Кичик қишлоқдаги катта ҳасратлар

712

Қўрғонча Учкўприк тумани марказидан унча узоқда бўлмаган мўъжазгина қишлоқ. Маҳаллий аҳоли табиий газдан умуман фойдаланмайди. Охирги пайтларда эса уларни электр симларининг яроқсизлиги, симёғочларнинг омонатлиги, энг ачинарлиси, ток қувватининг ўта пастлиги қийнаб келяпти. Оқибатда дазмол, электр чой қайнаткич ва иситкични, кир ювиш машинасини ишлатиш нарида турсин, лоақал хоналарни дурустроқ ёритиш ва телевизор кўришнинг ҳам иложи топилмаяпти.

– Бу муаммо бизни ёзда ҳам, қишда ҳам бирдек ташвишлантиради, – дейди Мустақиллик кўчасида яшовчи Иброҳимжон Султонов. – Устига-устак, кўчадаги симёғочлар ҳам қўлбола. Сал шамол турса, симлар бир-бирига тегиб, «замикание» бўлади.
Ҳақиқатан ҳам, омонат сим­ёғочларни кўрган кишининг кўнглидан «Ишқилиб, қулаб кетмасмикан?» деган хавотир ўтиши тайин. Энг қизиғи, айрим ­симёғочларга қулаб тушмаслиги учун шоти тираб қўйилган.
– Агар электр чой қайнаткични ишлатсангиз, сув кечгача ҳам қайнамайди, – дейди ­Имомали Султонов. – Яқиндан буён уйимда уста ишлаяпти, лекин ток пастлиги туфайли асбобларидан фойдалана олмаяпти.
Аҳолининг шикоятини ўрганиш жараёнида айрим хонадонларга кириб, махсус қурилма ёрдамида ток кучини ўлчадик. Қурилма у атиги 40-50 вольтга тенглигини кўрсатди.
– Бу даражадаги паст ток билан ҳеч нарса қилиб бўлмайди, – дейди Мунавваржон Тиллабоев. – Ҳолбуки, электр энергияси ҳақини олдиндан тўлаб турибмиз. Тунов куни энг паст токда ишлайдиган кичкинагина электр печь сотиб олдим. Қувват сустлигидан у ҳам ишламади. Хуллас, бу ток билан сув қайнатолмаймиз, уйни исита олмаймиз. Қишлоғимизда газ бўлмаса, токнинг аҳволи бу бўлса, нима қилайлик?.. Бизни ҳам ўйлайдиганлар борми?
Қўрғончада битта подстанция бор. У 1971 йилда ўрнатилган. Ўша пайтда қишлоқда 35-40 хўжалик бор эди, ҳозир эса 120 тадан ошган. Табиийки, эски ва кам қувватли подстанция уларга зарур миқдордаги электр энергиясини етказиб беролмаяпти.
– Биз ҳозирги трансформаторни каттароғига алмаштиришда, омонат симёғочларни янгилашда ёрдам сўраб мутасаддиларга кўп бор мурожаат қилдик, – дейди қишлоқ фаоли Умаржон Тўрақулов. – Жумладан, мен 2019 йили худди шу хусусда Президент порталига мурожаат йўлладим. Унга жавобан Фарғона ҳудудий электр тармоқлари корхонасидан мавжуд камчиликлар 2021 йилда ҳал этилиши ҳақида хат келди. Мана, йил тугаяпти ҳамки, ҳеч қанақа ўзгариш йўқ. Бундан икки ойча бурун туман ҳокими маҳалламизда сайёр қабул ўтказганда ҳам бу муаммолар ҳақида айтдим. У туман электр тармоқлари корхонаси раҳбари Наримон Мелиқўзиевга муаммони ҳал этиш бўйича топшириқ берди. Минг афсуски, амалда ҳеч нарса ўзгармади. Бу аҳоли мурожаатларига нисбатан бефарқлик, одамлар тақдирига мутлақо қизиқмаслик эмасми?..
Аслида қўрғончаликларни ташвишлантириб келаётган муаммо ҳал этиб бўлмас даражада мураккаб эмас. Унга ижобий ечим топиш учун мутасаддиларда озгина эътибор ва қунт-ҳафсала бўлса, бас!

Жамшид ЭРГАШЕВ,
«ISHONCH»