ёхуд бизга қандай мафкура керак?
Мафкура тарихи жуда қизиқ ва сабоқларга тўла. XIX асргача дунёда асосан диний мафкура ҳукмрон эди. Фақат XIX асрга келибгина моҳиятан бир-биридан фарқ қилувчи мафкуралар пайдо бўла бошлади.
Олимларнинг қайд этишича, сиёсий мафкуралар Францияда 1789 йилги Буюк француз инқилобидан сўнг вужудга келган. Мафкуралар табиатига кўра ўзгарувчан, бир-бири билан доимо тўқнашади, сиёсийлашган, турли гуруҳлар манфаатига хизмат қилади.
К.Маркс мафкурани «ёлғон онг» деб атаган ва синфий мафкура мавжудлигини исботлашга ҳаракат қилган эди. Яъни, унинг назарида мафкура синфий манфаатлар билан боғлиқ. Ленин эса кучли пролетариат давлатининг мафкурасини яратишга уринди…
Европада XIX асрда либерал, консерватив ва радикал сиёсий оқимларнинг мафкуралари вужудга келди. Либерал мафкура эркин иқтисодиёт, эркин жамият ва қонун устуворлигини тарғиб қиларди. Қизиғи шундаки, айнан либерал мафкура ҳукмронлиги пайтида Ғарб империялари гуллаб-яшнади. Консерватив мафкура кўпроқ дин ва оилавий қадриятларга таянгани боис унинг негизида миллатчиликнинг турли кўринишлари кўзга ташланди. Радикал мафкура йўриғида социалистлар, коммунистлар ва фашистлар мафкуралари юзага қалқиб чиқди.
Кўриниб турибдики, XIX аср – мафкуралар асри бўлган. Ўша даврда бизнинг жамиятларда фақат консерватив, яъни диний мафкура мавжуд бўлган. Ва фақат жадидлар сиёсий оқими вужудга келгандан сўнггина Марказий Осиёга Европадан кириб келган мафкуралар трансформацияларга учради.
XX асрнингўзига хос жиҳатлари
XX асрда коммунизм ва фашизм мафкуралари вужудга келди. Албатта, буни етилтирган асосий сабаб Биринчи Жаҳон уруши билан бевосита боғлиқ эди.
Чунки айни ўша давр арафасида империялар емирилаётган ва либерал мафкура ўз таъсир доирасини йўқотаётганди. Ана шу ҳолатда коммунизм ва фашизм мафкуралари ўзаро курашга киришди. Ва табиийки, рақобат қоидаларига кўра, курашнинг «фалсафа»си ҳам турлича бўлди; коммунистлар ижтимоий тенгликка хусусий мулкни йўқ қилиш орқали эришмоқчи бўлдилар. Улар миллий маданиятларни интернационаллаштиришди. Фашистлар эса йирик «миллий» иқтисодиётни монополияларга таяниш орқали яратишди. Миллатчиликни ва ирқчиликни давлат мафкураси даражасига олиб чиқиб, «тоза» миллий иқтисодиётни яратишга уринишди. Собиқ Совет давлатида эса коммунизм қуришга интилиш давлат капитализмига айланди.
XX асрда, айниқса, Иккинчи Жаҳон урушидан сўнг Европада мафкуралар ўзаро курашиб, алалоқибат, сиёсий мафкуралардан воз кечилиб – инсон қадри мафкураси вужудга келди.
Инсон мафкураси (ёки фалсафаси) Европада ҳам ўз-ўзидан шакллангани йўқ. Европа XX асрда коммунизм ва фашизмни ўз бошидан кечиргандан сўнг сиёсий мафкура ўрнига инсон манфаати фалсафасини илгари сурди.
Ҳозирги кунда ҳам янги мафкуралар вужудга келмоқда. Масалан, экология масаласи мафкуравий системага айланишга улгурди. Трансгуманизм ғоялари ва инсон ҳуқуқлари муҳим мафкуравий ва умумбашарий қадриятларга айланмоқда. Шуни ҳам унутмаслик керакки, мафкура тарихий жараёнларга мос бўлмаса, жамият ҳаётида ривожланиш юзага келмайди. Мафкура инсон ҳаётига маъно-мазмун беради. Сунъий мафкураларнинг эса умри қисқа бўлади.
