Халқ таълими вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси ҳамкорлигида умумтаълим мактабларининг 10-11-синф ўқувчилари ўртасида “Менинг Президентим” ижодий ишлар танлови эълон қилинган эди. Айни кунларда жойларда тўрт босқичли танловнинг мактаб ва туман босқичлари якунланди.
Янги Наманган туманида ҳам танловнинг биринчи босқичида ғолиб бўлган 695 нафар истеъдодли ўқувчи туман ва шаҳар босқичларида фаол иштирок этишди. Энг юқори бал тўплаган 14 нафар ўқувчи танловнинг вилоят босқичига йўлланмани қўлга киритишди.
Иштирокчилар танловнинг мактаб босқичида “Янги Ўзбекистон менинг нигоҳимда” мавзусида эссе ёзган бўлсалар, туман (шаҳар) босқичида “Янги Ўзбекистон – янги имкониятлар” мавзусида иншо ёздилар. Танлов жараёнлари ва иштирокчиларини кузатар экансиз, зеҳни ўткир, қалбида Ватанга чексиз меҳри бор, атрофдаги воқеа-ҳодисаларга, юрт келажаги ва тақдирига дахлдорлик ҳисси нигоҳларида балқиб турган билимга чанқоқ ўқувчилар жуда кўплигидан кўнглингиз ёришади.
Ҳа, баралла айтиш мумкинки, бугунги ёшларнинг тафаккур ва тасаввур олами ниҳоятда кенг. Мустақил фикрли, дунёқараши кенг ўқувчилар эса эртага халқи учун, Ватани учун бутун вужуди билан ёниб яшайдиган инсон бўлиб улғаядилар!
Раҳбархон ЖУМАБОЕВА,
Янги Наманган тумани таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси бўлинмаси кенгаши раиси



