Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари товар айланмаси 5 баробарга ўсган

46

Икки мамлакат ўртасидаги қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари товар айланмаси ҳажми сўнгги 5 йил ичида қарийб 5 баробарга ўсди ва 2022 йилда 40,8 миллион АҚШ долларини ташкил этди.

Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти (МҲТИ) экспертлари Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари (ТИФ ТН 01-24) савдосини таҳлил қилди.

Унга кўра, 2022 йилда Озарбайжон Ўзбекистоннинг қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортида 9-ўринни, импортида эса 33-ўринни эгаллади.

Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатларнинг қишлоқ хўжалиги вазирлари иштирокида 2022 йилнинг июль ойида бўлиб ўтган биринчи йиғилишда Озарбайжон ва Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги вазирлари қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳамкорлик бўйича “Йўл харитаси”ни имзолаганди.

“Йўл харитаси”да мамлакатлар ўртасида тажриба алмашишнинг асосий йўналишлари ўз аксини топган: қишлоқ хўжалигини суғурталаш, рақамлаштириш, давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ва ипакчилик соҳасида қўшма корхона ташкил этиш.

Фундук ва уруғсиз анор, пилла, пахта етиштириш каби йўналишларда ҳам яқин ҳамкорлик йўлга қўйилмоқда. 2023 йилда Халқаро автомобиль транспорти (eTIR) тизими бўйича Тошкентдан Боку аэропортига қуритилган ва сархил меваларнинг биринчи электрон ташуви муваффақиятли амалга оширилди.

Озарбайжон ва Ўзбекистон ўртасида қишлоқ хўжалиги соҳасида самарали ҳамкорликнинг давом этиши ҳар икки томонни ҳам қимматли билимлар ва илғор тажрибалар билан бойитиб, қишлоқ хўжалигининг маҳсулдорлиги ва самарадорлигини оширишга хизмат қилади. Бу эса ўз навбатида, икки мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига ижобий таъсир кўрсатади.