Ҳали қилинажак ишлар кўп

1073

«Ishonch» газетасининг шу йил 23 октябридаги сонида Элдор Асановнинг «Ўзбек тилининг лисоний манзаралари» номли мақоласи чоп этилган эди. Мақолага Вазирлар Маҳкамасининг Маънавият ва давлат тилини ривожлантириш масалалари департаменти томонидан қуйидагича муносабат билдирилди:

Мақолада ўзбек тилининг мамлакатимиз ва халқаро миқёсдаги ўрни, глобаллашув шароитида тилларнинг барчасида кечаётган жараёнлар батафсил очиб берилган. Шунингдек, муаллиф ўзбек тилининг лексикографик муаммолар, хусусан, терминология масаласига ҳам алоҳида тўхталиб ўтган.

Таъкидлаш лозимки, ҳозирги кунда барча соҳаларда маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш ва давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича раҳбарнинг маслаҳатчиси фаолият кўрсатмоқда. уларнинг кўмаги билан ҳар бир соҳага оид терминлар ўзининг мос муқобили билан йиғиб олинмоқда. Департамент томонидан ишчи гуруҳ ташкил этилиб, янги кириб келаётган ўзлашма сўзларни тартибга солиш бўйича ҳам тизимли ишлар ташкил қилинган.

Шунингдек, Маънавият ва давлат тилини ривожлантириш масалалари департаменти ташаббуси билан 2021 йил давомида Ўзбек тилини ривожлантириш жамғармаси томонидан «Халқаро атама элементларнинг изоҳли-иллюстратив луғати», «Ижтимоий-сиёсий атамаларнинг изоҳли луғати», «Юридик терминларнинг русча-ўзбекча луғати», «Банк-молия терминларининг изоҳли луғати», «Ўзбек ҳарбий терминологияси» каби ўқув қўлланмалари чоп этилди.

Департамент раҳбарияти мақола муаллифи  Э.Асанов билан ҳам боғланиб, ўзаро ҳамкорликда иш олиб боришга келишиб олган.

Терминология, мавжуд атамаларни тартибга солиш бўйича амалий ишлар бошланган, аммо олдинда ҳали қилиниши лозим бўлган вазифаларимиз кўп. Бу борада мамлакатимиз олимлари, тадқиқотчилари, тилимиз жонкуярлари билан амалга ошириладиган бир қатор илмий-амалий ишлар ўз ижросини кутиб турибди.

Вазирлар Маҳкамасининг Маънавият ва давлат

тилини ривожлантириш масалалари департаменти