалигини сабаб қилиб келтиришган. Тўғрисини айтганда, ён қўшнилар 90-йиллар бошида минтақанинг номини ўзгартиргандан кейин ҳам ушбу янги атама фақат тадқиқотчилар учун геосиёсий бир макон нуқтаи назаридан эсланди, холос. Амалий жиҳатдан тарихда Туркистон ўлкаси, деб аталган ҳудудда янгидан пайдо бўлган постсовет миллий республикалар ўртасида ижобий яқинликдан кўра кўпроқ бўлиниш тенденциясини кўрдик. Масалан, бундан ўн йиллар илгари ҳам Қозоғистон ўзини Марказий Осиёдан кўра кўпроқ Евроосиё мамлакати деб аташни хуш кўришини сезиш қийин эмасди. Юқорида эслаганимиз Қирғизистоннинг ҳам, Тожикистону Туркманистоннинг ҳам умумминтақа борасидаги ўй-хаёллари ўта скептик эди. Ва бу манзара таҳлилчиларнинг қўшниларнинг якдиллаша олмаслиги ҳақидаги башоратларини гўёки қўллаб турадигандай эди. Бироқ Тошкент — Остона алоқаларининг янги тўлқини айни тезисларнинг пуч эканини кўрсатди. Хусусан, Шавкат Мирзиёевнинг минтақавий сиёсатида Қозоғистон асосий нуқта эди, десак тўғри бўлади. Негаки, минтақа бирикувида шу икки мамлакат локомотив вазифасини ўташини деярли барча сиёсатчилар бирдек эътироф этишади ва бу тўғри ҳамдир.
2016 йилда бошланган ўзбек — қозоқ муносабатларининг янги тарихи 2022 йилга келиб ўзининг олий нуқтасига етди. Айни шу йилнинг 21-22 декабрь кунлари Қозоғистон Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев давлат ташрифи билан Ўзбекистонга келди. Айтиш мумкин бўлса, ушбу ташриф ва учрашув нафақат минтақанинг икки етакчи давлати ижтимоий-сиёсий ҳаётида, балки Марказий Осиё деб аталувчи минтақа тақдирида ҳам муҳим бурилиш ясади.
Жумладан, ўша кунлари икки давлат ўртасида «иттифоқдошлик муносабатлари тўғрисида» битим имзоланди. Халқаро кузатувчилар ва таҳлил марказлари томонидан «тарихий» деб баҳоланган мазкур битим нафақат икки давлат ҳамкорлик даражасини белгилагани, балки бутун Марказий Осиёда тинчлик, барқарорлик ва хавфсизликнинг муҳим омили сифатида талқин этилгани билан ҳам ғоятда аҳамиятли эди.
Албатта, Тоқаев биргина шу ҳужжатни имзолаш учунгина Тошкентга келмаганди. Ташриф давомида бир қатор бошқа ҳужжатлар ҳам имзоланди. Шулардан яна бир муҳим ҳужжат икки давлат чегарасини демаркация қилиш тўғрисидаги битим бўлди. Шу имзо алмашувлар орқали бундан буён Ўзбекистон билан Қозоғистон орасида ҳеч қандай чегара муаммолари қолмагани ўша куни расман эълон қилинди. Қўшни давлатлар мустақилликнинг 30 йиллик тарихидан кейин мана шундай ҳал қилувчи қарорлар қабул қилиш учун ўзларида куч топа олди ва бунда, шубҳасиз, Шавкат Мирзиёевнинг сиёсий иродаси муҳим роль ўйнади, десам, ҳеч ким бу гапимни инкор қилмаса керак.
Ўзбекистон Президентининг ташаббуси ва амалий ҳаракати билан бугун мамлакатнинг қўшнилар билан чегара муаммоси деярли ҳал этилди.
Мен юқорида жаноб Мирзиёевнинг давлат раҳбарлигига келиши қалтис даврга тўғри келди, дер эканман, бу ноўнғай масалаларга «афғон муаммоси» факторини ҳам қўшган эдим. Ҳақиқатан ҳам, Афғонистондаги ижтимоий-сиёсий ҳаёт минтақа давлатлари хавфсизлигига, тараққиётига таъсир қилиши кундай равшан гап.
