Касаба уюшмалари куни арафасида Қорақалпоғистон аҳлини хушнуд қиладиган яна бир хушхабар тарқалди: Мўйноқда бунёд этилган «Оқ кема» болалар соғломлаштириш оромгоҳи Ўзбекистондаги энг яхши стационар оромгоҳ деб топилди.
Ҳа, ҳақиқатан ҳам «Оқ кема» Ўзбекистондаги энг чиройли болалар оромгоҳларидан бирига айланган ва у Қорақалпоғистондаги бетакрор маскан саналади.
Ҳеч эсимдан чиқмайди, бир вақтлар Орол денгизи мавж уриб турган пайтларда унинг қирғоғида «Рахат», «Орлёнок», «Спутник» каби оромгоҳлар фаолият кўрсатарди. Ёзда бутун собиқ Иттифоқдан болалар келар, денгиз бўйи болаларнинг шодлигига тўлар эди. Масалан, «Рахат» оромгоҳида ҳар йили 1200 нафар бола дам олган бўлса, «Орлёнок»да 450, «Спутник»да 480, жами 2000 нафардан ортиқ бола мазза қилиб, ҳордиқ чиқарган.
Мен бу рақамларни нима учун айтаяпман, ҳозирда «Оқ кема» оромгоҳида 1 йил ичида худди шунча бола дам олган экан. Демак, Оролбўйида саробга айланган орзулар рўёбга чиқяпти.
2021 йилги ёзги мавсумда оромгоҳ 1420 нафар ўқувчини ўз бағрига олган. Бу ерда фақат ёзда эмас, балки қишда, баҳорда ҳам болаларни қабул қилиш ташкил этилган. Масалан, яқинда Бўка ва Хўжайли туманларида жойлашган Меҳрибонлик уйларининг 200 нафарга яқин тарбияланувчиси ҳамда Мудофаа вазирлиги тасарруфидаги Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинларида хизмат қилаётган бир гуруҳ ҳарбийларнинг 31 нафар фарзанди имтиёзли йўлланма асосида мазкур масканда ҳордиқ чиқарди.
Очиғини айтиш керак, бундан уч-тўрт йил бурун илгари чангиб, бўш ётган майдонда катта оромгоҳнинг қад ростлашини тасаввур қилиш қийин эди. Давлатимиз раҳбари 2018 йил Мўйноққа ташрифи чоғида бу ерда болалар оромгоҳи бунёд этиш ҳақида топшириқ берган ва унинг ижроси Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси раҳбариятига юклатилган эди.
Оромгоҳ қаерда ва қандай қурилади? Номи, шакли қанақа бўлади?..
Бу саволларга тезда жавоб топилди.
Тепадан, яъни қуш парвозичалик масофадан қараганда катта оқ кемани эслатувчи объектнинг қисқа муддатларда бунёд қилиниши халқимизни хушнуд қилганди.
«Оқ кема» стационар оромгоҳи ҳозирда нафақат болаларни соғломлаштириш ва дам олдириш маркази сифатида, балки сайёҳлик маскани сифатида ҳам машҳур бўлиб бормоқда. Бу ерда яратилган шарт-шароитлардан сайёҳлар мамнун бўлмоқда.
Машҳур қорақалпоқ шоири Ибройим Юсуповнинг «Бу ер ҳали зўр бўлади» номли шеъри бор. Уни Қорақалпоғистонда 7 ёшдан 70 ёшгача бўлганларнинг кўпчилиги ёддан билади. Ўша машҳур шеър шундай якунланади:
Бордур башорат қобилиятим,
Билган нарсам шу бўлади:
Сал озроқ сабр қилинг,
Бу ер ҳали зўр бўлади.
Ўтган асрнинг 80-йиллари охирида Орол денгизи қуриб, заҳарли чанглар ҳавога кўтарилиб, оналарнинг сутидан ҳам пестицид топилаётган эди. Минтақада оналар ва болалар ўлими рекорд даражада ўсди. Ўша пайтда Москвада ўтирган мулозимлар Қорақалпоғистонда яшайдиган одамларни Уссурияга, яъни Сибирга кўчириш ҳақидаги таклифни илгари суришганди. Нима эмиш, бу йўл Оролни тўлдиришдан кўра, анча арзон тушармиш…
…Мана бугун шоир таъкидлаганидек, бу ерлар ҳақиқатан ҳам зўр бўлмоқда, гуллаб-яшнамоқда. Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев «Маданият энди Мўйноқдан бошланади», деган эди.
Дарҳақиқат, 12,7 гектар майдонда қад ростлаган «Оқ кема» болалар оромгоҳи ва соғломлаштириш марказининг қисқа муддатларда қурилиб, фойдаланишга топширилгани мана шу гапларнинг исботидир.
«Оқ кема» оромгоҳи бир сменада 250 нафар болани қабул қилиш имкониятига эга. Ётоқхоналар барча жиҳозлар билан таъминланган. Жисмоний тарбия машғулотлари учун футбол, баскетбол, волейбол майдончалари ва сузиш бассейни бор. Стол тенниси, шахмат-шашка учун махсус жойлар ажратилган. Маданий тадбирлар учун амфитеатр, кутубхоналар мавжуд. Тиббиёт хоналари, ошхоналар замонавий ускуналар билан жиҳозланган. Оромгоҳда 50 нафардан ортиқ янги иш ўрни яратилган. Ишчиларнинг барчаси Мўйноқ туманидан.
Эзгу мақсадлардан яна бири шуки, «Оқ кема» қошида санаторий ҳам ишга тушириш режалаштирилган.
Улуғбек ЖАЛМЕНОВ,
Қорақалпоғистон касаба уюшмалари ташкилотлари кенгаши раиси
– Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси ўринбосари



