Устоз Абдулла Ориповнинг ушбу сатри шунчаки битилмаган. Чунки бундай қуйма мисралар ўйлаб топилмайди, балки ҳаётий хулосаларнинг қаймоғи ўлароқ Худо берган илҳомдан туғилади. Ахир муаллим деган биргина сўз замирида олам-олам маъно мужассам. Бундай таърифга муносиб бўлиш эса осон эмас. Таълим соҳасида ишлаётганларнинг ҳаммаси ҳам бу рутбага лойиқ бўлавермайди. Бунинг учун олий маълумот ёки илмий даража тўғрисидаги дипломга эга бўлишнинг ўзигина кифоя қилмайди. Муаллим жуда кўп фазилатларга эга бўлмоғи зарур.
Хўш, ушбу фазилатлар нималардан иборат? Уларни аниқ санаб бериш мумкинми?
Биз бу каби саволларга жавоб бермоқчи, панд-ўгит сўйламоқчи эмасмиз. Таъбир жоиз бўлса, бутун салоҳиятини ана шу юксак номга муносиб бўлишга сафарбар этиб келаётган фидойи бир инсоннинг ўзимиз билган айрим фазилатлари, бугунги ёшлар ибрат олиши зарур бўлган баъзи хислатлари ҳақида фикр юритмоқчимиз, холос.
Ўтган асрнинг 80-йили эди. Қашқадарёнинг тоғли Деҳқонобод туманида ўрта мактабнинг саккизинчи синфида ўқирдик. Исо бобонинг ўғли олим бўлибди, деган хушхабар кўпчиликнинг қулоғида янграган бўлса, менинг қалбимда акс садо берди. Ҳамид Исаев физика-математика фанлари номзоди бўлгани мактабда, маҳаллада катта байрам сифатида нишонланди. Мактабда катта стенд чиқарилди. Хатим чиройли бўлгани боис Ҳамид аканинг илм йўлидаги интилишлари ва эришган ютуқлари ҳақидаги ҳароратли мақолани деворий газетага ўз қўлларим билан кўчирдим. Чин кўнгилдан ҳавас қилдим. Гарчи етишиш мумкин эмасдек туюлган бўлса-да, илмда юксак мартабага эришмоқ орзуси қалбимнинг туб-тубидан мустаҳкам ўрин эгаллаган ўша куни.
Бугун ёшларни китобхонликка қайтариш, улар қалбида илмга юксак рағбат уйғотиш умуммиллий ҳаракатга айланди десак, муболаға бўлмас. Табиийки, бу жараён осон кечаётгани йўқ. Ушбу эзгу мақсадга эришмоқ учун тарғибот-ташвиқот ҳам керакдир, балки. Лекин энг таъсирли усул замонамиз ёшларининг илм аҳли чин маънода қадрланаётганини билишлари, юракдан ҳис этишларидир. Олимнинг, муаллимнинг жамиятдаги мақоми баланд эканини кўрсагина, ёшлар уларга ўхшашга ҳаракат қилишади.
Биз ўша йиллари Ҳамид Исаев мисолида ана шундай ўрнакни кўрганмиз. Ўрта мактаб муаллимлигидан иш бошлаган ёш мутахассис ўз келажагини олий таълим соҳасида кўрди. 1970 йили Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институтининг физика кафедраси лаборанти сифатида тажриба ўрганиб, стажёр-тадқиқотчи лавозимида илмий изланиш олиб борди. Қарийб ўн йиллик машаққатли тадқиқотларини Ўзбекистон Фанлар академияси ядро физикаси институти аспирантураси даврида якунлаб, рентген-спректрал таҳлил билан боғлиқ, нафақат ўша давр, ҳатто бугунги кунда ҳам долзарб бўлган мавзуда номзодлик диссертациясини муваффақиятли ҳимоя қилди. Унинг диссертацияси табиий қазилма бойликларни экспресс усулда аниқлаш имконини бериши жиҳатидан геология соҳаси тараққиёти учун муҳим амалий аҳамиятга эга бўлди. Бундан ташқари, ушбу тадқиқот натижалари ўша кезлар соғлиқни сақлаш тизимида мавжуд муаммоларни ҳал этишда ҳам алоҳида ўрин тутган.
Фан номзоди илмий даражасини олгач, Ҳамид ака Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институтида муаллимлик қилди. Биринчи дарсиданоқ у наинки салоҳиятли физик, балки туғма нотиқ ҳам эканини исботлади. Таъсирли ва равон нутқи билан аудиторияни сеҳрлаб қўядиган, сиртдан қараганда, мураккаб кўринадиган физик қонуниятларни таъсирли сўзлар ва ўзига хос оҳанг билан талабалар онги ва қалбига етказиб бера оладиган ўқитувчи сифатида ҳурмат ва шуҳрат қозонди. Домланинг дарсида талабалар маърузалар тинглашдан ташқари, физикага доир анча қийин масалаларни турли усуллар ёрдамида ечишни ўрганар, истеъдодли ёш олим улар фан сирларини теранроқ эгаллашлари учун бор билим ва салоҳиятини сафарбар этарди. Салкам ярим асрлик илмий-педагогик фаолияти давомида Ҳамид Исаевдан таълим олган, ундан ўрганган физикага доир билим ва кўникмаларини мамлакатимиз енгил саноати ривожига муваффақиятли татбиқ этиб келаётган ёшлар устоздан ҳануз миннатдор экани сабаби шундадир.
