Муҳаммадвали Отақўзиев Уйчи туманидаги «Соку» маҳалласида яшайди. Отахоннинг тўрт сотихли ҳовлисида йўқ нарсанинг ўзи йўқ. Мевали дарахтлар, полиз экинлари ҳовлида барқ уриб турибди. Айниқса, ҳовлисида аскарлардек саф тортиб турган ғаройиб ёнғоқнинг янги нави кўрган кишининг эътиборини тортмай қўймайди.
«Карлик ёнғоқ» дея ном олган бу кўчатнинг ўзига хослиги шуки, йўғонлашиб кетиб, катта жойни эгалламайди, бўйи паст бўлса ҳам ғуж-ғуж мева беради. Уруғидан экиб, маҳаллий бозорга кўчат ҳолатида олиб чиқиб, яхшигина даромад олаётган отахонимизнинг ноёб паррандаларга ҳам қизиқиши баланд экан. Ҳовлининг бир четидаги катакда турли-туман паррандалар боқилаётганининг гувоҳи бўлдик.
– Шу тўрт сотих еримиз оила аъзоларимни бемалол боқади, – дейди Муҳаммадвали ота. – Экин-тикин, паррандаю даррандамдан сотганимда йилига қирқ миллион сўм даромад оламан. Болаларимга ҳам болалигидан ерни боқсанг, ер сени боқади деган қоидани сингдириб келаман ва меҳнатга бўйни ёр қилиб ўстирганим учун ҳам бугун улар қўлимдан ишимни олишди.
Наманган вилояти Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бошқармаси томонидан оммавий ахборот воситалари ходимлари ва блогерлар учун Уйчи туманига уюштирилган пресс-турда Муҳаммадвали ота сингари ўзини ўзи банд қилиб, меҳнатидан барака топаётган кўплаб оилалар билан яқиндан танишар эканмиз, уларнинг юз-кўзида, сўзида меҳнатидан нолиш аломатларини сезмадик. Сабаби – ер билан тиллашган, ғайратли киши ҳеч замон кам бўлмайди, аксинча, меҳнати орқали ҳаётини янада яхшилайверади.
Бунга туманнинг «Ҳожиобод» маҳалласида яшовчи Элдар Консеровнинг ҳаёти ҳам мисол бўла олади. У узоқ йиллардан буён асаларичилик билан шуғулланиб келади. Ҳозирда уч юздан ортиқ шогирдлари бор. Унинг экологик тоза, шифобахш асали нафақат туманда, балки вилоятда ҳам ном қозонган. Ота касбини давом эттириб келаётган бу оила ҳар йили 75 миллион сўмдан ортиқ даромад олади.
«Ҳожиобод»дан «Хўжаобод» сари отландик. Ушбу маҳаллада яшовчи Илҳомжон Тўхтамирзаев ўз хонадонини кичик кулолчилик корхонасига айлантириб, маҳалласидаги ишсиз хотин-қизларни иш билан таъминлаганига гувоҳ бўлдик. Асосан қўл меҳнати орқали яратилаётган чинни буюмларга миллий нақшлар билан жило бераётган опа-сингилларимизнинг ижодкорлиги кўпчиликнинг эътиборини тортди.
Ҳозирда ушбу кулолчилик цехида 20 турдаги чинни идишлар ишлаб чиқарилаётган бўлиб, маҳсулотлар маҳаллий бозордан ортиб, қўшни Қирғизистонга ҳам экспорт қилинмоқда.
Эътироф этишга арзийдиган яна бир намунали оилалардан бири – «Ёркатай» маҳалласидаги Болтабоевлар хонадонидир. Хонадон эгалари иссиқхонада помидор ва цитрус мевалар етиштириш асносида чорвачилик билан ҳам шуғулланаётгани таҳсинга лойиқ.
– Бугун уйчиликлар томорқа бобида вилоятда намуна бўлмоқда, – дейди Наманган вилояти Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи Аҳмаджон Аълохўжаев. – Сабаби – улар деҳқончилик ва боғдорчиликнинг ҳадисини олган. Келгусида вилоятнинг бошқа туманларида ҳам бу каби тажрибаларни оммалаштириш орқали аҳоли турмуш шароитининг янада фаровон бўлишига замин яратиш ниятидамиз.
Шунингдек, пресс-турда туман маҳаллаларидаги кам таъминланган ва эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш, «Аёллар дафтари»да турувчи опа-сингилларимизни иш билан таъминлаш ҳамда ҳудудларда янги иш ўринларини яратиш юзасидан олиб борилаётган ишлар билан ҳам таништирилди. «Навоий» маҳалласи ҳудудидаги «Dilim home textile» кичик корхонасида ишловчи 25 нафар хотин-қиз «Аёллар дафтари» рўйхатида турганлардан. Ҳозирда бу ерда эркаклар кийимлари тикилиб, маҳаллий бозорга чиқарилмоқда.
Орзугул РУСТАМОВА,
«ISHONCH»