XX асрнинг охирига келиб мафкуралар технология ривожига боғлиқ бўлиб қолди. Шу омиллардан келиб чиқиб хулоса қилиш мумкинки, мафкура ўз ҳолича ҳеч қандай маъно-мазмунга эга эмас. Мафкуралар энди XXI асрда орзу-истакларни акс эттирмайди ва ифодаламайди, балки аниқ қадриятларни ва хатти-ҳаракатларни белгилайди. Яъни мафкура тоталитар функциясидан воз кечиб, аниқ ҳаёт тарзини белгилайдиган омилга айланди.
Маълумки, бизда совет ҳокимияти ўрнатилгунга қадар диний мафкура устунлик қилган. 1917 йилдан то 1991 йилга қадар эса сиёсий майдонда коммунистик мафкура ҳукмрон бўлди. Коммунистик мафкура биз яшаб турган ҳудудда аҳоли орасида кенг тарқалмади. У аҳоли онгида қоришма (гибрид) ҳолатида, яъни модернизация, саноатлаштириш, советча миллийлаштириш ва маданийлаштириш сиёсатида акс этди.
Бу ҳолат Марказий Осиё жамиятининг турли маданий қатламларга бўлинишига сабаб бўлди. Яъни, европалашган аҳоли қатлами ва «қолоқ» ижтимоий қатламлар вужудга келди. Советча модернизация ва маданийлаштириш сиёсати маданий тенгликни эмас, балки маданий турфа хилликни юзага келтирди. Натижада маданий турфа хиллик сиёсий ва маданий турғунликка сабаб бўлди.
Бу вазиятда XX асрнинг 80-90 — йилларида коммунистик мафкурага қарши турли «миллий» лойиҳа (проект)лар вужудга кела бошлади. Лекин бу лойиҳаларнинг ҳаммаси ҳам ҳаётий эмасди. Сабаби, ўзгача модернизация ва вестернизациядан қочиш энди кеч эди. XX асрнинг 90-йиллари бутун постсовет ҳудудида либераллар замони эди.
Ўзбекистонда ҳозирги мафкуравий ҳолатнинг сабаблари:
модернизация, вестернизация ёки гибридизация?
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 12-моддасида «Ҳеч қайси мафкура давлат мафкураси сифатида ўрнатилиши мумкин эмас», деб аниқ кўрсатилган. Бу модданинг шаклланишига ва вужудга келишига XX асрнинг 80-90-йилларида совет мафкурасидан чарчаш таъсир қилган десак, янглишмаган бўламиз, менимча. Давлат мафкураси истеъмолчи фалсафасига алмашди гўё. Мафкурасиз яшаш нормал ҳолатга айланди.
Ҳа, фақат давлат манфаатини кўзлайдиган мафкура инқирозга учради. Лекин унинг ўрнига истеъмолчи мафкураси ҳаётимизнинг барча соҳаларига қисман кириб келди. Истеъмолчи мафкураси барча нарсани товар-пул муносабатларига боғлайди ва тушунтиради.
XX асрнинг 90-йилларида ёш мустақил Ўзбекистонда ислоҳот атамаси жуда кенг қўлланила бошлади. Яъни, ислоҳотлар дейилганда, модернизация, ярим-ёрти вестернизация, демократлаштириш ва миллийлаштириш тушунила бошланди. Бу муҳим атамалар мазмуни ислоҳотларга тенглаштирилди. Доимий (перманент) ислоҳотлар мафкура ўрнини боса бошлади.
Бу ҳақда бизда унча машҳур бўлмаган америкалик сиёсатшунос Грегори Глисон шундай ёзган эди: «Марказий Осиёда ислоҳотлар ҳокимият асоси ва аҳолига нима учун ислоҳотлар натижа бермаётганини кўпроқ тушунтиради». Яъни, мафкура кундалик сиёсий вазиятга қараб белгилана бошланди. Ислоҳотлар бир вақтнинг ўзида нафақат давлат сиёсати ва иқтисодиётини, балки бутун жамият ҳаётини ўз ичига олди. Ислоҳотлар (реформа), натижада, асосан давлат манфаатини ҳимоя қила бошлади. Бозор иқтисодиётига ўтиш, маданий ривожланиш ва дунёга интеграция кескин секинлашди.
