Марказий сайлов комиссияси Матбуот марказида Халқаро ташкилотлар миссиялари вакиллари иштирокида брифинглар бўлиб ўтяпти. Сайловнинг қанчалик очиқ ва шаффоф ўтказилганига халқаро ташкилотлар миссиялари баҳо беришяпти.
Хитой Халқ республикаси кузатувчилар миссияси раҳбари Ван Кайвен:
– Сизлар билан учрашиб турганимиздан хурсандман. Ҳамкасбларимиз билан 7 июль санасидан бери шу ердамиз. 7 та сайлов участкасига бўлиб, кузатув ишларини олиб бордик. Бюллетенларнинг тайёрланиши ва сайловчиларни рўйхатдан ўтказиш масалаларидан тортиб барча сайлов жараёнлари билан яқиндан танишдик.
Жойларда сайловчилар, сайлов участкалари масъул ходимлари билан суҳбатлашдик. Марказий сайлов комиссияда қатор учрашувлар ўтказдик. Ўз навбатида сайлов комиссияси фаолиятини ўрганиб чиқдик. Ташриф буюрган барча участкаларимиз сайловга оид ҳужжатлар ва номзодлар бўйича ҳам маълумотлар билан таъминлангани ва сайлов жараёнлари самарадорлигига ҳисса қўшишганига гувоҳ бўлдик.
ОАВ ҳам сайлов жараёнларига етарлича эътибор қаратишди, деб ҳисоблаймиз. Делегациямиз сайловлар очиқ-ошкора, адолатли бўлиб ўтганини таъкидлайди. Барча жараёнлар Ўзбекистон Республикаси амалдаги қонунчилик ва умумэътироф этилган халқаро нормаларга мувофиқ ўтказилди. Мутасаддиларга қўллаб қувватлагани учун миннатдорчилик билдирамиз.
Бу каби сайловлар икки давлат ўртасидаги минг йиллардан бери давом этиб келаётган ҳамкорлигимизни янада мустаҳкамлайди, деб ҳисоблайман. “Буюк ипак йўли” давридан буён боғланган муносабатларимиз бугунги кунда янги даражага чиқяпти ва улар бир йўл ташаббусини амалга ошириш орқали янада ривожланади ва тарихан мисли кўрилмаган даражага кўтарилади, деган умиддамиз.
Барча сайловчилар ва ўзбекистонлик дўстларимни сайлов жараёнларини муваффақиятли ўтказгани билан табриклайман.



