Яқинда Хўжайли туманидаги тарихий Миздакхон мажмуаси билан боғлиқ бир можаро юзага келди. Бунга мажмуанинг Халифа Ражаб мақбараси қошидаги янги қабр ҳақида тарқалган хабарлар сабаб бўлди. «Нима учун X асрга оид тарихий ёдгорлик ёнида замонавий қабр бўлиши керак?», деган эътирозлардан ташқари, «Бу жойда қабр учун ерлар сотилмоқда» каби масала ҳам ўртага кўндаланг қўйилди.
Мутасаддилар бу маълумотни тасдиқлашмади. Аммо иссиғида машмашанинг олди олинмаса, юртимизда сайёҳлик мақсадларида фойдаланиш мумкин бўлган анча жойлар сингари Миздакхон мажмуаси ҳам қабристонга айланиши эҳтимолдан холи эмас.
Дабдабали дафнбозлик
Бу тарихий маскан ўрта асрларда Хоразмнинг йирик шаҳарларидан бири бўлган. Машҳур араб сайёҳи ва олими ал-Мақдусий 985 йили шу ердан ўтганида «Миздакхон ўзининг катталиги бўйича Кат, Гурганж каби Хоразм давлатидаги учинчи шаҳар», дея таъриф берган.
Археологик қазишмалар чоғи мажмуа жойлашган тепаликдан антик даврга доир эсдаликлар, шунингдек, ён-атрофидан оссуарийлар, яъни марҳумлар суяги сақланадиган идишлар топилган. Бундай ҳолатлар ҳозир ҳам кузатилмоқда. Чунки қадимий қабрлар устида яна қабрлар қазилмоқда.
– Миздакхон мажмуаси археологик нуқтаи назардан ҳали тўлиқ ўрганилмаган, қазиш ишлари ҳали кўп йиллар давом этиши мумкин, – дейди археолог олим Саъдулла Саипов. – Мажмуанинг археологик қўриқланадиган майдони 7 гектар бўлса-да, ташқарисидаги майитларни кўмиш учун рухсат берилган қарийб 70 гектарлик майдондан ҳам зардуштийлик маданиятига оид эсдаликлар топилмоқда. Янги қабрлар қазилаётган жойлардан асосан оссуарийлар чиқмоқда. Энг ачинарлиси, яқинда Халифа Ражаб ёдгорлиги қошида замонавий қабр қазилгани бўлди. Қўриқланадиган бу ҳудудга марҳумларни дафн этишга қандай қилиб изн берилганига ҳайронман.
Тармоқ фаолларидан яна бири, сайёҳлик ишлари билан шуғулланувчи қорақалпоғистонлик Азамат Маткаримов «Facebook»даги саҳифасида ёзишига қараганда, баъзи одамлар ўз қариндошларини мажмуанинг энг машҳур зиёратгоҳлари ёнига дафн қилишга астойдил интилишмоқда. Оқибатда кўҳна обидалар атрофида қимматбаҳо тошлар ва материаллар билан безатилган дабдабали қабрлар кўзга ташланмоқда. Эҳтимол, ўша кишилар яқинларининг қабри муқаддас қадамжоларга қанчалик яқин бўлса, буни ўзлари учун шунчалик шарафли ва яхши деб билишар. Аслида эса, бундай эмас. Аввало, улар шундай йўл тутишлари туфайли тарихни йўққа чиқаришмоқда. Қолаверса, бунақа дафнлар кўплаб сайёҳларда маданиятсизлик белгиси сифатида таассурот қолдиради.
Мажмуага элтувчи янги йўлак керакми?
Айни дамларда сайёҳларга қулайлик яратиш мақсадида мажмуага кириладиган жойларга олиб борувчи, усти ёпилган ва ёнлари ярим-ёрти беркитилган йўлак қурилмоқда. Бу ҳам ижтимоий тармоқлар фойдаланувчиларида ҳар хил фикрлар уйғотмоқда.
«Туннель (йўлак назарда тутилмоқда – Е.Қ.) нега керак? – дейди блогер Лилия Николенко. – Миздакхонда сайёҳлар диққатини ўзига жалб этадиган асосий жойлардан бири зинадан юқорига кўтарилиш биланоқ кўзга ташланадиган ажойиб манзаралар-ку. 50 даража иссиқда тик қояга чиқиш, тор ва узун туннель бўйлаб юриш барча сайёҳлар учун ҳам осон кечиши даргумон».
