Ўзбекистон ва Қирғизистон фуқаролари учун давлат чегарасини кесиб ўтишнинг соддалаштирилган ягона тартиби жорий этилди

45

2023-йил 25-августда Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Қирғизистон Республикаси Ҳукумати ўртасида фуқароларнинг ўзаро келиб-кетишлари тўғрисидаги Битимга ўзгартиришлар киритиш ҳақида Баённома (Бишкек шаҳри, 2023-йил 27-январ) кучга кирди.

Унга кўра, икки давлат ҳудудига кириш, ундан чиқиш, транзит ўтиш, ҳаракатланиш ва унда бўлиб туриш учун идентификация ID-картасидан амалда фойдаланиш ўзаро келишувга кўра, 2023-йил 1-сентабрдан бошлаб йўлга қўйилади.

Баённома билан киритилган ўзгартиришларга мувофиқ, икки давлат фуқаролари учун давлат чегарасини кесиб ўтишнинг соддалаштирилган ягона тартиби жорий этилди.

Жумладан, бундан буён Ўзбекистон ва Қирғизистон фуқаролари 60 кунгача идентификация ID-картаси билан икки давлат ҳудудларига киришлари, ҳаракатланишлари ва унда бўлиб туришлари мумкин.

Шунингдек, Ўзбекистон фуқаролари хорижга чиқиш биометрик паспорти билан Қирғизистон Республикасига кириш, ундан чиқиш ва транзит орқали бошқа давлатларга ўтишлари мумкин.