Айниқса, 2021 йилда афғон диёрида юз берган кескин ўзгаришлар оқибатини олдиндан айтиб бўлмайдиган кўп ҳолатларни ўртага чиқарди. Минтақадаги асосий геосиёсий ўйинчилар маслаги ва қарашларидан фарқли ўлароқ, Ўзбекистон бу сафар мазкур муаммога ўз миллий манфаатлари, қолаверса, минтақа хавфсизлиги нуқтаи назаридан ўта муҳим ташаббус ва таклифларни илгари сургани билан бошқалардан ажралиб турди. Жумладан, айни ўша кунлардан бошлаб, Афғонистон Ўзбекистоннинг ташқи сиёсатидаги асосий мавзулардан бирига айланди. Масалан, кейинги 6-7 йилда Ўзбекистон томони ёки Президент Шавкат Мирзиёев қатнашган бирорта халқаро учрашув, форум ва йиғилиш ўтмадики, «Афғон муаммоси» кўтарилмаган бўлса.
Бундан ташқари, 2018 йилнинг 26-27 март кунлари Тошкент шаҳрида Афғонис­тон бўйича олий даражадаги «Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик» мавзусидаги халқаро конференция ҳамда 2021 йил 15-16 июль кунлари яна мамлакатимиз пойтахтида «Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий ўзаро боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар» мавзусида халқаро конференциялар ўтказилди.
Тўғри, Афғонистон ва минтақамиз турли давлатлар таҳлил марказларида турлича, масалан, Марказий Осиёнинг беш давлатини Афғонистондан ажратиб, баъзиларида (Ғарб, айниқса, АҚШ) эса қўшиб ўрганишади ва мулоҳаза юритишади. Бироқ асосий гап шундаки, ёнингда яшаётган қўшнинг устидаги кийими ёки исмини ўзгартиргани билан масала ўзгариб қолмайди.
Худди шундай, Ўзбекистон раҳбари ҳам мазкур муаммога прагматик нуқтаи назардан ёндашди: Афғонистоннинг барқарор тараққиётини таъминлаш ва мамлакатни минтақавий иқтисодий жараёнларга интеграция қилиш ғоясини илгари сурди ва бу борада амалий ишларга қўл урди. Жумладан, БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида ҳам Мозори Шарифдан Ҳинд океани портларига олиб чиқадиган янги «Мозори Шариф — Кобул — Пешовар» темир йўлини қуриш таклифини илгари сурди. Айни таклиф Афғон диёрини, иқтисодиётини минтақамиз, қолаверса, дунёга интеграция қилишда жуда долзарб лойиҳа эканини бугун халқаро ҳамжамият бирдек эътироф этмоқда.
Бундан ташқари, Ўзбекистон жанубдаги қўшниси билан минтақа халқларига хос қўшничилик ришталарини ҳам эсдан чиқараётгани йўқ. Хусусан, бугун бизда қарийб 300 нафар афғон талабаси таълим олмоқда. Деярли ҳар йили инсонпарварлик ёрдами жўнатилмоқда. «Сурхон — Пули Ҳумри» электр қуввати узатиш линияси қурилишига ёрдам бериш баробарида мамлакатнинг энергия ресурсларига бўлган эҳтиёжларининг ўттиз фоизга яқинини қоплаяпмиз. Албатта, бу жараёнлар қўшни давлатни минтақадаги интеграцион жараёнларга кенгроқ жалб қилиш, мамлакатда тинчлик ва барқарорликни таъминлашни мақсад қилгани билан аҳамиятлидир.
