Фазилатли шайх

215

Оламлар Роббиси Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло Исломни эзгулик ва илм-маърифат тарқатиш дини сифатида танлаган. Шу боис у ер юзига туширилганидан буён инсоният орасидан танланган пайғамбарлар орқали кишилик жамиятига одобу ахлоқ, яхшилик, меҳр-оқибат каби эзгу фазилатларни улашиб келди. Ушбу дин таълимотига қатъият билан ёндашилган даврларда диёримиздан имом ал-Бухорий, имом ат-Термизий, имом Доримий, Абу Лайс Самарқандий, имом Замахшарий, имом Мотуридий сингари буюк фақиҳлар, муҳаддислар, калом илми билимдонлари етишиб чиқди. Уларнинг илмий-маърифий мероси бугун ҳам ер юзи мусулмонларига ўз нурини таратиб келмоқда. Чунки бу алломалар тафсир, ҳадис, фиқҳ каби таълим йўналишларига асос солишди, ушбу илм-маърифатдан баҳраманд бўлган минглаб шогирдлар етиштирдилар.

Орадан неча юз йиллар ўтиб, қадим Мовароуннаҳр Парвардигорнинг раҳмати ва марҳамати ила устоз Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфдек шахсни камолга етказиб, ислом оламига танитди. Буюк муҳаддис ва фақиҳларнинг маънавий меросини ўз илмий салоҳияти билан янада бойитган муҳтарам устозимиз бугун орамизда бўлмаса-да, ёзган асарлари, ҳаёт йўли биз ва келажак авлод учун нурли бир чироқдир. Шу боис бугун у кишининг ибратли ҳаётига бир назар ташлашни лозим топдик.
Устоз билан илк танишувим ўтган асрнинг 80-йилларига тўғри келди. Ўша кезлар, биринчидан, афғон уруши авжига чиққан, Амударёнинг нариги томонидан ҳар куни ўнлаб норғул йигитларнинг тобути Ўзбекистонга юборилаётганди. Иккинчидан, мустабид тузум маънавий қашшоқликка маҳкум этган халқимизнинг ҳаёти ортга тортилаётган, жамиятда ҳалол-ҳаром аралашиб кетган, одамларнинг турмуш тарзи деярли бир хил қолипга солинган, буюк алломаларимизнинг тарихий мероси, миллий ва диний қадриятларимиз унутилган эди. Айнан ўша даврда мусулмон фарзандларининг шаръий никоҳини ҳамда вафот этган миллатдош ва диндош­ларимизнинг жаноза намозини ўқиш ҳам расман тақиқланганди. Барча диний маросимларга эскилик сарқити, муборак Рамазон ойига бидъат ва хурофот, саломатлик душмани деб қаралар, рўза тутишга фақат қалбида иймон-­эътиқоди бор айрим кексаларгина журъат этишарди. Таълим даргоҳларида, давлат муассасалари ва корхоналарида рўза тутган ходим аниқланса, жазога тортиларди. Миллатни бу даражадаги маънавий қашшоқликдан халос қилишга интилган зиёлилар ва илм-фан аҳли халқ душманига чиқариларди. Ўтмишда илм-фан тараққиётига беқиёс ҳисса қўшган алломаларнинг муқаддас Ватани ана шундай оёқости қилинганди.
Яратганнинг инояти билан қонхўрлик ва босқинчиликка асосланган шўро тузуми аста-секин дарз кета бошлади. Тошкент ислом олий маҳадига ректорлик қилаётган Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф 1989 йили бўлган Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонларининг 4-қурултойида мазкур диний идора раҳбари этиб сайланди. У киши янги вазифасини бажаришга киришаркан, энг аввало, халқ ҳаётидаги маънавий бўшлиқни тўлдиришга эътибор қаратди. Чунки одамлардаги диний илмсизлик туфайли жамиятда бидъат ва хурофотлар кўпайган, қай тарафга қараманг, худосизлик тарғиботига дуч келардингиз. Шунинг учун ҳам биринчи галда одамларга ўзлари эътиқод қўйган муқаддас ислом дини ҳақида тўғри ва тўлиқ маълумот етказиш зарур эди. Фақат шу йўл билангина диний саводсизликка барҳам бериш, кишилар қалбида иймон нурини жонлантириш мумкин эди.
