– Cанобар опа, бу можарога ўзингиз аралашмасангиз бўлмайди…
Касабақўм раиси цехларни айланар экан, 30 ёшлар чамасидаги йигит асабийлашган ҳолатда унга рўбарў бўлди.
– Нима гап, Машҳурбек? Тинчликми, соғлиғингиз яхшими?
– Мен-ку, яхшиман, аммо онамнинг мазаси йўқ. Уни шифокорга олиб борганим сабабли ишга ярим соат кечикиб келдим. Шунга цех бошлиғимиз жазоламоқчи…
Санобар ишчининг ҳасратини астойдил тинглаб, унга таскин-тасалли берди. Сўнгра цех бошлиғи билан маслаҳатлашиб, қолдирилган иш вақтини Машҳурбек Маҳмудов бошқа кун ҳисобидан қоплаб беришига кўндирди. Бундан ташқари, бемор онахоннинг саломатлигини тиклашга кўмаклашиш мақсадида касаба уюшма ҳисобидан унга «Оқтош» сиҳатгоҳига йўлланма ажратди.
– Биз касаба уюшмаларидан розимиз, – дейди Машҳурбек. – Чунки улар яхши-ёмон кунимизга яраб, қувонч-ташвишларимизга шерик бўлишмоқда ва биринчилардан бўлиб ёрдам беришмоқда.
«Baхmal croup» тизимидаги корхоналарда ишловчи 1300 га яқин ходим, қарангки, касабақўм раисини ўз оиласи аъзоси деб билади. Чунки Санобар ҳар куни ишчилар орасида бўлиб, уларнинг сўзларига қулоқ тутади. Ким биландир опа ёки сингил, ким биландир дўст сифатида суҳбатлашади.
Катта жамоадан ҳар куни унга ўнлаб мурожаатлар тушади. Касаба уюшма қўмитаси раиси уларнинг барчасини синчковлик билан ўрганиб, зарур чоралар кўради. Масалан, жорий йилнинг ўтган даврида 40 нафардан зиёд ходимга 500 минг сўмдан моддий ёрдам кўрсатилди. Боқувчиси йўқ 35 нафар аёлнинг фарзандига ўқув қуроллари олиб берилди. «Энг илғор ишчи» танловлари ўтказилиб, ғолиблар рағбатлантирилди. Икки нафар ходимнинг ота-онаси санаторийда соғлиғини тиклади. Концертларга чипталар олиб берилди, музейлар ва қадимий шаҳарларга саёҳатлар уюштирилди. Асосийси, жамоа шартномасида ходимлар учун зарур барча қулайликлар, имтиёзлар акс этишига эришилмоқда ва ижроси тўлиқ таъминланмоқда.
– Корхоналаримиз таъсисчисига ходимлар манфаати биринчи ўринда туриши биз учун айни муддао бўлмоқда, – дейди касабақўм раиси. – Ишчи-хизматчиларга яратилган шароитларни яхшилаш бўйича таклифларимиз ҳар доим инобатга олинади ва биз кутгандан кўпроқ имкониятлар яратиб берилади.
Дарҳақиқат, тизимда ҳар бир ходим учун қулай иш ва дам олиш шароитлари яратилган. Иссиқхонада етиштирилган маҳсулотлар уларнинг дастурхонига файз киритади. Бепул тушлик ва қатиқ маҳсулоти тарқатилади, шунингдек, бепул транспорт хизмати кўрсатилади. Махсус кийим-кечаклар ва ҳимоя воситалари ўз вақтида бериб борилади. Ишчи-хизматчилар ҳар йили жамият ҳисобидан даврий тиббий кўрикдан ўтказилади. Шунингдек, маъмурий бино қошида замонавий ётоқхона ва дам олиш хоналари мавжуд.
Яратилган шарт-шароитлар ҳақида муайян тасаввурга эга бўлиш учун битта мисол келтириш, бизнингча, етарлидир. Бултур тизимдаги «Урганч бахмал» корхонасида жамоа шартномаси шартларини бажариш учун ҳар бир ходимга салкам 7,7 миллион сўмдан, жами 4,5 миллиард сўм маблағ сарфланди. Бошқа корхоналардаги имтиёз ва имкониятлар ҳам бундан кам эмас.
Жамоадошлар бунда С.Искандарованинг хизматлари катталигини эътироф этиб, «У касабақўм бўлиб туғилган», дейишади. Бу гапда жон бор. Санобар 1994 йили Тошкент архитектура ва қурилиш институтини битириб, муҳандис-иқтисодчи мутахассислигига эга бўлгач, Боғот тўқимачилик фабрикасида молия ишлари бўйича бухгалтер лавозимида иш бошлади. 1998 йилда, ёш бўлишига қарамай, касаба уюшма қўмитаси раиси қилиб сайланди. 2006 йили «Хоразм пилла» акциядорлик бирлашмаси касаба уюшма қўмитаси раиси лавозимига лойиқ кўрилди. 2009 йилдан буён эса «Бахмал» МЧЖ касабақўми екакчиси вазифасини бажариб келмоқда.
Ўтган йиллар давомида фаолият қамрови анча кенгайган мазкур жамият бешта мустақил корхонани бирлаштирувчи «Baхmal croup» номли забардаст тизимга айланди. Бунда касаба уюшмасининг ҳам ҳиссаси катта бўлди. Зеро, жамоа шартномаси шартлари тўлиқ бажарилаётгани, ходимлар ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётгани боис ҳар бир ишчи-хизматчи корхонадаги фаолиятидан мамнун бўлиб меҳнат қилмоқда.
Табиийки, бу ердаги шарт-шароитлардан хабар топган ёшлар тез-тез иш сўраб келишади. Раҳбарият эса бозор талабларидан келиб чиққан ҳолда, корхона фаолиятини такомиллаштириш чораларини муттасил равишда кўриб боради. Бу эса янги иш ўринлари очилишини кафолатлайди. Ходимларга яратилаётган шароитлар муваффақиятлар калити бўлиб хизмат қилаётганини иш берувчи ҳам тан олади.
Санобар Искандарова бир неча бор «Энг намунали бошланғич ташкилот» кўрик-танловининг республика босқичида ғолиб бўлди. 2015 йилда Ўзбекистон касаба уюшмалари федерациясининг «Эҳтиром» нишони билан тақдирланди.
– Касабақўм раиси эканимдан фахрланаман, – дейди Санобар Искандарова. – Бу ишонч жамоамга қадрли бўлиш, ҳамкасбларимга яхшилик қилиш имконини берди.
Муҳаббат ТЎРАБОЕВА,
«ISHONCH»