Шавкат Мирзиёевнинг қисқа даврдаги қайноқ ва айни пайтда тезкор фаолияти минтақа бўйича бугунгача яратилган кўплаб концепцияларни қайта кўриб чиқишга ва бу борада янгича илмий назарияларга эҳтиёжни пайдо қилди. Хусусан, бугун тадқиқотчилар Марказий Осиёдаги регионализация тўғрисида гапира бошлашди. Дарҳақиқат, яқин тарихда — Ўзбекистон раҳбари ташаббуси билан 2017 йилда ташкиллаштирилган минтақа раҳбарлари маслаҳат учрашуви форматидаги йиғилишлар пайдо бўлгунча бунга ишора қилувчи бирорта омил ҳам, асос ҳам йўқ эди.
Ўрни келганда шуни алоҳида айтиш керакки, Шавкат Миромонович ташаббускори бўлган минтақавий жараён мустақилликнинг олдинги даврларидагидан, яъни у ёки бу тарзда 4 та давлат форматида ривожланганидан фарқли равишда бугун унда Туркман томони ҳам қатнашмоқда. Эндиликда Туркманистон ҳам Марказий Осиё деган «нимадир» бор эканини ва унга ўзи ҳам дахлдорлигини тан олмоқда. Бу, шубҳасиз, Ўзбекистон томонининг тарихий ютуғидир. Бундан ташқари, жаноб Мирзиёевнинг шахсий ташаббуси билан Тошкентда Марказий Осиё халқаро институтининг пайдо бўлиши бу борада энди хотиржам ва ишонч билан гапириш имконини пайдо қилди.
Ўзбекистоннинг дунёга очилиши ва мамлакат раҳбарининг шаффоф ва прагматик сиёсати минтақа ташқи сиёсатидаги векторларига ҳам ижобий таъсир кўрсатди. Илгари ЕОИИ, ШҲТ, КХШТ доирасидагина иштирокчи бўлган қўшни давлатлар Тошкент фаоллигининг инъикоси ўлароқ, халқаро ва макроминтақавий ҳамкорлик бирлашмаларига «тортила» бошлади. Масалан, 5+1 формати бугунгача минтақа сиёсий ҳаётига деярли таниш эмас эди.
Бугун Марказий Осиёнинг АҚШ, Хитой ва Европа Иттифоқи билан шу тартибдаги алоқаси йўлга қўйилди. Албатта, буни глобал қудратларнинг минтақадаги салмоқ пойгасига қиёслаш ҳам мумкиндир, бироқ масалага қай томондан қаралмасин, ҳудуднинг глобал дунё сари очилаётгани ва унга интеграция бўлишга мойиллигини кўриш мумкин.
Шу маънода, бугун минтақамизни иқтисодий-сиёсий ва мафкуравий жиҳатдан янгиланиш йўлига ўтган геосиёсий макон, десак, адашмаган бўламиз. Айни масалада Президент Шавкат Мирзиёев яқинда Хитойга ташрифи давомида сўзлаган нутқида «…Бугун Марказий Осиё бутунлай янги — жипслашган ва кучли, мулоқот ва кенг кўламдаги шериклик учун очиқ минтақадир» деганида мутлақо ҳақ эди. Ва бу қатъий мулоҳазанинг пайдо бўлишида Ўзбекистон томонининг роли ниҳоятда катта эканини халқаро жамоатчилик ҳам эътироф этиб турибди.
Хусусан, Шотландиядаги Сент-Эндрюс университетининг катта ўқитувчиси, доктор Филиппо Коста Брюнелли «Марказий Осиёда регионализм ва минтақавий тартиб» деб номланган мақоласида «…Масалан, агар мендан қайси мамлакат минтақадаги хавфсизлик муаммоларини ҳал этишга кўпроқ ҳисса қўшяпти, деб сўрасангиз, Ўзбекистон деб жавоб берган бўлар эдим. Марказий Осиёнинг барча мамлакатлари Ўзбекистонни яхши қўшни, деб билади. Туркманистон лойиҳалар ва тобора кенгайиб бораётган минтақавий мулоқотга жалб этилмоқда», дейди ва Шавкат Мирзиёев ҳаракатларидан илҳомланиб, минтақани яратиш ва минтақа барпо этиш ҳақидаги ғоялар унчалик умидсиз ҳам, мавҳум ҳам тушунча эмас, дея эътироф этади. Шунингдек, Марказий Осиё Иттифоқи борасидаги фикрларини дастаклаш учун айни замонда мавжуд бўлган Европа Иттифоқи, Лотин Америкасидаги МЕРКОСУР, Жануби-шарқий Осиёдаги АСЕАН, Африкадаги Африка Иттифоқи, Араб Давлатлари Лигаси фаолиятини мисол қилиб келтиради.