XXI аср бошида Ўзбекистонда мафкура миллий ғоя билан алмаштирилди. Миллий ғоя асосида умумбашарий қадриятлар ва миллий манфаатлар уйғунлиги, демократия ва ўзимизга хос йўлимиз уйғунлиги, бозор иқтисодиёти ва менталитет масалалари уйғунлашгани кўрсатилган эди.
Бу «уйғунлашиш» келажак истиқболи (перспектива)ни бермас эди. Чунки «уйғунлашган» ғоя ҳозирги ҳолатни абадий ва муаммосиз кўрсатади. Шунинг учун ҳам бу дунёқарашга асосланган «ғоялар тўплами» – «Миллий ғоя» махсус курси барча олийгоҳларда ўқитилди ва бу кутилган самарани бермади. Натижада модернизация атамаси ижтимоий онгни ислоҳ қилиш билан чекланди.
Вестернизация атамаси умуман сиёсий дискурсдан олиб ташланди. Ҳар бир инсон ва фуқарога тушунарли мафкуравий система яратилмади. 2012 йилдан бошлаб эса университетлардан политология олиб ташланди, Ўзбекистон Фанлар академиясида эса «Фалсафа ва ҳуқуқ» институти тугатилди. Мафкуравий «бўшлиқни» эса изоляционизм сиёсати эгаллади. Сўнгра у барча соҳаларга кириб борди.
Дунё XXI аср бошида постмодерн ва диджимодернга ўтаётган бир вақтда биз ўзимизни дунё илми ва маданиятидан беркитдик. Изоляционизмнинг энг ёрқин белгиси сиёсий ва ижтимоий борлиқни борича, тафаккурсиз қабул қилиш ва танқидий ёндашувни йўқ қилишдан иборат эди. Бундай ҳолат эса бизнинг жамиятни маълум маънода маданий турғунликка олиб келди.
Нима қилмоқ даркор?
2017 йилдан бошлаб Ўзбекистон сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ҳаётида кескин бурилишлар содир бўлди. Университетларда политология йўналишлари тикланди. Сўз эркинлиги ва ижтимоий интернет тармоқлари ривожи аҳолининг фаол қисмини изоляционизм мафкурасидан олиб чиқа бошлади. Лекин ҳали ҳам ижтимоий-гуманитар фанларимиз ривожланишда анча орқада ва бир жойда депсиниб турибди.
Аслида эса, гапнинг нафсиламбрини айтганда, Янги Ўзбекистоннинг мафкурасини яратиш ижтимоий-гуманитар илм вакилларининг энг асосий вазифасидир! Бизнинг манфаатларимизга мос, жаҳон ҳамжамияти ва фанига интеграция, инновацион иқтисодиёт яратиш асоси мафкуравий тизимнинг барча хавфларига жавоб беришидан иборатдир. Ҳали ҳам махсус «Фалсафа ва ҳуқуқ» институти қайта тикланмади. Ҳеч бўлмаса, мафкуравий жараёнларни ўрганадиган илмий ва амалий марказ тузилмади.
Бизда ҳозир мавжуд бўлган марказлар ё маънавият масаласи билан шуғулланмоқда, ё фақат амалий ечимлар бермоқда, холос. Натижада амалиёт назариядан узилиб қолмоқда. Шунинг учун ҳам XXI аср назариётчилари ва амалиётчилари доимо мулоқотда бўлишлари зарур.
Кўпчилик маҳаллий политологлар «биз ёзаётган нарсани ҳеч ким ўқиётгани йўқ ва фикрларимизни инобатга олаётгани йўқ», деб нолигандай бўлади. Бу хафагарчиликда баъзан жон борга ўхшаб туюлади. Тўғри-да, сен олим сифатида фикр ва ғоя берсангу, амалиётчилар бунга қиё ҳам боқмаса. Аслида эса сиёсатчилар ва илм аҳли орасида диалог бўлиши нафақат керак, балки шарт.
Фақат эркин илмий тадқиқотларгина мафкуравий системаларни яратишга имконият туғдиради. Мен зикр этилаётган фикрларим билан давлат мафкурасини таклиф қилаётганим йўқ, балки аниқ ва амалий характерга эга маълум ғояларни ишлаб чиқиб, амалиётга татбиқ қила оладиган марказларни яратиш таклифини илгари суряпман.
