Гекё Маринай: Ўзбекистонга келганимдан бахтиёрман

225

Албан-Америка шоири, адабий танқидчи, ношир, фалсафа фанлари доктори Гекё Маринай Ўзбекистонга келди.

Ташриф асносида Гекё Маринай “Китоб дунёси” газетаси бош муҳаррири, шоира Хосият Рустамова, АҚШда яшаб, ижод қилаётган адиб Аъзам Обидов, таржимон Шаҳноза Раҳмоновалар ҳамроҳлигида «Ishonch» ва «Ishonch-Доверие» газеталари таҳририятида ҳам бўлди.

Таҳририят жамоаси билан бўлган самимий суҳбатда томонлар ижодий жараёнлар, босма нашрлардаги мураккаб ҳолат, ўзбек адабиётининг жаҳон майдонидаги ўрни, кўҳна маданий меросимиз ва қадриятларимиз ҳақида суҳбатлашишди.

Гекё Маринай «Ishonch» ва «Ishonch-Доверие» газеталари мавзулари, йўналиши билан қизиқди. Бош муҳаррир Ҳусан Эрматов газетанинг тармоқ йўналишига ихтисослашган ҳолда ижтимоий-иқтисодий мавзуларни ҳам мунтазам ёритиб бориши ҳақида маълумот берар экан, босма нашрлар журналистларининг меҳнати ва масъулиятини алоҳида таъкидлаб ўтди.

Меҳмон ўз сўзида юртимизнинг бетакрор табиати, шу билан бирга, яқинда азим Самарқанд шаҳрида зиёратда бўлгани, Самарқанд минораларидаги ноёб рангтасвирдан ҳайратланганини ҳам айтиб ўтди.

Бадиий ижод ҳақидаги фикр алмашув чоғида эса юртимиздан чиққан забардаст ёзувчилар Ойбек, Абдулла Қодирий ҳақида гапирар экан, бу замин қалами ўткир, забардаст ёзувчилар, адибларни улғайтирган юрт эканини эътироф этди.

Гекё Маринай суҳбат асносида “Агар менга Нобель мукофотини олиш насиб этса, Ўзбекистон ёзувчи ва шоирларидан тавсия қилган бўлардим. Чунки Нобель мукофоти лауреатлари ўз йўналиши бўйича номзод кўрсатиш ҳуқуқига эга” деди.

Самимий мулоқот руҳида ўтган учрашув ўзбек-жаҳон адабиёти ва журналистикаси билан дўстона муносабатларнинг янада мустаҳкамланишига замин бўлди.

Меҳмонларга таҳририят жамоасининг 2021 йилда чоп этилган “Бир сўз” ҳамда “2021 факт ва далиллар, мулоҳаза ва мунозара, танқид ва таҳлил, талқин ва хулосалар…” китоблари тақдим этилди.

Гекё Маринай “Mundus Artium Press” нашриёти директори, “Mundus Artium” жаҳон адабиёти ва санъат журнали муҳаррири бўлиб, халқаро “Женима” мукофоти қўмитасига раислик қилади.

“Женима” мукофоти 2004 йил “Инсоният манфаатлари йўлида битилган улуғвор сўзнинг юксак руҳи ва қудратига миннатдорлик ифодаси” сифатида ташкил этилган.

Ушбу нуфузли мукофот инсониятнинг бугунги тарихида ўчмас из қолдирадиган ва унинг унутилмас бўлагига айланадиган, кўзга кўринган бирор-бир адабий иш ёхуд кўп эътирофларга мушарраф бўлган асар учун ҳар йили жаҳоннинг янгидан-янги адибларига топширилади.

Мазкур мукофотга бу йил халқаро ҳайъат аъзолари розилиги билан Марказий Осиё давлатлари ичида биринчи бўлиб ўзбекистонлик таниқли адиб Қўчқор Норқобил муносиб кўрилди.

Ушбу мукофотни топшириш маросими Тошкентда бўлиб ўтди.

Зебо Намозова,

ishonch.uz