“Китобхонлик ҳафталиги – 2022” доирасида

85

Хитой тили ва маданияти фестивали ўтказилди

 Бугунги кунда ўзбек-хитой ҳамкорлиги энг қулай ва мазмунли даврни бошдан кечирмоқда. Сўнгги бир неча йил ичида эришилган муваффақиятли ҳамкорлик даражаси Ўзбекистон ва Хитой халқларининг манфаатларига тўлиқ жавоб беради.

Ушбу ютуқлар, шубҳасиз, давлатларимиз раҳбарларининг яхши қўшничилик муносабатларини ривожлантириш ва ўзбек-хитой ҳамкорлигини ҳар томонлама мустаҳкамлашга қаратилган сиёсий иродаси туфайли амалга ошмоқда.

Ўзбекистон Республикаси ва Хитой Халқ Республикаси ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллигини нишонлаш ҳамда 2020-2025 йилларда китобхонлик маданиятини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш Миллий дастурини амалга тадбиқ этиш мақсадида Ўзбекистонда Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Халқ  дипломатияси маркази Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси ва Конфуций номидаги ўзбек-хитой институти билан биргаликда “Китобхонлик ҳафталиги – 2022” доирасида Хитой тили ва маданияти фестивалини Миллий кутубхонанинг ҳашаматли залида ўтказди.

Фестивальда Хитой санъати, маданияти, хаттотлик санъати репродукциялари кўргазмаси, шунингдек, қоғоз кесиш санъати, анъанавий чой маросимлари, Тайзи-юань (хитойча бадантарбия тури), мусиқа ва рақс дастурлари намойиш этилди. Шунингдек, ушбу Фестиваль давомида ШҲТнинг яхши қўшничилик, дўстлик ва ҳамкорлик бўйича Хитой қўмитаси томонидан тақдим этилган, Нанькай университети акс этган видеоролик намойиш этилди.

Тадбирда вазирлик ва идоралар вакиллари, Хитой тили ва маданияти ихлосмандлари ва билимдонлари иштирок этишди.

Фестиваль  давомида   А.Навоий номидаги   Ўзбекистон миллий кутубхонаси директори ўринбосари   Насиба Холдорова, Ўзбекистонда Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Халқ дипломатияси маркази директори   Қобилжон Собиров, Хитой Халқ Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси маслаҳатчиси Чи Жуньлинь, Конфуций номидаги ўзбек-хитой институти директори  Саодат   Носирова (ўзбекистон томонидан), Конфуций номидаги ўзбек-хитой институти директори  профессор  Ян Шихулар (хитой томонидан) шу каби тадбирлар икки халқ ўртасидаги дўстона алоқаларни, адабиёт ва айниқса китобхонлик соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтиришга хизмат қилиши, яқин қўшничилик ва дўстликни мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлаб ўтдилар.

Тадбир сўнгида Хитой Халқ Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси томонидан тақдим этилган хитой тилида нашрдан чиққан китоблар, ўқув қўлланма ва материаллар Марказ томонидан кутубхона тизимда фаолият юритаётган ШҲТ билимлар зали учун топширилди.

 Ўзбекистонда Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Халқ дипломатияси маркази матбуот хизмати