«Бу ерда дарвозадан то мақбаралар жойлашган тепаликка қадар ўзига хос туннель барпо этилмоқда экан, – дея фикр билдиради А.Маткаримов. – У сайёҳлар йўл-йўлакай эски қабрларни кўрмаслиги учун қурилмоқда. Ҳолбуки, қабристон ўта муҳим туристик жой. Мен у ерга кўп бор сайёҳларни бошлаб борганман ва улар учун дафн маросими анъаналари, дафн этишнинг ўзига хос хусусиятларини кузатиш, турли халқлар динлари ва эътиқодлари ўзаро чамбарчас боғлиқлигини билиш жуда қизиқарли эканига гувоҳ бўлганман. Шу боис бу тахлит иш юритишни туризм ривожи учун ҳалокатли ҳисоблайман. Лойиҳа туризм соҳаси масъуллари ва мутахассислари билан келишилмасдан қабул қилингани жамиятимиз учун катта йўқотишдир.
Хўжайли тумани ҳокимлиги масъуллари янги қабрнинг қадимий ёдгорлик теграсида жойлаштирилиши сабаби мутасадди ташкилотлар ҳамкорлигида ўрганилаётганини маълум қилишди. Йўлак масаласида эса қуйидагича жавоб беришди:
– Тарихий мажмуага олиб боришга ва тепаликка чиқишга мўлжалланган йўлак қурилишининг нимаси ёмон? Биринчидан, зиёратчи ёки сайёҳ сифатида келган фуқаролар, айниқса, кексалар ва аёллар учун қулайлик туғилади. Улар қадимий девор расмларини томоша қилиб, завқланишлари мумкин. Иккинчидан, ноқулай об-ҳаво шароитида ёки жазирама кунларда йўлак соя ва салқин бошпана вазифасини ўтайди. Учинчидан, чор атрофни томоша қилиш мумкин бўлган очиқ дизайн ҳисобланади. Тўртинчидан, йўлак миллий анъаналаримизга мос нақшлар билан безатилади. Алалхусус, кўпчилик фуқароларга очиқ қабрлар оғир таъсир қилишини инобатга олиб, юқорига чиқиладиган зинапоянинг том қисми ёпилса, эстетик жиҳатдан ҳар томонлама мақсадга мувофиқ бўлади.
Миздакхонда дафн қилиш давом этаверадими?
Туризм ва спорт вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос агентлигининг Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси бошлиғи Қуаниш Шариповнинг айтишича, маданий мерос объектлари (археология обидалари) ва уларнинг муҳофаза зоналари ҳудуди қабристон учун ер участкаси сифатида ажратилиши мумкин эмас. Бу Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори билан тасдиқланган «Дафн этиш жойларини сақлаш, улардан фойдаланиш ва қабр усти ёдгорликларини ўрнатиш тартиби тўғрисида»ги низомнинг 53-бандида аниқ-тиниқ белгилаб қўйилган. Мазкур ҳолатда жорий тартиб-қоидалар бузилгани сабабли «Миздакхон мажмуаси» атрофида юзага келган можаро юзасидан Қорақалпоғистон Республикаси прокуратурасига ушбу муаммони бартараф этиш учун қонуний чоралар кўришни сўраб, мурожаат қилинган.
Хўжайли тумани ободонлаштириш маркази бошлиғи Тимур Тажимуратовнинг таъкидлашича, айни ҳолат юзасидан ҳозир прокуратура ходимлари суриштирув ишларини олиб боришмоқда. Демак, тез орада тарихий обида теварагига марҳумларни дафн қилиш мумкин ёки мумкин эмаслигига аниқлик киритилади.
Шу ўринда битта эслатма. 2017 йилда ушбу мажмуа таркибига кирадиган, XIII-XIV асрларга дахлдор Шамун-Наби мақбараси бузиб ташланиб, ўрнига янги бино қурилганди. Қисқаси, муҳим аҳамиятга эга битта қадимий ёдгорлик бутунлай йўқ қилинган эди. Лекин негадир ўшанда бу ишда айбдорлардан бирортаси ҳам жазоланмаганди.
Ишқилиб, бу сафар ҳам аввалги хатолар такрорланмасин…
Есимхон ҚАНОАТОВ,
«ISHONCH»



