Республика Маънавият ва маърифат маркази қошидаги “Маърифат” тарғиботчилар жамияти пойтахтимиздаги А.П.Хлебушкина номидаги 22-Меҳрибонлик уйида “Инсон қалбига йўл меҳр-мурувватдан, саховатдан бошланади” мавзусида хайрия акцияси ўтказди. “Инсон қадри” лойиҳаси доирасида ташкиллаштирилган бу тадбирда таниқли олимлар, зиёлилар, маданият, адабиёт ва санъат намоёндалари, турли касб эгалари, меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари иштирок этдилар. Сўзга чиққанлар меҳр-оқибат, мурувват тушунчалари асрлар мобайнида эл-юртимизнинг дунёқараши, маънавий ҳаётининг негизи сифатида вужудга келганини, онгимиздан чуқур жой олган буюк қадриятларнинг амалий ифодаси эканлигини эслатиб ўтишди. Шунингдек, бу каби хислатлар инсоннинг маънавий олами қанчалик юксаклигини белгилашини таъкидлашди.
Акция доирасида муассаса тарбияланувчиларига ўзлари ёқтирадиган касб-ҳунарларни ўргатиш, уларнинг қизиқишларини ҳисобга олган ҳолда турли тўгараклар очиш ҳам кўзда тутилган эди. Шунга кўра, сартарош бўлиш истагидаги ёшларга бу касб сирлари белгиланган тартибда ўргатиладиган бўлди. Шунингдек, тўқувчилик, гулчилик, қандолатчилик йўналишларида ҳам гуруҳлар шакллантирилди. Оила ва болалар психологи Шоира Исакова тренинг ўтказиб, болалар ҳаётда ўз ўринларини топиб олишларида эътибор қаратишлари лозим бўлган жиҳатларга тўхталди.
Тадбирнинг “Рангларда олам акси” деб номланган қисмида рассом Ҳусан Содиқов болаларга ранглардан тўғри фойдаланиш, расм чизиш жараёнида нималарга диққат қилиш ҳақида маълумот берди. Сўнгра болаларга Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи билан ҳамкорликда китоб жамланмалари совға қилинди.
Таниқли санъаткорлар ижросидаги куй-қўшиқлар ва машҳур асарлардан ўқилган парчалар Меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари қувончига қувонч қўшди.
Комила БОЙМУРОДОВА



