Ёшлар ишлари агентлиги биносида Ватанимиз мустақиллигининг 32 йиллиги муносабати билан ташкил этилган “Энг улуғ, энг азиз” танловининг республика босқичи ғолибларини тақдирлашга бағишланган тадбир бўлиб ўтди.
Бу йилги танлов “Янги ҳаёт учун, Янги Ўзбекистон учун!” бош ғояси асосида ўтказилди.
Тадбирда сўзга чиққан Ўзбекистон Журналистлари уюшмаси раиси вазифасини бажарувчи Холмурод Салимов, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Дилшод Саиджонов, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги бош директори Абдусаид Кўчимов, Ёзувчилар уюшмаси раисининг ўринбосари Ғайрат Мажид ва бошқалар бу каби ижодий танловлар ижодкорларни янада масъулият билан ишлашга, изланишга ундашини таъкидладилар.
Бу йилги танловда ижодий ишлар 7 та номинация бўйича қабул қилинди. “Босма оммавий ахборот воситалари ходимларининг энг яхши журналистик ишлари”, “Телевидение ва радио ижодкорларининг энг яхши материаллари”, “Интернет журналистикаси”, “Публицистик жанрдаги энг яхши китоб учун”, “Ёзувчи ва шоирларнинг энг яхши бадиий асарлари”, “Тасвирий санъат, фото ва дизайн ишлари”, “Кино санъати асарлари” номинациялари шулар жумласидан.
Маълумотларга кўра, кўрик-танловнинг республика босқичига 7 номинация бўйича 345 нафар ижодкордан 1 минг 700 га яқин ижодий иш тақдим этилган.
Ҳакамлар ҳайъати аъзолари ижодий ишларни беш балли тизим бўйича мавзунинг долзарблиги, таҳлили, асарнинг бадиийлиги, истиқлол ғоясининг ифодаси, талқиннинг ўзига хослиги каби жиҳатларга асосий эътибор қаратди.
Кўрик-танловнинг “Босма оммавий ахборот воситалари ходимларининг энг яхши журналистик ишлари” номинациясига 74 нафар журналист ўзининг 359 та ижодий иши билан қатнашди. Танловга қатнашиш истагидаги даъвогарлар сафи кенгайиши билан бирга ижодий ишлар сифати ортгани эътиборлидир.
Тақдирланган журналистлар орасида бугун жамиятда фаоллик кўрсатаётган, ўз сўзини дадил айта олаётган кўплаб сўз усталари ва кино усталарини кўриш мумкин.
– Ушбу мукофотга мендан ҳам кўпроқ муносиб бошқа ҳамкасбларим ҳам бор эди. Афсуски, уларнинг айримлари орамизда йўқ, уларнинг айримлари оламдан ўтди. Мен бугунги мукофотни аввало уларники деб биламан, – дейди энг яхши тиббиёт ходими ролини ижро этгани учун тақдирланган Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Рустам Каримов.
Танловнинг «Публицистик жанрдаги энг яхши китоб учун» нооминациясида бу йил ўтган йилгига нисбатан кўп – 30 нафарга яқин ижодкорлар иштирок этди. Унда «ISHONCH» газетаси таҳририятининг 2022 йилда чоп этилган «2022. Нигоҳ» публицистик тўплами фахрли 2-ўринга муносиб кўрилган бўлса, 1-ўрин устоз журналист Маматқул Ҳазратқуловнинг «Китобим ичра сен борсан» публицистик асари учун берилди.
– Энг улуғ ва энг азиз байрам арафасида ижодкорларга кўрсатилаётган эътибордан жуда мамнунмиз, – дейди Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Маматқул Ҳазратқулов. – Аввало, юртдошларимизни кириб келаётган мустақиллик айёми билан қутлайман. Ижодкор учун берилган эътибор, нафақат унинг ўзига, бутун яқинлари, оиласи ва шогирдлари учун ҳам катта қувонч бағишлайди. Шу маънода бу эътибор кўнглимни тоғдек кўтарди. Келгусида янада шавқ билан ижод қилишга илҳом берди.
Тадбирда ғолиб ва совриндорлар тақдирланиб, санъат усталари иштирокида мусиқий дастур намойиш этилди.
Зебо НАМОЗОВА,
Ishonch.uz
Оператор: Қувонч ТЎРАЕВ.



