Воҳада байрам кенг нишонланди

1491

Касаба уюшмалари куни Қашқадарё вилоятида ҳам кенг нишонланди. Жумладан, Агросаноат мажмуи ходимлари Чироқчи туман кенгаши томонидан тармоқ ишчи-меҳнаткашлари ўртасида шахмат ва шашка мусобақалари уюштирилди.

Таълим ва фан ходимлари касаба уюшмасининг Чироқчи тумани кенгашида эса байрамона кайфиятдаги давра суҳбати бўлиб ўтди. Тадбир ниҳоясида бошланғич ташкилотлар етакчиларига ЎзКУФК раиси Қудратилла Рафиқовнинг “Менинг Президентим” китоби ва эсдалик совғалари тақдим этилди. Шунингдек, 50 нафар касаба уюшмаси фаолининг Самарқанд шаҳрига саёҳати ташкиллаштирилди.

Ушбу ташкилотнинг Шаҳрисабз тумани кенгаши 32-мактабда “Касаба уюшмалари ходимларининг ҳуқуқий таянчи” мавзусида давра суҳбати ўтказди. Шу жараёнда соҳа фаоллари мазкур мактаб касаба уюшма қўмитаси раиси Юлдуз Қодированинг иш фаолияти билан яқиндан танишиб, етакчилар ўзаро тажриба алмашдилар.

Тармоқ касаба уюшмасининг Шаҳрисабз шаҳар кенгаши бош-қош бўлган навбатдаги маънавий-маърифий тадбирда бир гуруҳ бошланғич ташкилот раислари, “Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси лауреати”  ва “Меҳнат ҳуқуқи билимдони” танловларининг республика босқичи иштирокчилари ташаккурнома ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

Уюшманинг Ғузор тумани кенгаши ўтказган “Ватан равнақи, миллатимиз юксалиши йўлида бирлашайлик!” мавзусидаги тадбирда фаол иш юритаётган касабақўм раислари рағбатлантирилди. 1-ўрта мактаб ўқувчиларининг бадиий-мусиқий чиқишлари даврага янада файз киритди.

Китоб тумани тиббиёт бирлашмаси касаба уюшма қўмитаси ташаббуси билан спортнинг бешта тури бўйича ташкил этилган спартакиадада 153 нафар ходим қатнашди. Ғолиб ва совриндорлар жами қиймати 11 миллион 500 минг сўмлик совға-саломларга эга чиқишди.

Давлат муассасалари ва жамоат хизмати ходимлари Қашқадарё вилояти кенгаши бошланғич ташкилотларида “Янги Ўзбекистон – янги касаба уюшмалари” деган ғоя остида ходимларни қўллаб-қувватлаш ва меҳнатни муҳофаза қилиш ҳафталиги ташкил қилинди. Шу муносабат билан вилоят ички ишлар бошқармаси раҳбарияти ҳамда вилоят ички ишлар ходимлари бирлашган касаба уюшма қўмитаси вакиллари тизимда узоқ йиллар ишлаб, пенсияга чиққан фахрийлар ҳол-аҳволидан хабар олишди. Бундан ташқари,  соҳада хизмат қилаётган бир гуруҳ ходимлар ва уларнинг оила аъзолари учун Самарқанд шаҳрига саёҳат уюштирилди.

Тармоқ касаба уюшмасининг Чироқчи тумани кенгаши “Соғлом аёл – соғлом жамият” шиори остида спорт мусобақаси ўтказди. Унда 100 нафарга яқин хотин-қиз шахмат, шашка, волейбол, баскетбол ва енгил атлетика турлари бўйича куч синашди. Ғолибларга эсдалик совғалари топширилди. Уюшманинг Яккабоғ тумани кенгаши томонидан аъзолар ўртасида бўлган шахмат, шашка, стол тенниси бўйича мусобақалар ҳам қизғин тус олди.

Касаба уюшмалари куни “Шўртангазкимё” мажмуасида ҳам кенг нишонланди. Чунончи, ходимлардан иборат ҳаваскор футболчилар жамоалари “Геолог” стадионида тўп суришди. Мажмуа касаба уюшма қўмитаси уюштирган маданий тадбир барчага кўтаринки кайфият бағишлади. Ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий, ҳуқуқий ва интеллектуал манфаатлари ҳимояси йўлида меҳнат қилаётган касаба уюшма фаоллари ҳамда цех қўмиталари етакчилари эса меҳнатларига яраша мукофотландилар.

 

Акмал АБДИЕВ,

 “ISHONCH” мухбири