Мен шу юрт фарзандиман

60

Фарзандларга болаликдан берилган тарбия ва таълим уларнинг эртанги камолини белгилайди. Яшнабод туманидаги 153-умумтаълим мактабида ўтказилган  «Мен шу юрт фарзандиман» деб номланган маънавий-маърифий харбий ватанпарварлик тадбири айнан ана шу мақсадни кўзда тутганлиги билан аҳамиятли. Дастлаб даврага Ўзбекистон Республикаси байроғи олиб кирилди. Ҳамма жўр бўлиб давлат мадҳиясини куйлади. Тадбир меҳмонлари — Тошкент шаҳар прокурори Эркин Йўлдошев ва Яшнабод туман ҳокими Бахтиёр Раҳмонқулов бугунги ёшлар олдидаги  бурч ва вазифалар ҳақида сўз юритишди. Уларнинг янги Ўзбекистон бунёдкори эканликларига ишонч билдиришди.
    

Ҳарбий ватанпарварлик руҳида тарбиялайдиган лагерга 3-9 синф оралиғидаги ўқувчилар Яшнабод туманидаги турли мактаблардан танлаб олинди. 20 кунлик лагерда оддий ўқувчи чинакам мард ўғлон бўлиб етишиб чиқиши учун барча шароит ва имкониятлар яратилди. Дастур асосида спорт мусобоқалари, ёнғин чиққанда биринчи ёрдам, душмандан ҳимояланиш каби машқларни ўрганиб, ҳарбийликнинг  сир-асрорларидан бохабар бўлишди. Улар лагерда ҳарбий тартиб-қоидалар асосида чинакам аскардек яшашди. Ҳатто, полигонга бориб, ҳарбий машқларни бажариб келишди. Автоматни ечиш ва йиғиш шартини деярли 10-12 секунд оралиғида бажаришди. Тадбир  иштирокчилари ўқувчиларнинг кўргазмали чиқишларини ҳам ҳаяжон ва ҳайратда томоша қилишди.
Эр йигитнинг йўли биттадир, у ҳам бўлса ватанни қўриқлаш. Тадбирда ота-оналар, тарбияланувчилар сўзга чиқиб, бундай маърифий-ҳарбий тадбир учун ташкилотчиларга ўз миннатдорликларни билдиришди. Ушбу масканда тарбияланган ўқувчиларнинг маънавий дунёқараши юксалиб, ватан муқаддаслиги, уни қўриқлаш эр йигит учун ҳам шараф, ҳам маъсулият эканлигини англаб этишгани юз-кўзларида намоён бўлиб турибди. Тадбир сўнггида лагерда тарбияланган ўқувчиларга ташкилотчилар томонидан ташаккурнома ва эсталик совғалари топширилди.
Дарҳақиқат, юрт тинчлиги, фаровонлиги, халқимиз аҳиллиги ватан ҳимоячиларига боғлиқ. Биз ушбу тадбир орқали чинакам ватанга поспон ўғлонлар тарбия топаётганлигига гувоҳ бўлдик.

       Ҳилола Иброҳимова.
              журналист.