Кредит фоизлари қачон камаяди?

2640

Замонавий иқтисодиёт қоидаси шундай: нафақат тадбиркорлар, балки аҳолининг кенг қатлами ҳам банк кредитларига эҳтиёж сезади. Ўртаҳол турмуш кечирувчилар ҳам кам-кўстини тўғрилаш учун қарз олишга мажбур бўлишади. Иш ҳақи рўзғоридан ортмайдиган кишилар таълим олиш, уй қуриш, маиший техника харид қилиш, тўй қилиш ёки бошқа эҳтиёжларини қондириш учун тижорат банкларига мурожаат қилишади.

«Ҳарна, – деймиз биз, – ҳар ҳолда, судхўрлардан олгандан яхши-ку».
Аммо тижорат банклари таклиф қилаётган кредит фоизлари судхўрларникидан қолишмаяпти. Айтайлик, «Ипотекабанк» таклиф қилаётган «Умумий ипотека» кредити устамаси йиллик 26 фоиз. Боз устига, ўғрини қароқчи урганидай, иккиламчи бозордан кредитга уй олмоқчи бўлган кишига сотувчи нархни баланд­латади, солиқ ва бошқа тўловларни ҳам зиммасига юклайди. Шундоқ ҳам уй-жойлар қимматлиги туфайли неча йилдан бери ижарама-ижара юрган оила аҳли бошини чангаллаб қолаверади.
«Давлатимиз эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаяпти, субсидия олиши мумкин», дейишингиз мумкин. Аммо субсидия ҳаммага ҳам берилмайди. Унинг ўз шартлари бор. Биз айтаётган, яъни ижарада яшаётган оила ойига тўрт-беш миллион сўм атрофида даромад қилади. Тўғри, ойлик даромади 15 миллион сўмдан ошмаган оилалар йиллик 17,5 фоиздан ипотека кредитлари олишлари мумкин. Аммо буни ҳам кам фоиз деб бўлмайди. Тошкент шаҳридаги уйларнинг нарх-навоси кўпчиликни чўчитади. Бунинг устига кредит фоизлари ҳам қўшилса, ўртаҳол одам уй олишни орзу ҳам қилмай қўяқолади. Уй-жойлар нархлари вилоят марказларида ҳам арзон эмас.
Айтайлик, Урганч шаҳрида уч хонали уйнинг ўртача баҳоси бирламчи бозорда 250-300 миллион, иккиламчи бозорда 150-250 миллион сўм атрофида. Ипотека кредити асосида уй-жой харид қилиш учун 26 фоиздан 36 фоизгача олдиндан тўлов қилиш керак бўлади. Демак, 300 миллион сўм кредит олмоқчи бўлган оила камида 72 миллион сўмни олдиндан тўлайди. Ойлик даромади 4-5 миллион сўм бўлса, 72 миллион сўмни қанча муддатда йиғади? 228 миллион сўмнинг йиллик 17,5 фоизи қанча бўлади? Қолаверса, кредит бўйича ойлик тўловнинг оилавий даромадга нисбати айрим кредит турларида 50, баъзиларида 70 фоиздан ошмаслиги керак. Оила 72 миллион сўмни, уйини кредитга сотадиган сотувчини бир амаллаб топиб, фоизнинг баландлигига ҳам кўниб, ариза билан мурожаат қилса, банк унинг аризасини рад қилиши ҳеч гапмас. Бундай шароитда ўртаҳол оила нима қилсин?
Олдинда уч йўл бор: ё иш излаб хорижга кетиш, ё касбидан воз кечиб, тадбиркорлик билан шуғулланиш, ёки камбағаллар сафига қўшилиш. Ваҳоланки, тадбиркорлик ҳамманинг ҳам қўлидан келавермайди. Қолаверса, у яхши мутахассис, ўз касбининг устаси бўлиши мумкин.
Шуниси ҳам борки, хорижда мардикорлик қилиб юрган ватандошларимиз, гарчи аксариятининг мақсади уй-жой қилиш бўлса-да, ипотека кредитлари олишни орзу ҳам қилишмайди. Ахир кредит доимий даромадга эга ­шахсларга берилади. Бундай шароитда ўша юртдошимиз уй-жой қурилиши билан шуғулланувчи тадбиркорларга мурожаат қилади. Тадбиркор инсофли бўлса, омади чопади. Йўқса, уйни анча қимматга олишга мажбур. Тўловларни эса икки-уч йил ичида амалга ошириши керак.
