Жавобини кутаётган саволлар

78

Қачонгача тутун ютамиз?

Шароф Рашидов тумани «Халқобод» МФЙ Осиё қишлоғида истиқомат қиламан. Мазкур ҳудудда 100 дан ортиқ оила асосан янги ҳовлиларда яшайди. Маҳалла инфратузилмаси қониқарсиз даражада. Жорий йилда бир нечта кўчага шағал тўшалди. Бироқ аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида қувур ўтказиш учун сал эпақага келган йўллар яна эски ҳолатга келиб қолди. Ёзда чанг, ёғингарчилик палласида эса лой.

Ҳудудда аҳолини қийнаб келаётган яна бир муаммо борки, буни бартараф этиш учун бир неча маротаба ОАВда чиқишлар қилинди. Аммо ҳанузгача ижобий ечим топилгани йўқ. Яъни, Шароф Рашидов туманидаги Марказий чиқинди полигонидан деярли ҳар куни тутун осмонга ўрлайди. Шамол эса уни ёндош ҳудудлар – Осиё қишлоғи ва «Ғозғонтепа» ҚФЙ томонга йўналтиради. Шундай бўлгач, аҳоли тутун ютишга мажбур.

Хўш, биз қачонгача чиқиндилардан чиққан тутун ичида яшаймиз? Аҳвол қачонгача шу тарзда давом этади?

Раъно НУРМАМАТОВА
Шароф Рашидов тумани

Бекатлар йўловчиларга хизмат қилиши керакми ёки тадбиркорларга?

Бир вақтлар Андижон шаҳрида бекатларни сақлаб қолиш мақсадида улар тадбиркорларга берилган эди. Ҳозир куннинг иссиқ-совуғида, ёмғирли кунларда йўловчиларга пана бўлиши керак бўлган бекатлар кўпроқ савдо дўконларига айланиб кетди. Чунки уларда йўловчиларга эмас, харидорларга кўпроқ шароит яратилган.

Бекатлар ҳажми кичик, автобусларнинг йўналиш маршрутлари схемаси ва жамоат транспортининг ҳаракатланиш жадвали мавжуд эмас. Борларида ҳам ҳозир ҳаракатланаётган автобуслар қатнови вақтига тўғри келмайди, ногиронлар аравачаси учун махсус пандуслар мавжуд эмас, чиқинди қутилари ўрнатилмаган, ўриндиқлар етарли эмаслиги одатий ҳолга айланди.

Энди йўловчилар ёз фаслининг жазирамасида, қишнинг қаҳратонида кўрпачадай жойда жон сақлаб автобус кутишга мажбурлар. Йўналишдаги автобусларнинг қатнов жадвали илиниши керак бўлган жойлар кўпроқ ­эълонлар тахтасини эслатади.

Ҳозирча замонавий андозаларга мос ногиронлиги бўлган шахслар учун махсус пандус, 4G Wi-Fi, электрон табло, кузатув камераси, чиқинди қутиси ва LED экран ўрнатиладиган бекатлар вилоят маркази аҳолиси учун орзу.

Бу орзулар амалга ошишини эса вилоят транспорт бошқармаси мутасаддилари ҳукмига ҳавола қиламиз. Ажабмаски, тез орада масъуллар саъй-ҳаракатлари билан бекатлар тартибга солинса?!

 Илҳомжон ЭРКИНОВ
Андижон шаҳри

Етмиш йиллик муаммо бартараф этиладими?

Ҳар тонг қўшни аёллар билан кўчага чиқиб, пиёда юришни одат қилганмиз. 5-6 километр яёв юрамиз. Чунки бу саломатлик учун фойдали. Аммо юрак ҳовучлаб, хавотирда одимлаймиз. Сабаби машина уриб кетишидан қўрқамиз. Чунки кўчалар тор ва автомобиллар серҳаракат. Бу йиллар давомида бир неча марта пиёдаларни машина уриб кетган ҳолатлари бўлди.

Саҳарда қишлоқ нуронийлари туман марказидаги масжид томон пиёда йўлга чиқишади. Масжидга яёв бориш ҳам савоб, ҳам жисмоний тарбия.

Аммо юқорида айтганимдек, биз юрадиган Паканди – Чироқчи йўли жуда тор. Айнан шу йўлдан болалар ҳам мактабга қатнайди. Кўчамизда иккита таълим муассасаси бор. Шунинг учун пиёдалар йўлакчаси жуда зарур. Ўйлаб қоласан киши: пиёдалар йўлаги ташкил этиш шунчалар ­қийинми? Ким бу масала билан шуғулланади? Кўринишидан унчалик мураккаб бўлмаса-да, мана, ёшим етмишга кирди, муаммо ҳамон ечимини топгани йўқ.