Яъни, бу марказлар, чет элдаги «think-tank»ларга ўхшаш бўлади. Бу илмий-амалий марказлар асосан аниқ мафкуравий тизим (система)нинг ишлашига жавобгар бўлади. Ҳозирча биздаги илмий марказлар асосан таклиф бермоқда. Уларнинг жуда кўп таклифлари қоғозда амалиётга татбиқ қилинмасдан қолиб кетмоқда. Бундай ҳолатнинг асосий сабабларидан бири, ё таклиф қилинган нарсаларни амалга ошириш учун малакали кадр йўқ, ё маблағ етишмайди.
Янги Ўзбекистонда прагматик мафкуравий системанинг ишлаши учун биринчи галда кадр масаласи жуда муҳим. Замонавий кадр, айниқса, мафкура соҳасидаги кадр, нафақат назариётчи, балки амалиётчи бўлиши ҳам зарур. Бундай кадрларга эркинлик бериш керак.
Биз яна бир муҳим нарсани унутиб қўяяпмиз. Мамлакатимизда замонавий мафкуравий платформа яратиш учун велосипед ихтиро қилиш шарт эмас. Жамиятимизда XX асрнинг 90-йилларидан бошлаб турли мафкуралар шаклланган. Масалан, партиялар орасида «сўл» ва «ўнг»лар мавжуд. Сиёсий майдонда социал-демократлардан то либералларгача мафкуравий ғоялар мавжуд. Лекин бу мафкуравий системалар ишлаётгани йўқ. Бу мафкуралар сиёсийлашган, лекин ижтимоийлашмаган ва аҳоли томонидан маданий ўзлаштирилаётгани йўқ. Масалан, жамиятимизда либерал-демократик ғоялар устунлиги нимада кўринаётгани санъат ва маданиятимизда акс этаётгани йўқ.
Биз ҳаққоний мафкуравий плюрализмни истар эканмиз, сайловларда ғалаба қозонган партия ўз ғояларини нафақат сиёсий майдонда, балки ижтимоий ва маданий майдонларда ҳам намоён қилишини таъминлашимиз керак бўлади.
Бунинг учун ҳар бир партия учун телевидение ва радиодан, интернетда сифатли ва замонавий контент яратишига кенг йўл очишимиз зарур. Партиялар мафкуралари орасида эркин мунозара (дискуссия) бўлиши даркор. Бу мунозараларни ёритадиган янги платформалардан (Facebook, Telegram) кенг фойдаланмоқ зарур.
Фақат эркин мунозара ортидан аҳолида сиёсий саводхонлик ўсади. Турли диний оқимлар таъсири камаяди ва ҳар бир муаммо Конституция ва қонунлар доирасида ҳал бўлишига кенг йўл очилади.
Ўрни келганда шуни айтмоқчиманки, биз тоталитар ёки ёпиқ изоляционизм мафкурасининг янги версияси тарафдори эмасмиз. Президентимиз айтганидек, энди орқага йўл йўқ. Биз очиқ ва мунозарага тўла замонавий жамият ва инновацион иқтисодиёт яратмоқчимиз. Асосий мақсад – давлат ва жамият манфаатларига хизмат қилувчи мафкуравий платформа яратиш ва шу орқали замонавий ва ривожланган жамиятга айланиш. Чунки ҳозирги дунё жуда мураккаблашмоқда, биз эса дунёда бўлаётган ўзгаришларни қувиб етолмаяпмиз.
Давлатнинг роли мафкуравий сиёсатда жуда оддий: давлат энди баҳслашаётганлар орасидаги ҳакам ҳисобланади ва мафкуравий рақобат учун шарт-шароит яратади. Ҳеч бир мафкура куч билан сингдирилмайди. Кузатишларим бўйича, ҳозирги кунда аҳолида либерал-демократик, социал-демократик ва консерваторлар мафкурасига эҳтиёж сезиляпти. Фикримча, бу мафкураларни бизнинг шароитга мослаштириб ривожлантирса, тез орада яхши натижага эришса бўлади.
Бизнинг мақсадимиз аниқ ва равшан: инсон қадрини кўтариш, ҳар томонлама ривожланган жамият ва инновацион иқтисод яратиш!
Бахтиёр АЛИМЖАНОВ,
тарих фанлари номзоди,
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси
Абу Райҳон Беруний номидаги
Шарқшунослик институти докторанти