Истеъмол кредитлари, микроқарзларнинг фоизлари янада катта. Йиллик 26-28 ва ундан ҳам баланд. Тижорат банклари таклиф қилаётган омонатлар 14 фоиздан 22 фоизгача бўлгани ҳолда, кредитлар фоизлари бунчалик баландлигини нима билан изоҳлаш мумкин? Банк мутасаддилари инфляция даражасини, иқтисодий шарт-шароитларни ва яна бир нималарни баҳона қилишлари тайин. Аммо баҳона эмас, жўяли ечим керак. Қўшни давлатларда банк кредити фоизлари биздагидан анча арзон ва олиш ҳам анча осон-ку. Улар топган ечимни топишга банкирларимизнинг салоҳияти етмайдими?
Тасаввур қилинг, ўртаҳол оила вакилларидан бири ноёб жарроҳлик амалиётига эҳтиёж сезяпти. 30-40 миллион ва ундан кўп маблағ талаб қиладиган амалиётга пули етмайди. Давлатдан ёрдам олишга эса параметрлари тўғри келмайди – камбағал эмас. Тижорат банкларидан микроқарз сўрашга мажбур бўлади. Қисқа фурсатда қарз олиш учун ҳар қандай фоизга рози. Ноёб амалиётни бошидан кечирган одам маълум муддат ишга лаёқатсиз бўлади ва қўшимча муолажаларга эҳтиёж сезади. Мана шундай шароитда банкдан олган қарзи оила иқтисодини чўктириши аниқ. Банкларимиз фақат давлат маблағ ажратсагина маълум мақсадлар учун кам фоизли кредитлар беради? Нима учун тижорат банклари ўз маблағлари ҳисобидан аҳолига имтиёзлар ёки кам фоизли кредитлар таклиф қилмаслиги керак? Нима учун кредит ажратишда ёки бошқа хизматлар кўрсатишда фақат банк манфаатлари инобатга олинади, аҳолининг яшаш шароитлари эътибордан четда қолади?
Кредит ҳисобига маиший техника харид қилмоқчи бўлдим. 5 миллион сўмлик буюм учун 7 миллион сўм тўлагим келмади. Савдо дўконларини айланиб, улардан бирида харид қилган маҳсулот учун олдиндан 35 фоиз тўлов қилиб, қолган пулини уч ой ичида қайтарсангиз, фоиз тўланмаслигидан хабар топдим. Бу дўконда харидорлар учун бошқа имтиёзлар, бонуслар ҳам берилар экан. Шунинг учунми, мижозлари кўп. Тижорат банклари мижозларга бонус бергани ҳақида эшитганмисиз?
Яқинда банк кредити асосида автомашина харид қилган танишим нолиб қолди:
– Олдиндан 35 миллион сўм тўлагандим. Ҳарна фоизлари камайсин деб, қарз-хавола қилиб, 20 миллион сўм тўлов қилдим. Ҳеч нарса ўзгармади. 20 миллион сўм менинг ҳисобимда тураркан-у, ойма-ой ечиб боришаркан, фоиз устамаси камаймас экан. Пулим банкда тургани учун менга фоиз ҳам тўлашмас экан. Ойига уч-тўрт миллион сўмдан тўлов қиламан, қарзимдан тезроқ қутулай десам ҳам рози бўлишмади. «Ё график асосида тўланг, ё қолган қарзингизнинг ҳаммасини!» дейишди.
Агар омонатга пул қўйган киши маблағини муддатидан олдин қайтариб олса, фоизи тўланмайди. Кредит олиш учун қўйилган бошланғич маблағга фоиз берилмайди.
Аслида тижорат банклари хизмат кўрсатувчи муассаса саналади. Хизмат кўрсатувчи учун эса мижоз талаби муҳим ҳисобланиши керак эмасми? Зеро, мижоз доим ҳақ дейишади.
Банк ходимлари ўқитувчи ва шифокорлардан 5-6 баробар кўп иш ҳақи олишади. Улар хўжалик ҳисобида фаолият кўрсатишади ва кўп ҳақ олиш қонунга хилоф эмас. Аммо бу даромад тагида халқни норози қилувчи баланд фоизлар турганини ҳам унутмайлик.
Истагимиз – тижорат банклари жаҳон тажрибасини ўрганиб, ўз фаолиятларини такомиллаштириш чораларини кўришса, нафақат банк, балки мижозлар манфаатларини ҳам инобатга олишса, айни муддао бўларди.

Муҳаббат ТЎРАБОЕВА,
«ISHONCH»