Тафаккур «уйча»ларига нигоҳ

195

ёхуд «Artel» компаниясининг хайрли ташаббуслари давом этади

«Китоблар замон тўлқинларида сузувчи ва ўзининг қимматбаҳо юкини авлодлардан-авлодларга авайлаб элтувчи тафаккур кемаларидир» деган эди донишмандлардан бири.

Дарҳақиқат, китоб ҳамма замонларда ҳам тафаккур ва тараққиёт қуёши бўлиб келган. Яна шуни айтиш мумкинки, китоб инсоният томонидан яратилган энг буюк мўъжиза. Зотан, китоб – қалб гавҳари, тафаккур хазинасидир. Инсон камолоти, дунёқараши кенгайишида унинг тутган ўрнини бошқа ҳеч нарса босолмайди.
Эсингизда бўлса, жамият ривожи учун улкан ҳисса қўшиб келаётган йирик корхоналардан бири – «Artel» компанияси ўтган йили пойтахтимиздаги Тошкент ботаника боғида 20 та «Китоб уйчалари»ни жойлаштириб, бу ерда дам олувчилар, сайр қилувчилар истаган китобни олиб мутолаа қилиши ва ўзидаги китобларни бошқалар билан улашиши учун имконият яратган эди.
Таъкидлаш керакки, лойиҳа шаҳримиз аҳолиси ва меҳмонлар учун китоб алмашиб ўқиш имконини беради. Яъни ушбу уйчалардан сиз ўзингиз истаган китобни олиб мутолаа қилишингиз ва ўзингиздаги китобларни у ерда қолдиришингиз мумкин. Бу лойиҳа орқали «Artel» компанияси халқимизга, айниқса, ёшларимизга илм ва тафаккур манбаини улашишни, улар билан ўзаро китоб орқали мулоқот қилишни ният қилган.
Ўшанда тадбир иштирокчилари компаниянинг китобхонликни тарғиб этишга қаратилган янги лойиҳасини илиқ кутиб олган ва уни оммалаштиришдан ҳар бир юртдошимиз манфаатдор эканини таъкидлаганди.
Афсуски, йил бошида боққа ташриф буюрганимда «Китоб уйчалари»нинг аҳволи ачинарли ҳолатга тушиб қолганини кўргандим. Қизиқишим устун келиб боғда дам олувчиларнинг базиларидан интервью ҳам олгандим.
– Ўзим талабаман, – дейди Азиза Нормуродова. – Курсдошларимиз билан атайлаб ўқиган китобларимизни олиб келгандик. Ҳолатни эса кўриб турибмиз. Бу маърифат «уйчалари»ни асрашни билмас эканмиз, бир-биримизга зиё улашишни ­ҳали-вери эплолмасак керак. Аслида маиший техника ишлаб чиқарувчи корхонанинг китобхонликка оид лойиҳаси мени жуда қизиқтирганди. Одатда уларни сотув, экспорт масалалари кўпроқ ўйлантиради, деб ўйлар эканман.
Ҳа, «Ботаника» боғидаги китоб уйчаларининг ҳолатига ҳавас қилиб бўлмай қолганди. Китоблар бир аҳволда, айримлари яроқсиз, кўп китоблар эса йўқ… «Китоб уйчалари» ҳам ачинарли ҳолатга келиб қолган: эшиклари, ойналари синган, қирилган, чизилган, бузилган…
Ўша куни боғда Ўзбекистон халқ артисти Маҳмуд Намозовни учратиб қолдим. Ва у киши билан ҳам ушбу мавзуда суҳбатлашиб, юқоридаги ҳолатлар ҳақидаги фикрини сўрадим.
– Мен бу боққа биринчи бор келишим, – деди Маҳмуд Намозов. – Рости, китоб уйчаларини кўриб, хурсанд бўлдим. Аммо китобга бўлган муносабатни кўриб, ниҳоятда хафа бўлиб кетдим. Менимча, бундай уйчаларни одамлар гавжум жойларга қўйиш керак.
Яқинда ушбу масала билан яна қизиқдим. Компания ушбу лойиҳани ўз ҳолига ташлаб қўймабди. Унинг аҳил жамоаси «Китоб уйчалари»ни таъмирлаб, аҳоли фойдаланиши учун қайта топширибди.
Айнан шу лойиҳа бўйича компания Матбуот хизмати билан боғланганимизда шундай жавоб олдик:
«Жамиятда кескин ўзгаришлар рўй бераётган вақтда давлат идоралари, ташкилот ва йирик ишлаб чиқариш корхоналари илм-фанга ҳомийлик қилиши, уларни бевосита қўллаб-қувватлаши керак. Бу жаҳон тажрибасида корпоратив ижтимоий масъулият – ташкилот ва корхоналарнинг даромад олиши билан бирга, жамият ривожига ўз ҳиссасини қўшиши, дейилади. «Artel» компанияси жамоатчилик фикрини инобатга олган ҳолда, юқорида қайд этилган лойиҳани ривож­лантириш мақсадида тез кунларда «китоб уйчалари»ни пойтахтимизнинг бир қанча манзиллари бўйлаб ўрнатишни режалаштирган».
Демак, эзгу ташаббус давом этади. Шу билан бирга, компания аҳолини ушбу лойиҳанинг моҳиятига аҳамият бериб, ундан кўзланган мақсадни чуқурроқ англашга чорлайди.
Умид қиламизки, бу сафар юқоридаги каби ҳолатлар кузатилмайди.

Баҳрона БОЛТАБОЕВА