Далил. Шу кунларда ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳри Чилонзор туманида 29 туп кўп йиллик дарахт кесиб ташлангани ҳақида хабарлар тарқалди.
Маълумот. Мутахассисларнинг айтишича, бир туп кўп йиллик манзарали дарахт ўртача 200 нафар кишига бир кун давомида етарли бўлган кислород ишлаб чиқаради.
Жайдари хулоса. Демак пойтахтда 6 минг нафар киши учун ҳаво манбаи йўқ бўлди.
Расмий муносабат. Чилонзор тумани ҳокимлиги матбуот хизмати берган баёнотга кўра, ушбу ўсимликлар Тошкент ботаника боғи дарахтшунос мутахассиси ҳамда Туман экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўлими масъулларининг асосли (дарахтлар қуригани учун деб берилган) хулосаларига биноан кесилган.
Шубҳа. Шунча йиллардан бери яшнаб турган 29 туп дарахтнинг тўсатдан, барчаси бирдек қуриб қолиши… Яна шуниси қизиқки, мутахассислар бераётган хулосаларда аниқлик етишмаяпти. Яъни бу дарахтлар нега қуриб қолган: уларни қурт кемирганми, иқлим ўзгаришими, умрини яшаб бўлганми, сувсизликданми, қаровсизликданми? Хуллас, саволлар бисёр. Жавоблар эса…
Мулоҳаза. Битта кўчатни ерга суқиб, то у дарахтга айлангунча ўртача 30-40 йил вақт кетади. Аммо ўроқда йўқ, машоқда йўқ, хирмонда ҳозирлар эса шу дарахтларни бир кечада кесиб ташласа… Жамоатчилик «ушбу дарахтлар аввал қасддан – заҳарли дори берилиб қуритилган ва кейин кесиб ташланган» деган тахминни илгари суряпти. Бу фикрда очиғи, ҳақиқат бордек. Негаки, аввал шубҳаланганимиздек, 29 туп дарахтнинг бирваракай қуришига ишониш қийин-да. Қолаверса, кейинги вақтда дарахтларнинг ўз-ўзидан қуриб қолиши анъанага кириб улгурди. Бунинг сабабларини ўрганган ва ўрганаётган жамоатчилик вакиллари, жонкуяр эколог ва журналистлар дарахтларга заҳри қотил бўлган кимёвий воситалар берилаётгани ҳақида айта бошлади, далилларни келтирмоқда ҳам. Демак, дарахтларнинг ўз-ўзидан қуриб қолиши ва уларнинг кесиб ташланишидан кимдир манфаатдордекка ўхшайди. Хўш, ўша ким? Бу савол ҳам ҳамон жавобсиз…
Хулоса. Бу вазият ва умуман шу каби ҳолатлар барчамизни огоҳликка чорлаши керак. Ҳозирги глобал иқлим шароитида дарахт кўкартириш, оламни яшилликка буркаш энг долзарб вазифа бўлиб турган экан, юқоридаги каби ҳолатларга томошабин бўлиб туришга эколог бўладими, мутахассис бўладими ёки оддий фуқаро бўладими, умуман, ҳеч биримизнинг ҳаққимиз йўқ. Зеро, бу келажагимиз билан боғлиқ жиддий масаладир.
Соҳага дахлдор мутасаддилар эса, балки юқоридаги саволларимизга жўяли жавоб беришар…
Ғуломжон МИРАҲМЕДОВ
«ISHONCH»



