Урганч пишлоғининг сири

4502

ёхуд корхона эришаётган муваффақиятлар сабаблари

Урганч туманидаги «TILLO DOMOR» хусусий корхонасининг довруғи йил сайин ортиб бораётганида унда ишлаётган ҳар бир ходимнинг ўрни ва қадри борлиги ҳам муҳим аҳамиятга эга.

– Жамоам мен учун оилам каби азиздир, – дейди корхона раҳбари Умарбек Шарипов. – Ҳамкасблар кўмагида режаларим амалга ошяпти, шу боис, уларнинг орзулари ҳам ушалишига ҳисса қўшишни бурчим, деб биламан.
Ўтган давр мобайнида бу ерга ишга келган бир неча йигит-қиз бир-бирига меҳр қўйиб, оила қуришди. Эндиликда фарзандлари ҳам шу даргоҳда ишлаётганлари анча.
2009 йили 1 миллиард сўмлик маҳсулот тайёрлаган корхона 2020 йилда 30 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқаришга муваффақ бўлди. Албатта, бу ютуқлар замирида пухта режа, машаққатли меҳнат ва тинимсиз ҳаракатлар мужассамлашган.
Умарбек Шарипов ҳеч қачон оддий тадбиркор бўлишни мақсад қилмаган. Аввалбошданоқ дунёга машҳур брендга асос солишни режалаштирган. Эзгу ниятда мудом изланишдан тўхтамаган.
– Мен учун сифат ҳар доим биринчи ўринда, – дейди у. – Шу сабабли фаолиятимизни бошлаган кезларда бозор баҳосидан қиммат нархда бўлса ҳам сифатли сут сотиб олганмиз. Ҳозир ҳам бу анъанамизга содиқмиз. Дунёдаги турдош корхоналар фаолиятини кузатиб, тажрибаларини ўрганиб келяпмиз. Ходимларга қўядиган биринчи талабим ҳам сифатли иш. Улар хорижда малака оширишлари учун имконият яратиб беряпмиз.
Ижодий ғоялар амалда ижобат топиши натижасида корхона фаолияти йил сайин такомиллашиб бормоқда. Масалан, 2012 йили соф фойда эвазига Греция ва Болгариядан замонавий совутгичлар ва сут таркибини ўрганишда қўлланиладиган асбоб-ускуналар келтирилиб, қишлоқ жойларда сутни қабул килувчи сервис шохобчалари ташкил қилинди. 2014-2017 йилларда Болгария ва Италиядан олиб келинган дастгоҳлар ўрнатилиб, ишлаб чиқариш ҳажми оширилди. 2016 йилда сутни қайта ишлашга ва сут маҳсулотлари тайёрлашга ихтисослашган замонавий заводга пойдевор қўйилди. Ҳозир бунёдкорлик ишлари жадал давом эттирилмоқда.
Умарбек Шарипов янги заводга ускуна сотиб олиш учун 2017 йилдан эътиборан Европа Тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) билан музокаралар олиб бора бош­лади. Ўтган давр мобайнида ушбу банк маблағлари ҳисобидан «Hamkorbank» АТБнинг Хоразм минтақавий филиали орқали 2,3 млн. евро миқдорида кредит ажратилди. Бу сармояга Болгариядан зарур асбоб-ускуналар харид қилинмоқда.
Шунингдек, бугунги кунга қадар «TILLO DOMOR» хусусий корхонасига ЕТТБ томонидан умумий суммаси 280 минг евро ва 106 минг АҚШ долларига тенг 5 та грант маб­лағлари ажратилди. Улар корхонани замонавий халқаро стандартларга жавоб берадиган молия тизимига ўтказиш, халқаро консультантлар иштирокида янги заводга техник масалаларда ёрдамлашиш, ЕТТБнинг «Хоразмда маж­муавий маданий мерос» дастури доирасида – халқаро консультантлар кўмагида янги заводда «Хоразм сирлари» сайёҳлик янги бренди концепцияси ҳамда маҳсулотни хорижий бозорга олиб чиқиш дас­турларига йўналтирилган. Ўтган йил 8 июнда ЕТТБнинг биринчи вице-президенти Юрген Ригтеринк билан Умарбек Шарипов ўртасида «TILLO DOMOR» корхонасига ЕТТБнинг «Blue Ribbon» дастури доирасида 3 йилга мўлжалланган, жами қиймати 125 минг евролик консалтинг хизматлари кўрсатиш бўйича янги шартнома имзоланди.
Янги завод жорий йилнинг иккинчи чорагида ишга туширилади. У тўлиқ қувватларда фаолият юрита ­бошласа, йилига 50 минг тонна сут маҳсулотларини қайта ишлаши, 1000 тонна пишлоқ, 300 тонна сариёғ ва 30 турдаги ­бошқа сут маҳсулотлари тайёрлаши, йиллик экспорт ҳажмини 1 млн. долларга етказиши кўзда тутилмоқда. 2020 йил натижаларига кўра, «TILLO DOMOR» ишлаб чиқараётган ўнта маҳсулот «UzFood» томонидан ўтказилган «Энг юқори сифатли маҳсулот» номинацияси бўйича олтин медаль билан тақдирланди. Асосийси, маҳсулотлар ҳар бир харидорга манзур бўлмоқда.
Айни дамларда корхонада 104 нафар ишчи-хизматчи (уларнинг 60 фоизи 30 ёшгача бўлганлар) меҳнат қилмоқда. Улар истеъмолчиларга ҳар йили 4500 тонна сутни қайта ишлаш орқали 20 хил турдаги маҳсулотлар (пишлоқ, бринза, қатиқ, қаймоқ, сметана, творог ва бошқалар) етказиб беришмоқда.
Иш бошқарувчи Дониёр Тиллоев, назоратчи Расул Карриев, катта ишчилар Гулмира Отажонова, Зубайда Абдуллаева, ҳайдовчи Бекзод Ражапов корхона равнақига муносиб ҳисса қўшиб келаётган ­тажрибали ходимлар саналади.
Бу ерда Урганч давлат университети талабалари амалиёт ўташлари учун шароитлар яратилган бўлиб, ҳар йили 25-30 нафар йигит-қиз назарий билимларини амалиётда мус­таҳкамламоқда.
Умарбек Шарипов 2019 йилги сайловларда халқ депутатлари вилоят кенгаши депутатлигига сайланган ва Олий Мажлис Сенати аъзолигига лойиқ кўрилган эди. Эндиликда сайловчилар хоҳиш-истагини рўёбга чиқариш борасида ҳам тинимсиз изланмоқда.
– У иш берувчи сифатида жамоа шартномаси бандлари ижросини тўла таъминлаб келмоқда, – дейди Агросаноат мажмуи ходимлари касаба уюшмаси республика кенгашининг Хоразм вилояти ­бўйича масъул ташкилотчиси Шавкат Сафарбоев. – Ҳар гал корхонада бўлганимизда, жамоанинг аҳиллигига, бир мақсад йўлида якдил ҳаракат қилишларига ҳавасимиз келади. Шу боис ҳам корхона бошланғич касаба уюшма қўмитаси 2021 йил якунларига кўра, фахрий ёрлиқ ҳамда пул мукофоти билан тақдирланди. Умуман олганда, «Бугун бозорни кенг эгаллаб бораётган Урганч пишлоғи ва сут маҳсулотларининг сири нимада?» деган саволга мен «бу ишчи-ходимлар манфаатига қаратилган эътиборда», деб жавоб берган бўлар эдим.

Муҳаббат ТЎРАБОЕВА,
«ISHONCH»