“Зукко болажон!” болажонга мотивация беради

1067

Тошкент музейида “Зукко болажон!” фотоальбомининг тақдимоти бўлиб ўтди.

Унда таъкидланганидек, ушбу фотожурнални тайёрлаш учун мамлакатимизнинг етакчи мутахассислари: педагог, болалар психологи, лойиҳа координатори, дизайнер, фотограф, режиссёр билан ҳамкорликда ишчи гуруҳ шакллантирилди.

Фарзандларимизга миллий анъаналаримизга хос таълим, тарбия ҳамда унутилиб бораётган одоб меъёрларини ёдга соладиган 51 ҳолатни ўзида акс этган сценарий тайёрланди. Болалар ҳамда актёр ва актрисалар ўртасида кастинг эълон қилиниб, натижалар аниқ бўлгач, объект аниқлаш, кастингда танлаб олинган болалар, актёр ва актрисалар иштирокида фотосюжетлар, фотолавҳалар расмга олинди.

Суратга олиш ишлари хонадонларда, мактаб ва мактабгача таълим муассасасида ҳамда Марказий экопаркда бўлиб ўтди.

Лойиҳа давомида юз нафарга яқин ижодий гуруҳ иш олиб борди. Ишчи гуруҳ томонидан фотомаҳсулотлар саралаб берилгач, “Маърифат” тарғиботчилар жамияти аъзолари, педагог, болалар психологи, Мактабгача маълим вазирлиги мутахассислари кўмагига таянилиб, суратларни шарҳлайдиган қисқа ва лўнда жумлалар ишлаб чиқилди. Фотомаҳсулотлар альбом кўринишига келтирилди ва бунда болалар (мактабгача таълим муассасалари тарбияланувчилари) диққатини жалб эта оладиган ёрқин ҳамда қувонч билан бирга мотивация берадиган кўринишдаги фотоальбом ишланди.

Тақдимот давомида “Зукко Болажон!” фотоальбоми ижодий гуруҳига ташкилотчилар томонидан ташаккурномалар ҳамда болажонлар учун совғалар тақдим этилди.

Шаҳло АБДУРАҲМОНОВА,

ishonch.uz