Шавкат Мирзиёев Осиё ўйинларида иштирок этган ўзбекистонлик спортчиларни табриклади

48

Осиё қитъасининг 45 та давлатидан 11 минг нафар спортчи иштирок этган XIХ ёзги Осиё ўйинларида Ўзбекистон терма жамоаси 22 та олтин, 18 та кумуш ва 31 та бронза медалини қўлга киритди.

132 нафар спортчилардан таркиб топган терма жамоа жами 71 та медални қўлга киритиб, ўтган Осиё ўйинларига нисбатан рекорд натижани қайд этишди, яъни умумжамоа ҳисобида 5-ўринни эгалладилар.

Шу муносабат билан Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Осиё ўйинларида иштирок этган ўзбекистонлик спортчиларга табрик йўллади.

Унда юрт шарафини муносиб ҳимоя қилган спортчилар эътироф этилиб, ушбу ютуқлар улкан аҳамиятга эга экани ва бу орқали “миллий спорт мактаби шон-шуҳрати, Ўзбекистон ёшларининг қандай буюк ишларга қодир экани жаҳонга намоён этилгани” таъкидланади.

“Ўз навбатида 2024 йил Парижда бўлиб ўтадиган 33-олимпия ўйинларида ҳам юксак чўққиларни забт этишингизга ишонаман!
Фурсатдан фойдаланиб, сизлар каби салоҳиятли, иродаси мустаҳкам, эл-юртга садоқатли ёшларни тарбиялаб камолга етказган меҳрибон ота-оналарингизга, сизлар билан ёнма-ён туриб, юксак чўққиларни забт этишингизга муносиб ҳисса қўшган моҳир ва жонкуяр устоз-мураббийларингизга ўз номимдан, халқимиз номидан чин дилдан ташаккур изҳор этаман.

Йирик халқаро спорт беллашуви – Осиё ўйинларида қўлга киритган тарихий натижаларингиз билан сизларни яна бир бор самимий қутлаб, барчангизга сиҳат-саломатлик, келгуси фаолиятингизда янги-янги зафарлар, оилаларингизга бахту саодат тилайман”, – деб тугатади ўз табригини Президент Мирзиёев.