Яқинда “Ботаника” санаторийсида дам олиш маскани кутубхонаси учун янги харид қилинган китоб тақдимоти ўтказилди.
2021 йилда “Шарқ” нашриёт-матбаа акциядорлик компаниясида Саидакбар Ризаевнинг “Шароф Рашидов портретига чизгилар” номли китоби чоп этилди. Китобда атоқли арбоби Ш.Рашидовнинг ҳаёти ва фаолиятига холисона ва илмий баҳо берилган.
Кўплаб архив ва статистика ҳужжатлари, Ш.Рашидовнинг сафдошлари, совет ва чет эл матбуотидаги маълумотларга асосланиб ёзилган мазкур китоб ўзбек тилида илк бор нашрдан чиқди.
– Архивда сақланадиган асл ҳужжатларни ўрганиб, у зот билан ишлаган инсонлар билан суҳбатлашиб, унинг ҳақиқий образини яратиш иштиёқи туғилганди. Бу йўл билан Ш.Рашидовни ҳамда ҳақоратланган халқ номини тозалашга уриндим, – дейди муаллиф С.Ризаев.
1992 йил октябрида “Шароф Рашидов. Штрихи к портрету” деб номланган китоб 10 минг нусҳада чоп этилган. Бу у киши тўғрисидаги моҳиятан биринчи илмий-таҳлилий нашр эди. Китоб 1,5 йил ўтмай китоб дўконларида қолмаган.
2017 йил Ш.Рашидов таваллудининг 100 йиллигига бағишлаб иккинчи, тўлдирилган нашри рус тилида чоп эттирилганди. У ҳам тез орада ўз китобхонларини топди.
Саидакбар Ризаевнинг “Шароф Рашидов портретига чизгилар” номли ўзбек тилидаги ушбу янги асари ўзбек ҳалқининг содиқ фарзанди марҳум Ш.Рашидовнинг руҳларини шод этишига, бизга эса чин маънода маънавий озуқа бўлишига умид қиламиз.
Севара ЭШОНҚУЛОВА,
“Ботаника” санаторийси ходимаси