Бизнинг дардимизни ким эшитади?

 Муқаддам ҚУРБОНОВА
Чироқчи тумани

Фойдали соҳа нега ривожлантирилмаяпти?

бу жонивор ҳар қандай иқлимга тез мослашади. Озуқа танламайди. Қисқа муддатда семиради. Болалари бошқа ҳайвонларникига қараганда ўзини анча эрта ўнглаб олади. Иқлимнинг ўзгаришига, куннинг жуда исиб кетиши ёки эрта совуқ тушишига тез мослашади. Парвариши камхарж бўлиб, алоҳида емиш ёки қаров талаб қилмайди. Жаҳон олимларининг фик­рича, сути кимёвий таркибига кўра она сутига яқин туради. Ҳа, сезган бўлсангиз, гап эчки ҳақида кетмоқда.

Жаҳон бўйича ишлаб чиқариладиган сутнинг атиги 2,6 фоизи эчки сутига тўғри келади. Япония, Швейцария, Греция каби мамлакатларда эчки сути кўп истеъмол қилинади. Бу давлатлардаги умумий сут маҳсулотларининг 60-70 фоизи эчки сутига тўғри келади. Эчки сутининг сигир сутига нисбатан шифобахшлик хусусияти юқори. У табиатнинг инсонга тақдим этган ноёб инъомидир. Ундан инсон организмидаги жамики касалликларнинг олдини олиш ва даволашда фойдаланиш мумкин. Эчкилар пуштдор бўлиб, ҳар йили биттадан, айримлари иккитадан болалайди.

Аммо негадир бу сердаромад чорвага эътибор суст. Рус оқ ва Заанен эчкилари бизнинг иқлимга аллақачон мослашган. Уларнинг момиқ жуни ҳам харидоргир. Республикамизда бу фойдали соҳа нега ривожлантирилмаяпти?

 Инобат ШИРИНОВА
Сирдарё тумани

Қонунчиликни янгилаш фурсати келмадими?

Бухоро ип-йигирув фабрикасида 21 йил оператор сифатида фаолият юритдим. Чанг-ғуборли зонада икки сменада тик оёқда туриб меҳнат қилишга мажбур бўлганман. Ҳаётимнинг, ёшлигимнинг энг катта қисми оғир иш шароитида ўтди. Фабрика банкротлик ҳолатига тушгач, бошқа бир ташкилотда хизматчи, фаррош сифатида яна 10 йил ишладим. Умумий ҳисобда 38 йиллик стажга эгаман.

Шукр, соғ-саломат нафақага чиқдим. Аммо ҳар сафар нафақа пулини олишга борганимда меҳнатларимга ачинаман. Сабаби менга тўланадиган пенсия ҳақи ҳеч қаерда ишламаган қўшниларимдан 50-100 минг сўм зиёд холос. Ўйлаб кўринг, 38 йиллик стажга эга, бунинг устига узоқ йиллар ноқулай меҳнат шароитларида ишлаган меҳнаткаш кун келиб 800 минг сўм нафақа олиши адолатданми? Таомилга кўра, нафақа ҳақи охирги беш йиллик стаж ва маошдан келиб чиққан ҳолда ҳисобланарди. Ахир мен фабрикадан ўз хоҳишим билан эмас, банкротлик ҳолати сабабли ишни тўхтатишга ва оиламиздаги иқтисодий танг вазият туфайли бошқа бир жойда фаррош сифатида ишлашга мажбур бўлганман. Йигирма йиллик машаққатли меҳнатим нафақани белгилашда инобатга олинмаганидан афсусланаман!

Бу борада қонунчиликка ўзгартириш киритиш вақти келмадимикан?!

Сайёра РАЖАБОВА
Бухоро шаҳри

«Қишлоқ номлари не сабаб ўзгартирилди?

Данғара туманида Эшонбобо деган қишлоқ бор. Яқинда унинг номи «Нишона» деб ўзгартирилди.

Эшонбобо қишлоғи билан туташиб кетган Тегирмонбоши ­қишлоғи эса «Остона» деб ўзгартирилибди. Хўш, Тегирмонбоши деган номнинг нимаси ёмон?

Шу қишлоқдан сал нарида қадимий Ермасжидбобо қиш­лоғи «Хумо» деб ўзгартирилибди. Қизиқ,  «Ермасжид» деган сўзнинг нимаси ёқмади?

