Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 31 декабрдаги «Ўзбекистон ва Хитой ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллигини нишонлаш тўғрисида» ги дастурини амалга ошириш мақсадида жорий йилнинг 29 март куни ШҲТ Халқ дипломатияси маркази Тошкент Давлат шарқшунослик университети ҳамкорлигида «Ўзбекистон-Хитой: барқарор тараққиёт йўлида ҳамкорлик» илмий-амалий анжуманини ўтказди.
Тадбирда Хитой Халқ Республикаси элчиси Цзян Ян, ШҲТнинг Хитой яхши қўшничилик, дўстлик ва ҳамкорлик қўмитаси Бош котиби Чжен Вей, Шанхай Глобал бошқарув ва минтақавий тадқиқотлар Академиясининг Ижрочи Президенти – проф. Янг Ченг ва Ўзбек-Хитой Конфуций институти директори доктор Янг Шиху иштирок этишди.
Анжуманда Ўзбекистоннинг Хитой Халқ Республикасидаги элчиси Ф.Арзиев, Ташқи ишлар, Маданият, туризм ва спорт вазирликларининг юқори мартабали вакиллари, Тошкент Давлат шарқшунослик университети, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети, Фанлар Академиясининг илмий экспертлари иштирок этишди.
Хитой элчиси Цзян Ян ўз нутқида Хитой ва Ўзбекистон 30 йил давомида сиёсий ўзаро ишончни сезиларли даражада мустаҳкамлаганини таъкидлади. “Тенглик, ўзаро ҳурмат ва манфаат тамойилларига амал қилган ҳолда, томонлар мустақиллик, суверенитет ва ҳудудий яхлитликни ҳимоя қилишда бир-бирларини қатъият билан қўллаб-қувватлайдилар ва ички ишларга аралашишга қаратилган ҳар қандай уринишларга қатъий қарши чиқадилар. Дўстлик ва ҳамкорлик, стратегик шериклик муносабатлари изчил йўлга қўйилиб, икки мамлакат ўртасида сиёсий ўзаро ишонч мисли кўрилмаган юксакликка кўтарилди”, деб таъкидлади.
Ўзбекистонда ШҲТнинг Халқ дипломатияси маркази директори К.Собиров халқлар ўртасида ўзаро тушунишни мустаҳкамлаш, шу асосда маданиятлар ва цивилизацияларни ўзаро яқинлаштириш ва бойитиш, халқларнинг анъана ва урф-одатларини чуқур англаш ва ҳурмат қилишга кўмаклашиш Ўзбекистоннинг энг муҳим устувор йўналишларидан бири эканини таъкидлади. У сўнгги 30 йил ичида Хитой ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорлик ҳар томонлама ривожланиб, самарали натижалар бераётганини, минг йиллар олдин Буюк Ипак йўлида икки халқ ўртасидаги дўстона ва ўзаро манфаатли алоқаларнинг излари сақланиб қолганини айтиб ўтди.
Хитойнинг яхши қўшничилик, дўстлик ва ҳамкорлик бўйича қўмитаси Бош котиби Чжен Вей ШҲТнинг ажойиб келажагини биргаликда яратиш йўлида тинчлик, барқарорлик ва тараққиётни таъминлаш масалалари Хитой қўмитаси фаолиятининг устувор йўналишларидан бири, жумладан, ўзаро алмашинув ва ҳамкорлик каналларини кенгайтириш эканини таъкидлади. ШҲТга аъзо давлатлар, бизнес ҳамкорликни ривожлантириш, халқлар ўртасидаги дўстликни мустаҳкамлаш ташкилотга аъзо мамлакатлар ва ШҲТни узоқ муддатли ривожлантириш учун ижтимоий ва иқтисодий асос эканлигини айтиб ўтди.
Тадбир давомида иштирокчилар иқтисодиётнинг турли замонавий тармоқлари, жумладан инфратузилмани ривожлантириш, саноат, муқобил энергетика, «яшил» ва энергия тежайдиган технологияларни жорий этиш, рақамли иқтисодиёт, электрон тижорат, сунъий интеллект, соғлиқни сақлаш соҳаларида ўзбекистонлик мутахассисларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш соҳасида ҳамкорлик бўйича таклифларни илгари сурдилар ва тадбир якунида унинг иштирокчилари қуйидаги хулосаларга келишди:
Ўзбекистон ва Хитойнинг турли соҳалардаги давлат сиёсати изчил ва самарали ривожланиш тенденциясига эга. Ишбилармон доиралар, маданият, таълим ва бошқа соҳалар вакилларининг кўплаб ташрифлари, қўшма анжуманлар, семинарлар, форумлар ва кўргазмалар томонларнинг алоқаларни янада мустаҳкамлашга қаратаётган аҳамиятидан далолат беради.
Сўнгги йилларда илмий-маърифий, маданий-маърифий ишлар ўзига хос динамик тус ола бошлади ва Ўзбекистон билан Хитой ўртасида йирик қўшма лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Шу ўринда илмий-амалий анжуманнинг барча иштирокчилари қардош мамлакатларимиз ўртасида ўзаро ишонч ва яхши қўшничиликни янада мустаҳкамлайдиган аниқ қўшма лойиҳаларни амалга оширишга муносиб ҳисса қўшишига ишонч билдиришди.
Ўзбекистонда Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Халқ дипломатияси маркази матбуот хизмати