Тўғрисини айтинг-чи, ушбу мулоҳазалар Шавкат Мирзиёевнинг минтақамизда олиб борган ва давом эттираётган сиёсатига муносиб баҳоми ёки йўқми?!
III
— Собиқ иттифоқ парчаланганидан сўнг денгизга чиқиш имкони бўлмаган давлатлар сони 29 тага етди, — дея қайд этади мутахассислар. Ўзбекистон бу рўйхатда алоҳида ўрин эгаллайди, чунки у жаҳон уммонига камида икки давлат орқали чиқадиган иккита мамлакатдан биридир. Айни масалада қолган қўшниларимиз аҳволи ҳам унчалик яхши эмас.
Минтақадаги биргина катта сув ҳавзаси — Каспий ҳам «ёпиқ денгиз» «мақоми»га эга. Шундай экан транспорт йўлларидан узоқ бу жўғрофий-сиёсий жойлашув қўшнилардан ўзаро аҳил бўлиб ҳаракат қилишни талаб этиши турган гап.
Тўғри, мустақилликнинг илк йилларида ҳам минтақамизни жаҳон транспорт йўлакларига интеграция қилиш бўйича бирмунча гаплар бўлган. Аммо бу мулоҳазалар фақат таклиф ва сўзлигича қолиб кетди. Орада Ўзбекистоннинг қўшнилар ва умуман, кенг дунёга нисбатан тутган позицияси ушбу масалани тамоман музлатди, бошқаларнинг ҳам кўнглини ушбу лойиҳалардан совитди.
Таҳлилчилар Шавкат Мирзиёевнинг бугунги очиқ ва прагматик сиёсатини барча томони қуруқлик билан ўралган Марказий Осиёнинг ушбу «чуқур уйқуда»ги глобал муаммоси ечими сифатида кўрмоқда. Дарҳақиқат, Ўзбекистоннинг янги раҳбари иш бошлаган илк кунларданоқ биргина транспорт «даҳлизи»га боғланиб қолган минтақа учун дунёга чиқишнинг бошқа муқобил йўллари — транспорт маршрутларини ранг-баранглаштириш истиқболларини қидирди ва бу борада дадил ҳаракатлар бошлади. Бу ҳаракатлар Тошкентнинг Транскаспий ва Транскавказ транспорт йўлакларидан самарали фойдаланиш ҳамда «Хитой — Қирғизистон — Ўзбекистон» (бу йўлни келажакда Транскаспий ва Транскавказ йўлакларига улаш режалаштирилмоқда), учинчи йўл эса Афғонистон орқали жануб сари Эрон, Покистон ва Ҳиндистон бандаргоҳларига олиб чиқадиган темир йўл магистрали лойиҳалари қурилишини бошлаш ва ишга тушириш жараёнларининг қуруқ сўзлардан амалий ишга ўтгани билан ижобий характерга эга бўлди.
