Одам боласи қалби нимадандир озорланганда ёки руҳиятида қандайдир тушкунлик сезилганда атрофдан кўмак, юпанч, далда излаб қолади. Бундай вақтда кимнидир куй-қўшиқ тинглагиси, кимнидир йиғлагиси, кимдир сукунат билан сўзлашгиси келади, яна кимдир эса…
Мен шундай пайтларда шеърий китобларни мутолаа қилишни маъқул кўраман. Мўъжазгина кутубхонамда Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов, Азим Суюн, Зебо Мирзо, Усмон Азим, Шавкат Раҳмон каби шоирларнинг китоблари бор.
Бугун кутубхонамни кўздан кечириб, Зулфияхонимнинг «Баҳор келди сени сўроқлаб» шеърий тўпламини қўлимга олиб, узоқ вақт мутолаа қилдим…
Ҳа, тан бермасликнинг иложи йўқ. Зулфияхоним улуғ ижодкор. У сўзларни илҳом алангасида тоблаб, сўнг сеҳр кучидан чўққа айланган сўзларни шеърий шаклларга соладиган ижодкор эди. Унинг ижоди булоқ сувидек тоза ва тиниқ, кўнгилларга малҳам бўлар даражада мавжли эди. Шу сабабданми, у қайси мавзуни қаламга олмасин, ўз сеҳри билан ўқувчини кенгликларда кезиб, дунё ва дил билан сўзлашишга чорлайди.
Ўзинг ташна этдинг,
ўзинг сув тутдинг,
Қалбимдаги саҳром,
дарёмсан, халқим.
Сени сева-сева
мен бойиб кетдим,
Дунё ичра топган
дунёмсан, халқим.
Шоира дунёлар ичра топган дунёси – халқини бир умр улуғлаб келди. Ўз шеърларида ўзбек халқига хос саодат, жасорат, матонат каби туйғуларни баралла куйлади. Зулфияхоним ижодини кузатган инсон унинг нақадар нафис, гўзал ва покиза туйғулар эгаси эканини англайди. Адабиётшунос олим Озод Шарафиддинов таъбири билан айтганда, у «кемтик бахт ичидан саодат топа олган бир фаришта» эди.
Зулфия Исроиловани адабиётимиз осмонидаги бир юлдуз дейдиган бўлсак, бу юлдуз қарийб 107 йилдан бери асло хира тортмай, янада чарақлаб турибди. Гарчи атоқли шоирамиз ҳижрон, армон, айрилиқ каби тўфонлар билан курашиб ўтган бўлса-да, ижодида шаббодалар рақс тушади, бойчечаклар хиром айлаб, баҳорни чақиради. Шеърларидаги сатрларда майсалар бош кўтариб, оқ қоғозни яшилликка буркайди.
Баҳор фасли, баҳор соғинчи ҳар бир ижодкорнинг, хоҳ қиш бўлсин, хоҳ куз, юрагининг бир четида куртак ёзиб турган бош мавзудир. Зулфияхоним бир умр юрагида баҳорни асраб келди. Баҳор ҳам гўзал куйчиси ёнидан кета олмай, ижодкорнинг кўнглига, қаламига кўчаверади.
Зулфияхонимга бежиз «Баҳор элчиси» деб таъриф берилмаган. Унинг баҳорнинг илк кунида таваллуд топишида ҳам, умр йўлида ўзи каби баҳор куйчиси Ҳамид Олимжон билан ҳамнафас бўлишида ҳам чуқур маъно бор.
Ҳамид Олимжондек ҳам устози, ҳам умр йўлдошидан эрта айрилган шоира аччиқ изтироблар денгизида ғарқ бўлмасдан, унда баҳор тўлқинларини мавжлантира олди. Балки шу боисдан ҳам, у ўз шеърлари билан мухлислари қалбида баҳордай мангу яшариб ва яшаб келмоқда.
Ҳижронинг қалбимда,
созинг қўлимда,
Ҳаётни куйлайман,
чекинар алам.
Тунлар тушимдасан,
кундуз ёдимда,
Мен ҳаёт эканман,
ҳаётсан сен ҳам.
Шоиранинг ўзи ва ижоди ҳақида жуда кўп гапириш мумкин. Унинг номини абадиятга муҳрлаган, уни тилларда ва дилларда севимли қилган энг муҳим омил шуки, у эътиқод, вафо, садоқат, эзгулик каби муқаддас туйғу ва тушунчаларга ҳаёти давомида оғишмай амал қилди. Шунинг учун Зулфияхоним бундан кейин ҳам ўзбек аёллари ва адабиётимизнинг дурдонаси бўлиб қолаверади.
Зулфия СОЛИЕВА,
Қўштепа туманидаги 11-ИДУМ
инглиз тили ўқитувчиси