Аммо собиқ иттифоқ ҳудуди ва яқин хориждаги мусулмонлар учун ягона диний билим юрти саналган Бухородаги Мир Араб ­мадрасаси (ўрта-махсус) ва Тошкент олий ислом маҳадида тайёрланаётган диний ходимлар билан бу шарафли вазифани уддалаш қийин эди. Чунки улар ишга юборилаётган масжидлар сони бешала рес­публикада ҳам бармоқ билан санарли бўлиб, имомларнинг дин, иймон-эътиқод ҳақидаги ваъз-насиҳатларини у ерга келувчи 50-60 чоғли кексалардан бошқа ҳеч ким эшитмасди. Бу собиқ шўро тузуми томонидан буюк бир миллатни маънавий қашшоқлик исканжасида ушлаб туришнинг ўзига хос услубларидан бири ҳисобланарди. Инчунин, муфтий ҳазратлари мавжуд диний ўқув муассасаларидаги таълим бериш жараёнларини тубдан ислоҳ қилиш баробарида мамлакатдаги барча матбуот нашрлари ва оммавий ахборот воситалари имкониятларидан ҳам тўлиқ фойдаланишни лозим топди.
Мен ўша пайтлар республика радиоси Ахборот бош муҳарририятининг «Оқшом тўлқинлари»да кечки хабарлар дастури бошловчиси эдим. Кўпдан буён хаёлимда пишитиб юрган режамни устозга айтдим. У киши бағоят хурсанд бўлди ва бу ишни бугуноқ бош­лаш кераклигини таъкидлади. Эрталаб телефон орқали қилинган маслаҳатимиз кечга бориб гўзал бир суҳбат тарзида эфирга узатилди. Эртаси куни раҳбариятдан миннатдорчилик эшитдим. Буни туркум суҳбатларга айлантириш керак, деган таклиф ҳам олдим.
Орадан бир неча кун ўтиб, Россиянинг Свердлов вилоятида яшаётган ўзбеклардан диний-маърифий суҳбатларни давом эттириш сўралган мактуб келди. Мен улар билан юзма-юз суҳбатлашиш ниятида хизмат сафарига отландим. Ўша ерлик ватандошларимизнинг муқаддас динимиз ва миллий қад­риятларимиз кўрсатмаларига чанқоқ қалбларидан отилиб чиққан дил сўзлари жонли эфирга узатилди.
Шу кундан эътиборан муфтий ҳазратлари студиямизнинг доимий меҳмонига айланиб, диний-маърифий суҳбатлар муаллифи сифатида жуда катта ижтимоий ғоя ва лойиҳаларни амалга оширди. Бундан ташқари, у кишининг тавсияси билан «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» ҳафталик газетасида «Жума ўгитлари» рукни очилди. «Спорт» газетасидаги туркум мақолаларда аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этувчи диний таълимотлар ёритиб борилди. Бошқа газета-журналлар таҳририятлари ҳам устоз билан яқин алоқа ўрнатиб, халқни қийнаб келаётган ижтимоий масалалар, аёлларнинг ҳақ-ҳуқуқлари, оилада ва бола тарбиясида тутган ўрни, мусулмон кишининг одоб-ахлоқи, маданияти, кийиниши, иймон-эътиқоди каби масалаларга ечим топишга беқиёс ҳисса қўшди.
Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфдаги илм­­га чанқоқлик ёшлик йилларидаёқ шаклланганди. У оилада отасидан олган дастлабки диний билимларини мустақил мутолаалар жараёнида такомиллаштириб борганди. Шу сабабли 1970 йили таҳсил жараёни 7 йил давом этадиган Бухородаги Мир Араб мадрасасининг биратўла 5-босқичига қабул қилинди. Ўқишни 3 йилда муваффақиятли тамомлагач, имом Бухорий номидаги Тошкент олий ислом маҳади (инс­титути)нинг 3-босқичида таҳсил ола бошлади. Барча фанларни мукаммал ўзлаштиргани учун бу институтни ҳам 2 йилда аъло баҳоларга битирди.
Навқирон йигитдаги юксак билим ва иқтидорни, араб тилида мукаммал сўзлашиш маҳоратини кўрган диний идора раҳбарияти уни Тошкентда олиб қолишни лозим топиб, 1975 йили «Совет шарқи мусулмонлари» журналига ишга қабул қилди. Бир йилдан сўнг йўлланма билан Ливиянинг Триполи шаҳридаги нуфузли Исломий даъват факультети номли дорилфунунга ўқишга юборди. Ўз даврининг забардаст олимларидан сабоқ олган Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ушбу таълим даргоҳининг 1980 йилги битирувчилари орасида энг юқори балл тўплади.
Устоз 1989 йилги сайловда СССР Олий Кенгаши халқ депутатлигига сайланди. Диний масалалар жилови ҳали Москванинг қўлида бўлгани туфайли у СССР Президенти Михаил Горбачёв қабулига кириб, Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари вакилларини муборак ҳаж сафарига юбориш учун квота олишга эришди. Келаси йили минтақа давлатлари тарихида илк бор 500 нафардан зиёд киши Тошкентдан Маккаи мукаррамага жўнаб кетди. Кейинги сафар уларнинг сони 2 минг нафардан ошди, уч йил давомида эса 5 минг нафарга етди.