Транскаспий темир йўл магистрали Ўзбекистон учун ҳам, бошқа қўшниларимиз учун ҳам муҳим логистика маршрутларидан бири ҳисобланади. Яъни мазкур йўл орқали юкларни Каспий денгизидан Кавказга, у ердан эса Ўрта Ер денгизидаги портларга олиб чиқиш имкони бор. Бу, дейлик, Ўзбекистон ёки Тожикистон ўз товарларини Туркия орқали Жанубий Европа, Шимолий Африка, Яқин Шарқ минтақаларига нисбатан осон ва арзон нархларда етказиб бериш имкониятини пайдо қилади, деганидир. Мазкур маршрут истиқболлари ва Каспийбўйи давлатлари ҳамда Туркия орқали минтақамиздан Европага жўнатиладиган савдо юклари оқимини ошириш бўйича Ўзбекистон 2019 йилда аъзо бўлиб кирган Туркий давлатлар ташкилоти (ўрни келганда шуни айтиш керакки, бу ташкилотнинг наинки фаолияти, балки мавжудлигига Ўзбекистон узоқ йиллар рўйхушлик бермай келди. Биринчи ҳокимият айни тузилма қиёфасида фақат этномаданият, этнолингвистик умумий маънода айтганда, мафкуравий ғояларнигина кўрган бўлса, ажаб эмас. Аммо Шавкат Мирзиёев ташкилотга аъзо давлатлар жойлашуви, жаҳон геосиёсий ва геоиқтисодий маконидаги мақомига ҳам эътибор қаратди. Бу узоқни кўзлаган сиёсат бугун нафақат мамлакат, балки минтақа давлатлари учун ҳам кенг истиқболларни очиб берди) форматида ҳам бир неча бор фикр алмашилган ва «Хитой — Қирғизистон — Ўзбекистон — Туркманистон — Озарбайжон — Грузия — Туркия — Европа» халқаро мультимодал йўналишининг аҳамияти алоҳида урғуланган эди.
Шуниси эътиборлики, юқорида айтганимиздек, «Хитой — Қирғизистон — Ўзбекистон» темир йўли қуриб битказилгач, Чин диёридан бизга қараб йўналган пўлат излар айнан Ўзбекистондан Афғонистон орқали жанубга, Транскаспий ва Транскавказ йўллари орқали ғарбий темирйўл артерияларига уланади.
Янги йўналиш ҳақли равишда дунё иқтисодиётида биринчиликка даъво қилаётган Хитойга нафақат минтақамиз, балки бизга қўшни Афғонистон ҳамда ҳозир Жанубий Осиёдаги энг яқин ҳамкори бўлган Покистон билан қуруқлик орқали тезкор боғланиш имконини беради…
Узоқ йиллар «музлаб» турган мазкур лойиҳалар атрофидаги ишларнинг фаоллашуви минтақа, қолаверса, дунё фаб­рикаси номини олаётган буюк қудрат — Хитой учун муқобил ва фойдали ушбу транспорт йўналишларининг пайдо бўлишида Ўзбекистоннинг, Шавкат Мирзиёевнинг роли нечоғли бўлганига тарих ҳали, албатта, ўз баҳосини беради.
Кўп илмий тадқиқотлар ва таҳлилий материалларга мавзу қилиб олинадиган Хитойни Европа билан боғлашни ўз ичига сингдирган, энг қисқа ва камхарж деб хулосаланаётган «Хитой — Қирғизис­— Ўзбекистон» темир йўли лойиҳаси ҳам шахсан Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуслари ва янги Ўзбекистоннинг дипломатик муносабатлари самараси туфайли кун тартибига чиқди, десак, ҳаддимиздан ошмаган бўламиз. Чунки бу борадаги дастлабки амалий ишлар айнан ўтган йили Самарқандда бўлиб ўтган ШҲТ саммитида жиддий масала сифатида ҳужжатларга тиркалган эди.
Шу йил 18-19 май кунлари эса Хитойнинг Сиань шаҳрида ташкиллаштирилган «Хитой — Марказий Осиё» саммитида уч давлат раҳбарлари йўлни қуриш бўйича сўнгги тўхтамга келишди.
Бутун дунёда катта қизиқиш уйғотаётган мазкур темир йўлнинг умумий узунлиги тахминан 454 километрни ташкил этади. Йўналиш бўйлаб 18 та станция, узунлиги 26,1 километрдан бўлган 81 та катта ва ўрта кўприклар ва умумий масофаси 120,39 километрлик 41 та туннель қурилади. У ишга тушгач, Шарқий Осиёдан Яқин Шарқ ва Жанубий Европа мамлакатларига бўлган йўлни тахминан 900 километрга, юк етказиб бериш муддатларини эса 7-8 кунга камайтиради. Некбин тамсилларга кўра, юк ташиш ҳажми йилига 12-15 миллион тоннани ташкил этади.