Замонлар синовидан ўтган ва тан олинган бир ҳақиқат бор: фан ривожланмаган жойда таълим равнақ топиши мумкин эмас. Ўқув жараёни сифати юқори бўлиши учун эса илм-фанда эришилган энг сўнгги тадқиқотлар аудиторияга олиб кирилиши зарур. Иккинчи муҳим талаб – ўқитувчи олим бўлиши баробарида дарс ўтиш методикасини мукаммал эгаллаши керак. Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти талабалари, ёш муаллимлари Ҳамид Исаевда ана шу фазилатлар тўлиқ мужассамлигини якдиллик ила эътироф этадилар. У ўтилаётган мавзуни чуқур билиши билан бир қаторда, дарс ўтиш манерасини ўзгартириб туради. Илмий маъруза қилиш жараёнида талаба мавзуни чуқурроқ ўзлаштириши учун фан тарихидан қизиқарли мисоллар келтиради, ора-орада талабаларга савол билан мурожаат қилиб, уларнинг эътиборини дарс мавзусига тортади. Хуллас, маҳоратли дирижёр оркестрни қандай бошқарса, Ҳамид ака дарсни айнан шундай салоҳият билан юксак даражада ташкил эта билади, бирор талабанинг диққати чалғишига йўл қўймайди. Талабалар саксон дақиқа қандай ўтганини билмай ҳам қолишади. Шу боис қарийб ярим асрлик педагогик фаолияти давомида домланинг дарсида давомат борасида бирон-бир муаммо кузатилмаган.
Олим соф илмий-назарий тадқиқотлар яратиш баробарида техника таълим йўналишлари талабаларига физика фанини ўқитишнинг амалий асосларини мустаҳкамлашда замонавий педагогик технологияларни жорий этиш масалаларига доир илмий-методик изланишлар ҳам олиб борди. Бу дарс сифатини оширишда алоҳида аҳамиятга эга бўлди.
Ҳамид Исаев муттасил изланадиган, ўз устида тинимсиз ишлайдиган, наинки ўқитиш, талабалар билимини баҳолаш юзасидан ҳам, бугунги таъбир билан айтганда, инновацион услубларни ишлаб чиқиб, амалиётда маҳорат билан қўллай биладиган муаллимдир. Ана шу фазилати у республикада биринчи бўлиб ташкил этилган Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти қошидаги академик лицейга раҳбарлик қилган даврда жуда қўл келди. Натижада ушбу ўқув даргоҳи битирувчиларининг олий таълим муассасаларига кириш даражаси деярли тўқсон фоизга кўтарилди.
Олимлик, муаллимлик ва ташкилотчилик салоҳияти бир одамда жам бўлиши, одатда, камдан-кам кузатилади. Ҳамид Исаев бу жиҳатдан ҳам Тангрининг назари тушган инсонлардан. Институт физика кафедрасидаги кўп йиллик мудирлик фаолиятида у ўзининг нафақат салоҳиятли олим ва моҳир муаллим, балки барчага ўрнак бўладиган ташкилотчи эканини ҳам исботлади. Жамоани таълим ва тарбиянинг энг муҳим йўналишларига сафарбар эта билди. Соҳадаги фидокорона хизматлари учун 2016 йили «Ўзбекистон Республикаси мустақиллигига 25 йил» эсдалик нишони билан тақдирланди.
Одамийлик – у зиёли бўладими ёки ишлаб чиқариш ходими, раҳбар бўладими ёки оддий деҳқон – ҳар қандай кишига баҳо беришда энг асосий мезон. Ҳамид ака ғайратли, шижоатли, ҳамма нарсага эътиборли, зукко инсон. Ҳар доим элнинг ичида, эл дардини ўз дарди, эл қувончини ўз қувончи деб қабул қила оладиган куйинчак одам. Пойтахтимизнинг Яккасарой туманига қарашли «Армуғон» маҳалла фуқаролар йиғини раисининг жамоатчилик асосидаги маслаҳатчиси сифатидаги фаолиятида унинг ушбу фазилатлари халқни рози қилишдек муҳим ва савобли ишда асқатмоқда.
Ва ниҳоят, Ҳамид Исаев ибратли оила бошлиғи, фарзандларига меҳрибон ота, невараларига ғамхўр бобо сифатида ҳам ҳурматга лойиқ киши. Биз домланинг файзли хонадонида кўп бўлганмиз. У ўзида ўзбек аёлига хос энг эзгу фазилатларни мужассам этган Бахмал янга билан бирга бахтли ҳаёт кечиряпти. Яна бир муҳим гап. Ушбу муаллим ва муаллималар оиласи бугунги кунда таълим соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар ютуғини таъминлашга муносиб ҳисса қўшиб келаётир. Қизлари Наргиза Тошкент давлат педагогика университетида, Дилфуза ва Маҳфуза Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институтида ёшларга сабоқ беради. Дилдора эса шифокор.
Буларнинг ҳаммаси Ҳамид ака нафақат ўқувчи ва талабаларга, балки фарзандлару невараларига ҳам муносиб таълим ва тарбия бера олган чин маънодаги муаллим эканининг исботидир. У бутун вужуди, онгу шуури, руҳияти билан муаллим деган номга муносиб бўлган миллат зиёлисидир.
Нурбой ЖАББОРОВ,
филология фанлари доктори,
профессор



