Шавкат Мирзиёев туғилган кун муносабати билан Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари, шунингдек, Гурбангули Бердимуҳамедовдан табрикларни қабул қилиб олди.
Дастлаб, Шавкат Мирзиёев Туркман халқининг миллий етакчиси, Туркманистон Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедов билан телефон орқали мулоқот қилди. Туркманистон етакчиси давлатимиз раҳбарини таваллуд куни билан самимий қутлаб, қардош Ўзбекистон халқига тинчлик-осойишталик, фаровонлик ва равнақ тилади.
Шундан сўнг, Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов билан телефон орқали мулоқот бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон-Туркманистон амалий ҳамкорлигини янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинган ҳамда Туркманистон Президенти давлатимиз раҳбарини таваллуд куни билан дилдан қутлаган.
Шу билан бирга Тожикистон, Қирғизистон ҳамда Қозоғистон давлатлари раҳбарлари ҳам телефон орқали давлатимиз раҳбарини туғилган кун муносабати билан табриклаган. Улар Шавкат Мирзиёевга мустаҳкам соғлик, фаровонлик ва янги муваффақиятлар, қардош Ўзбекистон халқига тинчлик-осойишталик ва равнақ тилаганлар.