1992 йилги ҳаж мавсумида ўнлаб таниқли шоир, адиб, санъаткор, рассом ва олимларнинг муборак сафарга бориши ташкиллаштирилди. Мен ҳам Арофатда устоз билан ёнма-ён туриб, Парвардигорга дуою илтижолар қилиш бахтига муяссар бўлдим.
Шайх ҳазратлари илм-фан аҳлини ниҳоятда эъзозларди. Ҳузурига келган турли соҳа вакилларига бир хилда илтифот кўрсатар, бировини бошқасидан устун қўймасди. Ўзи таклиф қилинган йиғин ва маросимларга 10-15 дақиқа олдин етиб борарди. Даврадаги вазиятни бир зумда англаб етар, суҳбат мавзусини шунга мослаштирар, саволларга аниқ-лўнда жавоб берарди.
Соф исломий ақидани тўғри англаб етиш ўтган асрнинг 80-йиллари охирида мамлакатимизда содир бўлаётган турли сиёсий ўйинларга чек қўйишда муҳим аҳамият касб этди. Фарғона водийсидаги сиёсий гуруҳбозлик ва жанжалларни, Паркент ва Бўка воқеаларини тинч йўл билан ҳал этишда муфтий лавозимида ишлаётган Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф катта жасорат ва жонбозлик кўрсатди.
У киши Тошкент Ислом олий маҳадига ректорлик қилган пайтларида Қуръон илмлари, ҳадис илмлари, фирқалар ва йўналишлар ҳақидаги, нотиқлик ҳақидаги фанларни ўқув дастурига киритишганди. Муфтийлик лавозимига сайлангач, диний таълим даргоҳлари ва масжидларнинг моддий-техник таъминотини яхшилашга бел боғлади. Ушбу идора ходимларининг ойлик маошини ошириш, турмуш шароитини яхшилаш, уларни уй-жой билан таъминлаш, масжид ва мадрасаларга юқори савия­­ли, билимдон мударрис­ларни жалб қилишда ўз билим ва салоҳиятидан унумли фойдаланди. Ўша даврдаги давлат раҳбарияти билан олиб борилган музокаралар натижасида илмга чанқоқ ёшлар Саудия Арабис­тони, Сурия, ­Мисрдаги нуфузли таълим даргоҳларига ўқишга юборилди.
Ҳазрат масжид ва мадрасаларнинг моддий таъминотини яхшилаш учун ҳудудларда вақф ерлари олиб, турли маҳсулотлар етиштириш орқали диний идоранинг моддий эҳтиёжини қоплаш ғоясини илгари сурди. Натижада диний идорага муайян вақф ерлари ажратилди, иссиқхоналар қурилиб, фойда келтира бошлади.
Устоз 1989-1993 йилларда диний идорага раҳбарлик қилишдан ташқари, эндигина мустақилликка эришган мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий салоҳиятини юксалтиришга ҳам муносиб ҳисса қўшди. Бир неча хорижий давлатлар раҳбарларининг ўзига бўлган эҳтиромидан Ватан манфаати йўлида фойдаланди. Шунинг самараси ўлароқ, 1992 йил бошида Ливиядаги Бутун олам Ислом даъвати жамияти бош котиби, доктор Муҳаммад Аҳмад бошчилигидаги делегация ташрифи чоғи ушбу давлат билан Ўрта Осиё республикаларида фан, таълим ва маданиятни юксалтириш, Оролбўйи ва бошқа ҳудудларда чўлларни ўзлаштириш, ер ости табиий бойликларини қидириб топиш ҳамда саноатни ривожлантириш бўйича ­лойиҳалар ишлаб чиқилди. Худди ўша йили Саудия Арабистонидаги «Хенел Индастриз» ЛТД консурсиуми ижрочи директори шайх Холид Аҳмад Али Ризо билан бўлган учрашувда имом ал-Бухорий ҳазратлари абадий қўним топган Самарқанд вилоятининг Хартанг қиш­лоғида Ислом маркази қуриш таклифи ўртага ташланди. Ҳазратнинг саъй-ҳаракатлари билан Ўзбекистонда Қувайт халқаро Ислом хайрия жамғармаси бўлими очилиб, мамлакатимиз ва қўшни давлатлар аҳолисининг турмуш маданиятини юксалтириш борасида кенг миқёсли ижтимоий лойиҳалар амалга оширилди.
