Кийган тўнинг эскирар, кийдирганинг эскирмас

4170

Ўрта Чирчиқ туманидаги 124-сонли имконияти чекланган болалар ихтисос­лаштирилган мактабида 161 нафар ўғил-қиз таълим олмоқда. Улар 16 та синф хонасида ўқишади ва мактаб ҳудудидаги ётоқхоналарда истиқомат қилишади. Уларга 59 нафар ўқитувчи ва 28 нафар ходим таълим-тарбия бермоқда, меҳр-мурувват кўрсатмоқда.

Яқинда бир гуруҳ саховатпеша инсонлар совға-саломлар билан ушбу масканга ташриф буюришди. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси вакиллари ҳамда Федерациянинг Тошкент вилояти кенгаши томонидан совғалар тортиқ этиш мақсадида биз ҳам ушбу мактабда бўлдик.
Мактаб спорт зали безатилган, шарлар осилган, гиламлар ёзилган. Қувноқ болажонлар ва уларга бош-қош бўлиб турган меҳрибон ва ғамхўр муаллим-у мураббийлар юзида қувонч, табассум.
Бир қаватли бу мактабнинг очилганига ўттиз бир йил бўлибди. Шу давр мобайнида бу даргоҳга кимлар келиб, кимлар кетмаган, дейсиз. Юзлаб, минглаб яримкўнгил болалар бу даргоҳдан касб-ҳунар билим юртларига учирма қилинган.
…Абдулҳамид Эргашев мактабда анча йил раҳбар бўлган. Пенсияга чиққач ҳам, жонажон мактабида қолган. Айни вақтда психолог вазифасида фаолият кўрсатмоқда.
– Ихтисослашган мактабда ишлашнинг ўзига хос масъулияти ва мураккабликлари бор, – дейди Абдулҳамид ака. – Болалар, айниқса, соғлиғида нуқсони бор болалар психологиясида ўзига хос нозик жиҳатлар бўлади. Ҳар бир бола билан алоҳида шуғулланиш зарур. Касбимдан фахрланаман, савобталаб ўқувчиларим қалбига йўл топа олганимдан мамнуният ҳис қиламан.
Доира садолари остида тадбир тантаналари бошланиб кетди. Кичик санъаткор болалар ижросидаги куй-қўшиқлар, рақслар барчага манзур бўлди.
– Ўрта Чирчиқ тумани «Баркамол авлод» болалар мактаби жамоаси ҳам бадиий чиқиш­лари ва совға-саломлар билан келган, – ­дейди мактаб раҳбари Рая Ражабова. – Жамоамиз билан ушбу билим даргоҳидаги ўқувчиларни руҳий ва маънавий қўллаш учун тез-тез йўқлаб турамиз.
– Халқаро ногиронлар куни муносабати билан «Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмайди» шиори остида 30 ноябрдан 30 декабргача меҳр-мурувват ойлиги ўтказилмоқда, – ­дейди Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Тошкент вилояти кенгаши раисининг ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиси Шоира Охунжонова. – Вилоят, туман ва шаҳарлардаги махсус таълим муассасалари тарбияланувчилари ҳамда ногиронлиги бўлган инсонлар ҳолидан хабар олиб, уларнинг кўнгилларини кўтариш мақсадидаги режали тадбирларимиз давом этмоқда. Ногиронлиги бўлган фуқароларимизга аравачалар совға қилинди. Ихтисослашган мактаб болалари ўз қўллари билан тайёрлаган ижодий ишлардан иборат савдо кўргазмалари ташкил этилди.
Даврадагиларни табриклаш учун сўзга чиққанлар ногиронлиги бўлган болажонларнинг жамиятда ўз ўрни борлиги, уларга мамлакатимиз Президенти алоҳида меҳрибонлик ва ғамхўрлик кўрсатаётганини қайта-қайта таъкид­ладилар.
Иштирокчиларни қутлаш учун паралимпиада бўйича жаҳон чемпионати иштирокчилари, жаҳон кубоги совриндорлари Шаҳноза Мирзаева, Ҳайитмурод Черкизев саҳнага чиққанида ўқувчилар уларни гулдурос қарсак­лар билан кутиб олишди.
– Доимо иродали бўлинглар, спорт билан мунтазам шуғулланинглар, шунда сизлардан ҳам чемпионлар, албатта, чиқади, – деди Шаҳноза Мирзаева.
Маълумотларга кўра, келгуси йили мактабнинг янги биноси ишга тушар экан. Насиб қилса, азиз болаларни қучоғига оладиган мурувват ва саховат кошонаси очилиши маросимида қатнашамиз.

Дилмурод ҚИРҒИЗБОЕВ,
«ISHONCH»