Мактабгача таълим вазирлиги тизимдаги ноқонуний ҳаракатларни аниқлади

496

        Вазирликнинг Ички аудит хизмати мунтазам мактабгача таълим ташкилотларида назорат тадбирлари ўтказиб келмоқда. Хусусан, жорий йилнинг  ўтган 9 ойи давомида тизимдаги ташкилотларда жами 282 та ўрганиш ҳолатлари олиб борилиб, шундан 106 таси фуқароларнинг мурожаатлари асосида ташкил этилган. Бу ҳақда вазирликнинг масъул ходимлари АОКАда бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилишди.  

Ўтказилган профилактика натижасида 5,5 млрд.сўмлик маблағ ва товарларнинг талон-тарож бўлиши олди олинди. Мисол учун, Андижон вилояти 9 та туман шаҳарларида 2,8 млрд.сўмлик мебел жиҳозлар бухгалтерия балансига кирим қилинмаган. Сирдарё вилояти Мирзаобод туманида 2021 йилнинг январ ойида харид қилинган мебел жиҳозлари 5 ойдан буён кирим қилинмасдан келаётганлиги аниқланиб ўрнатилган тартибда ташкилот ҳисобига кирим қилинди. Ёки бўмаса озиқ-овқат маҳсулотлари тўлиқ олинмаган бўлса-да, Навоий вилояти Хатирчи тумани МТБ томонидан 100 фоиз пулларни таъминотчига ўтказиб бериш оқибатида 152 млн.сўм муддати ўтган дебитор қарздорлик юзага келишига сабаб бўлган. Шундан 66 млн.сўм 2018-2019 йилдан буён ундирилмаган ва ундириш чоралари кўрилмаган.

Мулкни сотишдан тушган маблағлардан 242 млн. сўми тегишли маҳаллий бюджетларнинг даромадига ўтказиб берилмаган. Самарқанд вилояти Каттақўрғон туманида 57 млн., Сурхондарё вилояти Термиз шаҳарда 72 млн. сўм мулкни сотишдан тушган маблағлар бюджетга ўтказиб берилмаган.

Давлат харид қонунчилиги талабларига амал қилмасдан амалга оширилган харидлар – 10,5 млрд.сўмни ташкил этган. Масалан, Термиз шаҳар мактабгача таълим бўлимида танлов комиссияси аъзоси бўлган бухгалтерия ходимининг турмуш ўртоғига тегишли “Реал строй сити” корхонаси жорий таъмирлаш, мебел жиҳозлар харид қилиш бўйича ўтказилган 3,2 млрд.сўмлик танловда ғолиб деб топилган. Ваҳоланки Давлат харид қонунида манфаатлар тўқнашувига йўл қўйиб бўлмайди.

Сирдарё вилояти Оқолтин тумани МТБ томонидан Давлат харид қонуни талабларига амал қилмасдан аукцион савдоларидан қочишни кўзлаб 2018-2020 йиллар мобайнида ўз танишларига тегишли фирмалар билан хўжалик моллари етказиб бериш бўйича 26 та шартнома тузиб 1,4 млрд.сўмлик товар моддий бойликларининг етказиб берилишига кейинчалик уларнинг тўловларини ундириб бериш юзасидан Савдо саноат ҳузуридаги ҳакамлик судига даъво аризаси киритиб ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорлари асосида ғазначилик бўлинмасидан тўловларни амалга оширилишига эришиб, маҳсулотларни қиммат нархларда сотиб олиш орқали 283 млн.сўм зарар етказган.

Ўтказилаётган профилактика натижасида эса товар моддий бойликларни харид қилиш ва жорий таъмирлаш ишларини амалга ошириш учун давлат харидлари электрон порталига жойлаштирилган эълонлар нотўғри қўйилганлиги яни харид бўйича тўлиқ маълумотлар жойлаштирилмаганлиги ёки бажариш муддатларини суний равишда кам кўрсатилиши натижасида 4 млрд. сўмлик эълонлар бекор қилиниб, қайта жойлаштирилиши таъминланди.

Иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар ҳамда товар моддий бойликларидан 6,6 млрд.сўм камомад ва ноқонуний ўзлаштириш холатлари аниқланди. Шундан ишламайдиган ходимлар номига ёзилган иш хақилари 2,4 млрд. сўмни ташкил этади. Жумаладан, Чилонзор туманидаги 291-сонли МТТ 2020-2021 йилларда 8 нафар ишламаган ва вазифаларини бажармаган ходимларга 32 млн.сўм, Қорақалпоғистон Республикаси Қонликўл туманидаги 1-сон ДМТТнафар ишламаган ва вазифаларини бажармаган ходимларга 8 млн.сўм, Самарқанд шаҳардаги 58-сонли МТТда 2019-2021 йилларда 5 нафар ишламаган ва вазифаларини бажармаган ходимларга 17 млн.сўм ноқонуний хисобдан чиқарилган.

9 ойликда жами 265 та тўпланган хужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига қонуний қарор қабул қилиш учун юборилди.

 

Зебо Намозова тайёрлади