Шайх ҳазратлари тақдир тақозоси билан 1993-2001 йилларда дастлаб Сау­дия Арабистонида, сўнгра Ливияда яшади. Ўша даврда «Тафсири ҳилол», «Ҳадис ва ҳаёт» асарларини ёзди. 2001 йили Ўзбекистонга қайтгач, илмий фаолиятини қизғин давом эттирди. «Ислом тарихи», «Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам», «Одоблар хазинаси», «Усулул фиқҳ», «Кифоя», «Бахтиёр оила», «Соғлом бола», «Ижтимоий одоб­лар», «Олтин силсила» туркумидаги китоблар, «Зуҳд ва ҳаё» сингари 100 дан зиёд асарлар ёзди. Улар бугунга қадар рус, қозоқ, қирғиз, қорақалпоқ, уйғур тилларига таржима қилинган.
У кишининг бош мақсади одамлар орасида исломий маърифатни ёйиш эди. Бу илм-маърифат миллат ва элат танламагани учун бутун дунё аҳлида катта қизиқиш уйғотди ва илиқ қарши олинди. Шайх ҳазратлари миллатлараро тотувлик, диний бағрикенг­лик, ўзаро биродарликка даъват этувчи асарлари билан Исломга хайрихоҳ барча давлатларда довруғ қозонди.
Алқисса, дунё олимлари томонидан «фазилатли шайх» дея тан олинди. Ислом дини таълимоти йўлидаги фидокорона хизматлари эвазига Россия, Ливия, Миср Араб Рес­публикаси каби мамлакатларнинг орден-медаллари билан тақдирланди. Маккаи мукаррамадаги Ислом олами робитаси таъсис мажлиси, Бутунжаҳон тасаввуф уюшмаси, Бутунжаҳон мусулмон уламолар халқаро уюшмаси, Бутундунё Ислом уюшмаси, Бутундунё мутафаккир уламолари йиғини ижроия қўмитаси, Иорданиядаги Олий Байт «Исломий тафаккур» қироллик академияси сингари ўнлаб нуфузли халқаро ташкилотлар аъзолигига қабул қилинди.
Шайх ҳазратлари ҳар йили муборак Рамазон ойи кириши биланоқ «Руҳий тарбия» номли туркум суҳбатларни бош­лаб юборарди. У таклиф қилинган масжидларга жуда кўп киши йиғиларди. Барча унинг суҳбатларидан юксак маънавий озуқа олар, баъзилари узоқ йиллар ўзини қийнаб келган саволларга ва турмушдаги ижтимоий муаммоларга ечим топарди.
«Руҳий тарбия» суҳбатини тинглаш учун турли вилоятлардан Тошкентга ошиқаётган одамлар сони кун сайин ортиб боришининг сабабларидан яна бири шайх ҳазратларининг ўзигагина хос бўлган, Аллоҳ таоло тарафидан у кишига инъом этилган ноёб фазилати эди. Имом ал-Бухорий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган бир ҳадисда бундай дейилади: Пайғамбар алайҳиссалом дедилар: «Агар Аллоҳ бир бандани яхши кўриб қолса, Жаброилга: «Аллоҳ фалончини яхши кўради, сен ҳам уни яхши кўр», дейди. Жаброил ҳам уни яхши кўради. Жаб­роил осмон аҳли орасида: «Аллоҳ фалончини яхши кўради, сизлар ҳам уни яхши кўринглар» деб, нидо қилади. Шунда осмон аҳли ҳам у бандани яхши кўриб қолишади. Кейин ер юзидаги ҳамма одамлар у банданинг сўзини қабул қиладиган бўлиб қолади».
Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламнинг бу ишоралари шайх ҳазратларининг ҳаёти мазмунига айланиб бўлганди. Шу боис устоз Аллоҳ таолонинг севгисига эришиш учун ўзига душманлари томонидан қилинган тажовузу туҳматларга сабр-матонат билан жавоб қайтариб келди. Жамиятга фақат эзгулик уруғини сочди. Мамлакатимизга хорижий давлатлардан суқилиб кирган, динимизга ёт бўлган турли хил ғоялар, ақидалар, оқимлар, фирқаларни соф исломий таълимот асосида батамом бартараф этишда беқиёс хизмат кўрсатди.
Афсуски, шайх ҳазратлари бугун орамизда йўқ. Аммо Аллоҳга ҳамду санолар бўлсинки, ҳар бир оилада, миллионлаб кишилар қўлида шайх ҳазратлари бугунги ва келажак авлод учун тасниф этган бебаҳо хазина – китоблар бор. Ишончимиз комилки, улар бутун мусулмон умматини тўғри йўлга солиб турган имом ал-Бухорий ва у кишининг сафдошлари қолдирган маънавий хазиналар қаторидан муносиб ўрин олади ва асрлар оша келажак авлодлар қалбини илм-маърифат нури билан ёритиб туради.

Шодиёр МУТАҲҲАРХОН ўғли