Аср лойиҳаси номига даъвогарлик қилаётган мазкур транспорт йўналишининг аҳамияти ҳақида Ўзбекистон Президенти Сианда бўлиб ўтган «Хитой — Марказий Осиё» саммитида батафсил тўхталган ва жумладан, шундай деган эди: «…Хавфсиз, қисқа ва қулай транспорт коридорларини ривожлантириш стратегик аҳамиятга эга. Улар Хитойни бизнинг минтақаларимиз билан боғлаб, Европа, Яқин Шарқ ва Жанубий Осиё бозорларига чиқиш имкониятини беради.
Транс-Евроосиё магистрали буюк ипак йўлини тиклаш бўйича устувор лойиҳа ҳисобланади. «Хитой — Қирғизистон — Ўзбекистон» автомобиль ва темир йўли ушбу магистралнинг муҳим таркибий бўғинидир. Хитой ва қирғиз шерикларимиз билан биргаликда биз бу борада амалий ишлар босқичига ўтмоқдамиз.
Истиқболда ушбу лойиҳанинг амалга оширилиши ва Трансафғон коридорининг қурилиши «Бир макон, бир йўл» ташаббуси доирасида Хитойни Жанубий Осиё мамлакатлари билан муқобил йўллар орқали боғлаш имконини беради.
Шунингдек, транспорт коммуникация­ларини ривожлантириш бўйича миллий дастурларнинг уйғунлигини таъминлаш ва шу асосда узоқ муддатга мўлжалланган ягона стратегияни ишлаб чиқишни биринчи галдаги вазифа, деб ҳисоблаймиз».
Бугун Марказиё Осиёда кечаётган жараёнларга қарасангиз, унинг бир минтақа сифатида бирикиш томон силжиётганини, нафақат ўзаро, балки глобал сиёсат ва иқтисодиётда якдилликка интилаётганини ҳамда жаҳон интеграция жараёнларига жадал киришганини кузатишингиз қийин эмас.
Бу, ҳеч шубҳасиз, кейинги етти йил ичида минтақанинг юрагида жойлашган мамлакат — Ўзбекистоннинг ўзгаргани, қўшнилар, қолаверса, дунё ҳамжамияти билан очиқ сиёсат юритишга ўтгани ҳисобига юз бераётганини барча кўриб, ҳис қилиб турибди.
Президент Шавкат Мирзиёев ўз нутқларида, халқаро учрашувларда «биз бошлаган ишларимиздан, олдимизга қўйган улуғ ва хайрли мақсадлардан ҳеч қачон ортга қайтмаймиз» деган гапни жуда кўп такрорлайди. Кўпчиликка бу шунчаки бир чиройли хитоб ёки чақириқдек туюлиши мумкин. Аслида ундай эмас. Бугун Ўзбекистон раҳбари бошлаган ва амалга ошираётган ишлар ўз тарихий қадр-қимматига эга. Мен мақоламиз аввалида Президентимиз фаолияти ҳали кўп-кўп изланишлар, илмий тадқиқотларга мавзу бўлишини иддао қилган эдим. Яна қайтариб айтаманки, мен айни фикрда собитман. Фикримнинг исботи ўлароқ айтиш мумкинки, Шавкат Мирзиёев тарих учун арзимас муддат — олти-етти йил ичида дунё тан олган шундай ўзгаришларни қилишга ўзида журъат топа олди.
Ўйлайманки, яқин келажакда жаҳон ҳамжамияти Буюк ипак йўлининг қоқ марказида қудратли бир давлат пайдо бўлганини, тарихнинг унутилган саҳифалари қайта бунёд этилганини тан олади. Зотан, Шавкат Мирзиёев кўзларидаги учқун, ҳаракатларидаги собитқадамлик шундан далолат беради.
Мен ўз Президентимга ишонаман!

Қудратилла Рафиқов,
сиёсатшунос