Меҳр байрами

40

Баҳор – яшариш ва янгиланиш палласи, боқий қадриятлар фаслидир. Баҳор байрами томошаларида халқимизнинг қадимий урф-одатлари, миллий анъаналари, турли маросимлари намойиш этилади. Шу тариқа миллий меросимиз авлоддан авлодга ўтиб бораверади. Яқинда пойтахтимизнинг Мирзо Улуғбек туманидаги 205-мактабда ўтказилган “Меҳр байрами” барчага ана шундай миллий руҳ бахш этди.

Безатилган саҳнада кўркам либослардаги ўғил-қизлар яшариш фаслини мадҳ этувчи куй-қўшиқлар куйлашди, баҳорий таомларнинг фойдалари ва тайёрланиши ҳақида мароқ билан сўзлашди.

Шунингдек, болалар кўклам билан боғлиқ афсона ва ривоятлар акс этган саҳналарни моҳирона ижро этишди. Айниқса, улар ижросидаги “Бойчечагим”, “Дўппи”, “Қилпиллама”, “Чипрадалли”, “Лазги” каби миллий қўшиқ ва рақслар  барчага завқ  бағишлади. Тадбирда Мирзо Улуғбек тумани ҳокимияти “Маънавият ва маърифат” бўлими ходимлари, ўқитувчилар ҳамда ота-оналар иштирок этди.

Меҳр-муҳаббатга йўғрилган тадбир болажонлар қалбида Ватанга, ота-онага ва устозларга муносабатни яхшилашга хизмат қилган бўлса, ажабмас.

Муҳаббат ХЎЖАМУРОДОВА,

журналист