Қирқлар қишлоғи «Ҳикмат», Мумтоз «Зарафшон» деб ўзгартирилди. Хўш, қишлоқ номлари ўзгартирилаётганда нималарга асос­ланилмоқда. Одамларнинг фикри инобатга олинганми?

Нега қишлоқларимизнинг минг йиллик қадимий номларини осонгина чучмал, мавҳум номларга ўзгартириб ташлан­япти? Ахир ном қўйиш майнавозчилик эмас-ку. Қачон бу ишга обдон мулоҳаза билан ёндашамиз?

 Раҳимжон РАҲМАТ 
Данғара тумани

«Кorzinka» ва бозор нархларида тафовут нима учун бунчалик  катта?

Юртимизда айни пишиқчилик палласи. Мева-сабзавотларнинг бири пишиб тугаса, бири етилиб туради. Мўлчилик!

Пойтахт бозорлари ичида «Чорсу» деҳқон бозори энг гавжуми. Бу ерда игнадан тортиб, «туя»гача бор. Эрталабки улгуржи бозордан кечги бозоргача савдо-сотиқ тугамайди.

Хил-хил пишган шафтолилар 10 минг сўмдан бошлаб пулланади. Ноклар 15 мингдан 40 минггача, олма 6 мингдан 15 минг сўмгача. Қовун-тарвузлар доналаб сотилади. Катта-кичиклигига қараб 5 минг сўмдан бошланади. Помидорлар 3-5 минг сўмлар атрофида.

Халқимиз отанг бозор, онанг бозор, деганча эрта саҳарлаб бозорга боришни ёқтиради. Бироқ, кун бўйи турли идораларда хизмат қилувчилар ишдан чиқиб «Корзинка» супермаркет тармоғи дўконларига боришга одатланишган.

«Корзинка» дўконига кирасиз. Бир-биридан чиройли меваларга кўзингиз тушиб, кўнглингиз яйрайди. Улар пештоқидаги нархларга кўзингиз тушса… Ҳайратдан кўзларингиз катталашиб кетади.

Шафтоли 25 минг сўмдан 50 минггача, олхўри 20 минг, узум 40 минглар атрофида, нок 40 минг, олма 10 минг сўмдан юқори. Булар хорижникимикан, деган хаёлда магазин ходимига юзланасан. – Йўқ ўзимизники, – дейди қотмадан келган йигит.

Сабзавотларга назар ташлайсиз. Помидор 10-13 минг сўм, бодринг 15 минг сўм. Полиз экинларидан қовунлар донаси 20 минг сўмдан бошлаб пулланади.

«Korzinka» супермаркетлар тармоғи қачон «инсоф» кўчасига келади?

 Ҳусния ШОКИРОВА
Янгиҳаёт тумани

Қонунчиликни янгилаш фурсати келмадими?

Бухоро ип-йигирув фабрикасида 21 йил оператор сифатида фаолият юритдим. Чанг-ғуборли зонада икки сменада тик оёқда туриб меҳнат қилишга мажбур бўлганман. Ҳаётимнинг, ёшлигимнинг энг катта қисми оғир иш шароитида ўтди. Фабрика банкротлик ҳолатига тушгач, бошқа бир ташкилотда хизматчи, фаррош сифатида яна 10 йил ишладим. Умумий ҳисобда 38 йиллик стажга эгаман.

Шукр, соғ-саломат нафақага чиқдим. Аммо ҳар сафар нафақа пулини олишга борганимда меҳнатларимга ачинаман. Сабаби менга тўланадиган пенсия ҳақи ҳеч қаерда ишламаган қўшниларимдан 50-100 минг сўм зиёд холос. Ўйлаб кўринг, 38 йиллик стажга эга, бунинг устига узоқ йиллар ноқулай меҳнат шароитларида ишлаган меҳнаткаш кун келиб 800 минг сўм нафақа олиши адолатданми? Таомилга кўра, нафақа ҳақи охирги беш йиллик стаж ва маошдан келиб чиққан ҳолда ҳисобланарди. Ахир мен фабрикадан ўз хоҳишим билан эмас, банкротлик ҳолати сабабли ишни тўхтатишга ва оиламиздаги иқтисодий танг вазият туфайли бошқа бир жойда фаррош сифатида ишлашга мажбур бўлганман. Йигирма йиллик машаққатли меҳнатим нафақани белгилашда инобатга олинмаганидан афсусланаман!

Бу борада қонунчиликка ўзгартириш киритиш вақти келмадимикан?!

Сайёра РАЖАБОВА
Бухоро шаҳри